Дунё харитасида бундан 32 йил муқаддам янги суверен ва мустақил давлат, кўп миллатли Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлди. Шу кундан бошлаб халқимиз Ватани, тақдири ва келажагига эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Мустақил ривожланиш йўлига тушиб олди ва кенг кўламли ислоҳотлар қилиш имкониятига эга бўлди. Хусусан, яқин йиллардаги тараққиёт натижасида Ватанимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги давр бошланди.

Бу вақт мобайнида барча соҳа ва тармоқларни янги босқичга олиб чиқиш стратегияси ишлаб чиқилди ва изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси том маънода халқимизнинг орзу-истакларини, ҳаётий эҳтиёж ва заруратлари ижобатига хизмат қилувчи дастуруламал ўлароқ вужудга келди. Айни пайтда мамлакатимиз “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган ғоянинг инсонпарвар мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган ҳолда ривожланиш йўлида изчил давом этмоқда. Шу тариқа Тараққиёт стратегиясининг иқтисодиётга оид жиҳатлари ҳам бир қанча йўналишларда рўёбга чиқмоқда.

Биринчидан, Тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатини таъминлаш бўйича бир қанча вазифалар белгиланган. Бунда иқтисодиёт тармоқларини жадал тараққий эттириш учун тадбиркорликка кенг йўл очиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки бу йўл мамлакатимиз учун ўта зарур бўлган янги иш ўринлари яратиш орқали камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга эришишнинг муҳим омилига айланди. Бунинг учун миллий иқтисодиётда юқори ўсиш суръатини таъминлаш бўйича 15 та мақсадда жамланган вазифалар белгиланди.

Иккинчидан, иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳимларидан бири сифатида иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатини таъминлаш орқали келгуси беш йилда (2022–2026 йиллар) аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш учун замин ҳозирлаш вазифаси қўйилган.

Учинчидан, миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ва ялпи ички маҳсулотда саноат улушини оширишга қаратилган сиёсатни давом эттириб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 баробар ошириш зарур бўлмоқда. Шу туфайли саноатнинг етакчи тармоқлари ва иқтисодиётни янада либераллаштириш ҳамда трансформация жараёни тизимли равишда амалга оширилмоқда. Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2023 йилнинг 1 июль ҳолати бўйича юртимизда фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари сони 69 минг 628 тага етган. Бу фаолият юритаётган жами корхоналарнинг 14,6 фоизини ташкил этади. Мамлакатимизда саноат корхоналари сони кўп бўлмаса-да, етарли даражада маҳсулот ишлаб чиқариш билан бирга экспорт қилиш орқали ушбу соҳада ҳам Ўзбекистонни дунёга танитмоқда.

Тўртинчидан, ўта долзарб яна бир муҳим масала энергия ресурслари бозорини аҳоли ижтимоий ҳимоясини кафолатлаган ҳолда эркинлаштиришга қаратилган. Бу борада ҳам кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Соҳага хусусий инвестицияни кенг жалб қилиш ҳамда эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий ҳимоялаш учун истеъмол меъёрларини киритиш масаласи ҳам босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини нефть-газ маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистон экспортида энергетика ва нефть маҳсулотлари 6-ўринда бўлиб, шу даврда қиймати 619,6 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот сотилган.

Бешинчидан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш глобал муаммолардан бирига айланган. Бу масала бизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Шу туфайли озиқ-овқат саноатини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган ва тизимли равишда бажарилмоқда. Юртимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг салмоқли қисми уй хўжаликларида етиштирилади. Шу туфайли йирик саноат тармоқлари ва ҳудудий корхоналар ҳамда аҳоли ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш масаласи кун тартибидаги вазифалар сирасига киради.

Ушбу жараён самарадорлигини ошириш учун саноат тармоқларида меҳнат унумдорлигини, қишлоқ хўжалиги корхоналарида ҳосилдорликни ошириш, аҳоли ўртасида масъуллик ҳиссини юксалтириш юзасидан ҳам тегишли ишлар қилинмоқда. Натижада тўйиб овқатланмайдиганлар улуши рейтингида Ўзбекистонга тааллуқли маълумотлар ижобий томонга ўзгарди. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО) маълумотига кўра, бу борадаги кўрсаткич 2020 йилда 6,3 фоизни ташкил қилган эди.

