Янги Ўзбекистон ислоҳотлари халқимизга тинч ва осуда ҳаёт кечириши учун яхши шароит яратиб беришни кўзлайди. Шу эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган, инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган янгиланишлар халқимиз турмуши янада юксалиши, мамлакатимиз ободлиги ва тараққиётини таъминлаш, давлатимизнинг дунё ҳамжамиятида обрў-эътиборини юксалтириш ва ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда юксак самаралар бермоқда.

Таъкидлаш жоиз, ўтган вақт давомида раҳбарлар халқ ичида юришга, фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвишини тинглашга ўрганди. Бу аҳоли яшаш шароитлари тубдан яхшиланишига, турмуши фаровонлашишига сабаб бўлди. Энг муҳими, аҳолининг кайфияти, дунёқараши ва ҳаётга муносабати ўзгариб, эртанги кунига мустаҳкам ишонч пайдо бўлди.

Шу билан бирга, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик, расмиятчилик ва бефарқ муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш чоралари кўрилди.

Шунингдек, секторлар тизими жорий қилиниши давлат органларини аҳолига яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда. Жамиятда камбағаллик ва ишсизликка барҳам бериш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” жорий қилинди. Бу тизим фуқароларимиз ҳаётида ўз самарасини бермоқда. Жойларда ушбу дафтарларга киритилган фуқароларга ер берилиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун субсидиялар, имтиёзли кредитларнинг ажратилиши уларнинг турмуши яхшиланишига, ҳаёти фаровонлашишига ва энг муҳими ўзини ўзи банд қилишига омил бўлмоқда.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев вазифасига киришган илк паллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжи жуда юқори эди. Давлатимиз раҳбари одамларнинг уй-жой билан боғлиқ жуда кўплаб мурожаатларини эътиборга олиб, аҳолини уй билан таъминлаш чораларини кўрди. Инсонларни энг кўп ташвишга солаётган уй-жой масаласи давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Халқимизда “Уйи борнинг ўйи бўлмайди” деган мақол бор. Бу бежиз айтилмаган, албатта. Зеро, одамларнинг уй-жой билан таъминланганлик даражасидан қониқиш ҳисси оилавий бахт-саодатга элтувчи асосий омилдир. Натижада янги Ўзбекистон улкан қурилиш майдонига айланди. Айниқса, аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича замонавий тизим яратилди.

Бугун мамлакатимизда фуқароларнинг уй-жой шароити тубдан яхшиланаётгани, шаҳар ва қишлоқларда янги турар жойлар қуриш суръати ва кўлами жадаллик билан кенгайиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз. Қурилиш ишлари нафақат азим пойтахтимизда, балки ҳудудларда ҳам жадал тус олди. Бунинг натижасида бугун чекка-чекка қишлоқларимиз ҳам ўзгача қиёфага кириб, шаҳардан қолишмайдиган ажойиб манзиллар бунёд этилди. Ўтган тўрт йилда давлат дастурлари асосида 140 минг ёки йилига ўртача 35 мингдан зиёд уй-жой барпо этилди. Натижада узоқ йиллар бошпанасиз бўлган юзлаб, минглаб оилалар шахсий уйига эга бўлди.

Уй-жой масаласини ҳал этиш юзасидан келгусида ҳудудларда 1 миллиондан ортиқ аҳоли учун барча қулайлик ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд қилиниши, “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари изчил давом эттирилиши йиллар давомида ижарама-ижара, сарсон-саргардон юрган минг-минглаб инсонлар қалбига ишонч туйғусини олиб кирди.

Шу билан бирга, халқимизни ҳаётдан рози қилишнинг, юртимиз янги қиёфасини яратишнинг энг самарали механизмларидан бирига айланиб улгурган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида мамлакатимизнинг кўплаб қишлоқ, маҳалла ва овулларидаги миллионлаб инсонлар ҳаётида туб ўзгаришлар рўй бермоқда.

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида улардаги йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, уй-жойлар таъмирланди, ичимлик сув ва электр энергияси тармоқлари янгиланмоқда.

Мамлакатимизда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, халқ саломатлиги, миллат генофонди мустаҳкамлиги шу давлатнинг катта бойлиги саналади. Шу мақсадда, ижтимоий ҳимоя қилиш ва фуқаролар соғлиғини сақлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш, соҳага янги бошқарувни жорий қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Мавжуд куч ва воситаларни жалб қилган ҳолда, энг аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тиббий профилактика ва патронаж тизимининг мутлақо янги тизимини жорий қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва аҳоли саломатлигини таъминлашнинг маҳаллалар ва аҳоли хонадонлари даражасигача қамраб оладиган яхлит тизим яратилмоқда.

Шунингдек, ўтган давр мобайнида ўқитувчининг мавқеини юксалтириш, устоз-муаллимларга муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида педагог ходимларнинг иш ҳақи босқичма-босқич ошириб борилмоқда. Ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятини тўғри йўналтириш, умумтаълим фанларини ўқитишнинг бутунлай янгича услубига ўтилди.