Олтинчидан, иқтисодиётда геология-қидирув ишлари ҳажмини кескин ошириш, соҳага хусусий инвесторлар ва илғор хорижий компанияларни кенг жалб қилиш масаласи устувор вазифалардан бирига айланган. Истиқболли майдонларда геология-қидирув ва қазиб олиш ишларига шаффоф механизмлар асосида маҳаллий ва хорижлик инвесторлар кенг жалб қилинмоқда. Яна бир муҳим масала иқтисодиётимиз учун зарур минерал хомашё базасини кенгайтиришдан иборат. Бу чора-тадбирларнинг муҳим йўналишларидан бири геология соҳасида замонавий таълим стандартларини кенг жорий этган ҳолда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш ҳамда илмий тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этишдир. Шу туфайли мамлакатимиз олимлари катта ҳажмдаги лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Еттинчидан, Тараққиёт стратегиясида иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда “яшил” иқтисодиёт технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоиз ошириш эвазига 2026 йилга бориб электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини қўшимча 30 миллиард киловатт соатга ошириб, жами 100 миллиард киловатт соатга етказиш вазифаси белгиланганди. Бу иқтисодиётга катта самара келтиради. Хусусан, 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш имконияти яратилади.

Саккизинчидан, юртимизда автомобиль саноатини ривожлантириш борасида муайян тажриба тўпланди. Мазкур соҳада кооперацияни янада ривожлантириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 баробар, экспорт ҳажмини 2 баробар кўпайтириш ҳамда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш масаласида тегишли ишлар қилинмоқда. Чирчиқ шаҳрида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ишлаб чиқаришини ягона саноат кластери усулида ташкил этиш борасидаги ишлар фикримиз тасдиғидир.

Мамлакатимизда электромобиллар ишлаб чиқариш ва фойдаланиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Шу билан бирга, уй-жой коммунал хўжалиги, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда ушбу чора-тадбирлар “яшил” иқтисодиёт билан қўшиб олиб борилганда иқтисодиёт тармоқлари ҳавога чиқарадиган зарарли газ ҳажмини бир бирлик ялпи ички маҳсулот ҳисобида 10 фоиз қисқартиришга эришилади. Бу ҳам атмосферанинг экологик тозалигига хизмат қиладиган стратегик аҳамиятга эга чоралардандир.

Тўққизинчидан, мамлакатимизнинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни асосий драйвер соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 баробар оширишга қаратилган ишларни бажариш кўзда тутилган эди. Шу туфайли рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш орқали барча аҳоли масканлари ва ижтимоий объектлар ҳамда автомобиль йўлларини кенг полосали уланиш тармоқлари билан қамраб олиш юзасидан жадал ишлар қилинмоқда. Чунки иқтисодиётнинг реал сектори ҳамда банк-молия соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларни рақамлаштириш даражасини 2026 йил якунига қадар 70 фоизгача ошириш кўзда тутилган. Натижада дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 баробар, экспортини эса 10 баробар ошириб, 500 миллион АҚШ долларига етказиш масаласи устида иш олиб борилмоқда.

Ўнинчидан, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт юксалишида инвестициянинг ўрни беқиёс. Шу туфайли инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва жозибадорлигини ошириш, келгуси беш йилда 120 миллиард АҚШ доллари, жумладан, 70 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш чоралари кўрилмоқда. Бу борада инвестициядан самарали фойдаланиш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш бўйича “пастдан юқорига” тамойили асосида янги тизим йўлга қўйилмоқда.

2026 йилгача мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш стратегиясини амалга ошириш юзасидан кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Айнан давлат-хусусий шериклик асосида энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, экология, коммунал хизматлар, сув хўжалиги ва бошқа соҳаларга 14 миллиард АҚШ долларига тенг инвестиция жалб этиш кўзда тутилган. Ушбу вазифаларнинг изчиллигини таъминлаб туриш учун ҳар йили Тошкент халқаро инвестиция форумини ўтказиб бориш масаласи кун тартибига қўйилган.

Ўн биринчидан, экспорт салоҳиятини ошириш Тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан. Ушбу йўналиш орқали 2026 йилда мамлакатимиз экспортини 30 миллиард АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган. Бунга эришиш учун ташқи бозор ва халқаро талабларга жавоб берадиган стандартларни жорий этиш ҳамда машҳур брендларни жалб қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу жараёнда хусусий сектор имкониятларидан самарали фойдаланиш эвазига унинг экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш масаласи қўйилган.

Экспортни ривожлантиришда экспортчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали маҳаллий саноат тармоқларининг экспорт салоҳиятини ошириш лозим бўлмоқда. Шу ўринда автотранспорт воситалари экспортини 3 баробар ошириш ва 1 миллиард АҚШ долларига етказишнинг ўзи ҳам келгусидаги имкониятларимиз етарли эканидан далолат бериб турибди.

Ўн иккинчидан, Тараққиёт стратегиясида маҳаллий корхоналар ишлаб чиқарган маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилишга кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш ҳисобига экспортчи корхоналар сонини ҳозирги 6 минг 500 тадан 15 мингтага, товарларнинг экспорт географиясини 115 мамлакатдан 150 тага етказиш кўзда тутилган. Ушбу вазифаларнинг бажарилишида туризм, транспорт, ахборот-коммуникация, жумладан, дастурий таъминот ва бошқа хизматлар экспорти муҳим роль ўйнайди.

Шуларни инобатга олиб, ушбу соҳанинг самарадорлигини 2026 йилга қадар 1,7 баробар ошириш ёки 4,3 миллиард АҚШ долларига етказиш вазифаси белгиланган. Бунга эришиш учун экспортчи корхоналарга кўрсатилаётган ташкилий ва молиявий ёрдам бериш тизими изчил такомиллаштирилмоқда. Натижада экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажми 3,3 баробар кўпайиб, Европа давлатларига GSP+ тизими доирасида тайёр маҳсулот экспортини кенгайтириш юзасидан кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.

Мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти” ғояси асосида 200 экспортчи очиқ танлов асосида саралаб олиниб, фаолият кўрсатмоқда. Улар келгусида етакчи экспортёрларга айлантирилади. Бу борада экспортёрлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Яна бир муҳим жиҳат, қўшни давлатлар билан чегара ҳудудларда эркин савдо зоналари фаолияти йўлга қўйилади.

Ўн учинчидан, иқтисодиётнинг драйвери бўлган туризм соҳаси ҳам охирги йилларда мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Бунда туристик объектларни ва инфратузилмаларни сайёҳларга хизмат кўрсатишга мослаштириш, уларга сайёҳларни жалб қилиш ҳамда мамлакатимизда бўлиш муддатини узайтириш мақсадида тарихий-маданий, зиёрат, экологик, этнологик, гастрономик, маданий-маърифий, археологик, соғломлаштириш ва қишлоқ хўжалиги туризмини ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Натижада турли давлатлардан келган сайёҳлар сони қисқа муддатда жуда тез ўсган. Биргина мисол, яқинда туристик алоқалар йўлга қўйилган Италиядан сайёҳлар оқими қарийб 5 баробар ошган. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январь-апрель ойларида Италиянинг 5 мингдан зиёд фуқароси туристик мақсадда Ўзбекистонга келган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даври билан солиштирганда 3 минг 953 нафар ёки 4,8 баробар кўп демакдир.

Ўн тўртинчидан, камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини оширишда тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароит яратиш масаласига алоҳида аҳамият берилмоқда. Ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича мавжуд тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ҳам тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда. Тараққиёт стратегиясида хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80, экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий секторга кенг йўл очиш орқали иқтисодий муносабатларда эркин бозор тамойилларини жорий этишни кенгайтиришга эришилади. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 1 июль ҳолатида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони 477 минг 722 та (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) бўлиб, шундан 67 минг 516 таси хусусий корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда. Буларнинг улуши 14,1 фоизни ташкил қилади. Келгусида уларнинг улуши кескин ошиб боради.

Ўн бешинчидан, қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали қишлоқ аҳолиси фаровонлигини юксалтириш кўзланган. Бунда деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баробар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун қишлоқ жойларда, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида янги иш ўринлари яратиш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Соҳа ривожида илм-фан ва инновацияга асосланган агрохизматлар кўрсатиш тизими аҳамиятидан келиб чиқиб, уни такомиллаштириш масаласи устувор аҳамиятга эга. Аммо айрим туманларнинг ўзига хос хусусиятлари етарли даражада ўрганилмаган ва аниқ маҳсулот турини етиштиришга ихтисослаштириш учун етарли далиллар шакллантирилмаган. Шу туфайли ушбу масалани изга солиш учун ҳам илм-фан ютуқларидан фойдаланилади. Бунинг учун нуфузли халқаро илмий марказлар ва олий таълим муассасалари билан биргаликда Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил этиш кўзда тутилган. Аграр соҳада илм-фан ва амалиёт интеграциясини чуқурлаштириш, аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиши учун шароит яратиш, шу тариқа агросаноат корхоналарини хомашё билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар ошириш режалаштирилган. Қишлоқ хўжалигида давлатнинг қўллаб-қувватлов кўламини кенгайтириш орқали экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, интенсив боғлар майдонини 3 баробар ва иссиқхоналарни 2 баробар кўпайтириб, экспорт салоҳиятини яна 1 миллиард АҚШ долларига ошириш устида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Агрологистика марказларини ривожлантириш ва замонавий лабораториялар сонини кўпайтириш билан бирга уруғчилик ва кўчат етиштириш бўйича миллий дастурни амалга ошириш масаласи кун тартибидаги долзарб масалалардан.

Ўн олтинчидан, сув ресурслари билан боғлиқ муаммолар кескинлашаётгани туфайли ушбу масалага етарлича эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши натижасида кузатилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида сув ресурсларига муносабатни ўзгартириш зарурати ошмоқда. Сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни тежаш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш натижасида камида 7 миллиард куб метр сувни тежаш кўзда тутилган. Бунга эришиш учун сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмоли камайтирилади.

Соҳада самарадорликка эришиш учун сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш мақсадга мувофиқ. Бугун сув ресурсларини бошқариш, уларнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда сув муносабатларини янада такомиллаштириш объектив заруриятга айланди. Бу эса сувдан тежамли ва самарали фойдаланиш юзасидан мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириш кўзда тутилганидан далолат. Шунга қарамай, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш, сув танқислиги шароитида истеъмолчилар ўртасида сув тақсимлаш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда сувдан фойдаланиш самарадорлиги пастлигича қолмоқда. Ушбу ҳолат, ўз навбатида, сув ресурсларини самарали бошқариш, уларнинг ҳисоби ва ҳисоботини тўлақонли юритиш, сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни такомиллаштириш ҳамда ушбу жараёнга хусусий секторни кенг жалб қилиш масаласини ҳам қараб чиқишни тақозо этаётир.

Тараққиёт стратегиясида юртимиз аҳолисининг ичимлик сув билан таъминланганлик даражасини 87 фоизга етказиш, 32 та йирик шаҳар ва 155 та туман марказида оқова сув тизимини янгилаш масаласи қўйилган. Бу борада тизимли ишлар қилинмоқда. Энди сув таъминоти қувурларидаги сув сирқиш нуқталарини сунъий йўлдош технологияси орқали масофадан зондлаб аниқлаш ва таъмирлашга замонавий технологиялар жорий этилиши кўзда тутилган.

Тарихан қисқа вақтда халқимизнинг фидокорона меҳнати ва қатъияти билан амалга оширилган ислоҳотлар натижасида миллий ўзлигимиз, асл қадриятларимиз, қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз ва анъаналаримизга асосланган янги Ўзбекистон тикланмоқда. Давлат ва жамият ҳаётининг туб асослари ўзгариб, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида муносиб ўрнига эга бўлиб бормоқда.

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

Мурод МУҲАММЕДОВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти

профессорлари, иқтисодиёт фанлари докторлари