Эътиборли томони, халқ билан мулоқот нафақат юртимизда яшаб турган фуқаролар билан, балки адашиб, ёмон йўлга кириб қолган ватандошларимиз ҳам дарду-ташвиши тингланиб, уларга нисбатан кечиримли бўлиш, инсонийликнинг энг юксак намунасини кўрсатиш давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим ислоҳотларидан бири бўлди. Мамлакатимиз тарихида илк бор амалга оширилган “Меҳр” операцияси доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан кўплаб фуқароларимиз, асосан, аёллар ва болалар Ватанимизга олиб келинди.

Маълумки, юртимизда узоқ йиллар давомида яшаган кўплаб инсонлар ва уларнинг фарзандлари расмиятчилик билан боғлиқ турли мушкулликлар сабаб Ўзбекистон фуқаролигини олиш муаммосига дуч келган. Бу уларнинг нафақат ўз тақдири, балки фарзандлари тақдиридан хавотирланишига ҳам ҳақли сабаб эди. Давлатимиз раҳбари уларнинг мурожаатлари ва муаммоларини эътиборсиз қолдирмай, бу муаммога ҳам ечим топиши натижасида фуқаролиги йўқ 70 мингга яқин юртдошимиз Ўзбекистон фуқаролигини олишдек бахтга мушарраф бўлди. Шу билан бирга, мамлакатимизда амалга оширилган прописка тизими ислоҳотлари билан аҳолини доимий рўйхатга олиш тартиб-таомиллари либераллаштирилди. Муаммоларнинг бирин-кетин ҳал этилиши халқимиз ҳаётидан розилигига, бахтли яшашига сабаб бўлмоқда.

Халқ билан мулоқотнинг самарали тизимини яратиш, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари билан шуғулланиш мақсадида мамлакатимиздаги барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари бугунги кунда ўз фаолиятини олиб бориб, халқимиз бу институт бежиз ташкил этилмаганини ўз ҳаётида ҳис қилмоқда. Улар бугунги кунда маҳаллаларда юриб, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган фуқароларга жой масаласини ҳал қилиш, субсидия ва кредит маблағларини олишда фуқароларга энг яқин кўмакчи вазифасини бажармоқда.

Албатта, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг жамоатчилик, аҳолининг таклиф ва талаб, тавсиялари асосида амалга оширилмоқда. Чунки янгиланаётган Ўзбекистонда ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатишга бўлган конституциявий ҳуқуқи амалда таъминланаётгани халқаро ҳамжамият эътирофига тушди.

Хусусан, Президент талаби билан давлат бошқаруви органлари фаолиятидаги “ёпиқ эшиклар” очилиб, шаффофлик таъминланиши натижасида, айниқса, аҳолининг ўзи хоҳлаган мавзуда танқидий фикрларини эмин-эркин билдиришига очиқ майдон яратиб берилди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 11-мақсадида Халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини такомиллаштириш муҳим вазифа сифатида илгари сурилди. Халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш, давлат органларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини рақамлаштириш, мурожаатларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Энг асосийси, “Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт” ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи “Халқчил давлат” миллий дастури ишлаб чиқиш белгиланди.

Аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва давлат органлари ҳисобдорлиги соҳасидаги кўрсаткичини яхшилашда қабул қилинаётган муҳим қарорлар юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш, уларнинг бу борадаги ташаббусларини аниқлашга қаратилган махсус онлайн платформалар имкониятларидан фойдаланиш ижобий натижа бериши мумкин. Ҳозирги вақтда бундай ресурслардан бири jamoatchilik.uz онлайн платформаси бўлиб, у фуқаролар ва кенг жамоатчиликнинг ислоҳотлар ва муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш, давлат идоралари фаолияти очиқлигини, уларнинг аҳоли олдида ҳисобдорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган. Ушбу ресурс орқали қонунчилик, давлат ва ҳудудий дастурлар, шунингдек, долзарб воқеа ва ҳодисалар юзасидан таклифлар билдириш имкониятлари мавжуд.

“Mening fikrim” веб-портали ҳам юқорида айтиб ўтилган мақсадларда яратилган. Веб-портал орқали Олий Мажлис палаталари, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига муҳим қарорлар юзасидан таклифларни жамоавий мурожаат шаклида билдириш имконияти яратилган. Веб-порталда мурожаатларни йўллаш, жойлаштирилган мурожаатлар билан танишиш, жойлаштирилган мурожаатларга овоз бериш, жамоавий мурожаатларнинг ҳолати ва натижалари ҳақида маълумот олиш имкониятлари мавжуд.

Маълумки, бугунги кунда анъанавий ахборот воситалари билан бирга интернет, ижтимоий тармоқлар жамоатчилик фикрини шакллантиришда катта роль ўйнамоқда. Жамоатчилик фикрини ташкиллаштириш, жамият ижтимоий ҳаётида бирламчи омил ҳисобланади. Уни бошқариш давлат тараққиётини кўрсатувчи ички тузилмадир, назорат қилиб бориш эса, давлат ва жамоатчилик фикри ўртасидаги муҳим бўғин бўлиб, жамиятдаги тинчлик, тотувлик, барқарор ривожланишнинг кафолатидир.

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати