Ўзбекларда одат бор: тўй, албатта, уй-жойни таъмирлаш, янги бино қуриш, кўча-кўйни тозалашдан бошланади. Шундай ҳаракатли қўшнисини кўрган инсон биладики, у тўй тараддудига тушган.
* * *
Август ойи мустақиллигимизнинг 35 йиллик шодиёнасига ҳамоҳанг бошланди ва бутун ой шундай давом этди. Президентимизнинг Хоразм вилоятига ташрифидан қиёс.
Давлатимиз раҳбари 17 август куни ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш, аҳоли вакиллари ва тадбиркорлар билан мулоқот қилиш мақсадида ушбу вилоятга келди.
“Очиқ осмон остидаги музей”дек бебаҳо тарихий меросга эга ушбу диёрнинг туризм салоҳияти ўта юқори. Аммо узоқ йиллар ҳудуднинг бундай ўзига хослигидан унумли фойдаланилмади. Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари сингари пахта-ғалла етиштириш билан шуғулланган, қишлоқ хўжалиги, камтарона саноатга эга вилоят йил сайин иқтисодиёти оғирлашиб бораётган манзиллардан бирига айланарди. Аҳоли эса камбағаллашиб борарди. Сабаби, Хоразмни обод қилиш, аҳолиси фаровонлигини оширишга индивидуал ёндашув бўлмаган.
Ҳудуд аҳолисининг камбағаллик даражаси бу муаммо илк бор тан олиниб, уни бартараф этишга киришилганида 35 фоиз, Хоразмга келувчи сайёҳлар эса 16 минг кишини ташкил этгани ҳам у ердаги вазиятнинг аслини кўрсатувчи рақам. Қисқа фурсатда вилоятда камбағаллик даражаси 3,9 фоизга тушди. Яъни аввал ҳар уч одамдан бири камбағал бўлган бўлса, бугун бу кўрсаткич ўн баробар камайди.
Хўш, бунга қандай эришилди? Ҳудудда туризм ривожлантирилди. Бугун вилоятга кунига 8 мингдан кўпроқ, йилига 3 миллиондан ортиқ сайёҳ келиши режалаштирилмоқда. Атиги ўн йил олдин йилига ўн мингдан ортиқ хорижий сайёҳ келган бўлса, бугун кунига шунча, йилига эса миллионлаб туристлар ташриф буюрмоқда.
Хоразм ўз-ўзидан сайёҳлар учун бу қадар жозибали манзилга айланиб қолмади. Аввало, ҳудуднинг ўзига хос тарихи ва бугунги замонавий қулайликлар бунга замин ҳозирлади. Охирги тўққиз йилда
11 та янги туризм маскани иш бошлади. 280 та меҳмонхона ва меҳмон уйи қурилиши ҳисобига меҳмонхона фонди 4 баробар ортди, ҳудудда 11 та янги туризм маскани ишга туширилди.
Масалан, ўтган йили 25 гектар паст унумли, шўрхок майдонда “Арда Хива” ноёб меъморий лойиҳаси амалга оширилди. У бугун Хоразмнинг энг кўп сайёҳ ташриф буюрадиган мажмуаларидан бири.
Вилоятда туризм ривожига энг катта тўсиқлардан бири транспорт инфратузилмаси шаклланмагани эди. Бугунги кунга келиб Хоразмга истасангиз поезд, истасангиз самолёт ёки автомобиль йўли билан боринг, барча қулайликлар яратилган. Хусусан, Тошкент — Хива — Тошкент йўналишида “Жалолиддин Мангуберди” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилгани сайёҳларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилмоқда. Янги поезд соатига 250 километргача тезликда ҳаракатланиб, 14 соатли йўлни 7,5 соатда босиб ўтмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташриф давомида вилоят масъуллари олдига янги вазифа, кейинги маррани қўйди. Яъни йил охирига қадар вилоятни камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, аҳолини тўлиқ иш билан таъминлашга эришиш мақсад қилинди. Албатта, бунга эришиш учун керакли чора-тадбирлар ҳам белгилаб олинди.
Президентимиз иштирокида вилоятда 176 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилгани тўйга ўзига хос тўёна бўлди. Шунингдек, хорижлик ҳамкорлар иштирокида 7 миллиард 424 миллион долларлик 15 та янги қувват қурилишига старт берилди. Бу лойиҳалар, албатта, вилоятнинг иқтисодий барқарорлиги ҳамда аҳоли фаровонлигига салмоқли ҳисса қўшади.
Юқорида бежиз халқимизда тўй бунёдкорликдан бошланади, демадик. Хоразмда бошланган янги лойиҳаларни ишга тушириш маросими юртимиз бўйлаб кенг ёйилди, республика миқёсидаги катта шодиёнага айланиб кетди.
Жумладан, 25 август куни мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда 163 та янги объектни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари ҳудудлардаги студияларга йиғилган кенг жамоатчилик вакилларини, улар орқали бутун халқимизни байрам билан табриклади ва янги объектларни ишга туширишдан олдин охирги ўн йилликдаги бунёдкорликларни бир қур ёдга олди. Сўнгги ўн йил мамлакатимиз тарихида янги Уйғониш даври — Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш босқичи сифатида тарихга абадий муҳрланишини қайд этди.
Ушбу даврда, шунингдек, иқтисодиётимиз ҳажми 2,5 баробардан зиёд ошиб, иқтисодиёт тармоқларига 160 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилингани алоҳида эътиборга молик.
Янги ўқув йили арафасида ижтимоий соҳада ҳам кўплаб замонавий объектлар, жумладан, 36 та болалар боғчаси, 43 та мактаб, 7 та олий таълим муассасаси ва 3 та шифохона фойдаланишга топширилди.
Янги Тошкент ҳудудидаги 30 минг квадрат метр майдонга эга беш қаватли янги Миллий кутубхона, Қарши шаҳрида Иқтисодиёт ва педагогика университетининг 400 миллиард сўмлик замонавий бино ва иншоотлари, Фарғона вилоятидаги янги замонавий тиббиёт муассасаси бутун Ўзбекистон аҳли учун ҳақиқий тўёна бўлди.
* * *
Хива шаҳрида Президентимизнинг тадбиркорлар билан 18 август куни ўтказилган навбатдаги очиқ мулоқотида 500 дан ортиқ ишбилармон ҳамда биринчи маротаба туман студияларидан 25 мингга яқин тадбиркор иштирок этди.
Бундай очиқ мулоқотлар охирги йиллардаги шиддатли тараққиётимизнинг тамал тошидир. Дунёда энг қийин юмуш эшитиш, дейишади. Давлатимиз раҳбари ўз фаолиятини худди мана шу ишдан — фуқаролар ва ишбилармонлар дарду ташвиши, жамият тараққиёти учун тўсиқ бўлаётган муаммоларни эшитишдан бошлади. Мулоқотнинг энг асосий талаби гапириш, нутқ ўқиш эмас, эшитишдир. Зеро, муаммоларнинг ечими айни мулоқотлардан чиқарилган хулосаларда яширинган бўлади.
Охирги беш йилда тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотларда бизнес ривожига тўсиқ бўлган минглаб масалаларга ечим топилгани ҳам фикримизни исботлайди. Ўтган давр мобайнида мулоқотлардан келиб чиққан хулосалар натижасида 84 та қонун, 861 та фармон ва қарор қабул қилиндики, бу ҳужжатлар ишбилармонларнинг эркин фаолиятига, давлатимизнинг иқтисодий юксалиши, халқимиз ҳаёти фаровонлашишига катта замин яратди.
Назаримда, илгари айни муаммоларни ҳамма бир стол атрофида ўтириб муҳокама қилмагани муаммолар ортиши, жамият тараққиётдан ортда қолиши, ишбилармонлар фаолияти ривожланмаслигига сабаб бўлган. Улардан ҳеч ким муаммосини, ташвишини, ҳол-аҳволини сўрамаган. Бундан эса ҳамма бирдек зарар билан чиққан, давлат иқтисодиёти ночорлашган, тадбиркорлар эса бизнесини тўхтатишга мажбур бўлган. Буни самимий очиқ мулоқотда “маска шоу”лар ҳақидаги хотиралар эсланишидан ҳам англаш қийин эмас.
Кейинги йиллардаги туб ўзгаришлар натижасида бугун солиқчи оддий қарз ундирувчи эмас, тадбиркорга кўмакчи бўлди, банк-молия тизими мададкор, давлат эса уларнинг энг яқин сирдошига айланди. Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратилмоқда. Бундан эса барча бирдек фойда кўрмоқда. Тадбиркор фаолиятини кенгайтириб, маҳсулотини жаҳон бозорига олиб чиқмоқда. Аҳоли ишли бўлиб, рўзғори бутланяпти. Давлатнинг иқтисодий салоҳияти йил сайин кўтарилмоқда.
Президентимиз бу натижалар, энг аввало, тадбиркорлар билан елкама-елка амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси эканини айтиб, доим такрорлайдиган ибораси — бир кишини ишли қилган ишбилармонни елкасига кўтаришга тайёр эканини қайта-қайта такрорлашдан чарчамаслигини билдирди.
Тадбир доирасида Президентимизнинг “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги фармойиши билан соҳа вакилларига орденлар ва мукофотлар топширилди. Ҳа, хизмат қилган ҳурмат топади деб бежиз айтишмайди. Айниқса, юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилганларни ҳар қанча мукофотласа, эътироф этса, шунча кам.
* * *
Август ойида давлатимиз раҳбари бошчилигида соҳаларни тараққий эттириш бўйича бир қанча тақдимот ва видеоселектор йиғилишлари ўтказилди. Ушбу йиғилишлар тармоқларни янада ривожлантириш билан бирга, келгусида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишга қаратилди. Қиш-куз мавсумига тайёргарлик шулар жумласидан.
Ушбу йўналишда нефть-газ ва электр энергетикаси тизимини яхшилаш бўйича тақдимотлар ўтказилди. Жумладан, соҳанинг турли жабҳаларини тартибга солиш ва ривожлантиришга бағишланган бешта йиғилиш ўтказилиши ҳам масала нақадар долзарб эканини билдиради.
Давлатимиз раҳбари йиғилишларда соҳа масъулларининг ўтган даврда қилинган ишлар бўйича ҳисоботини тинглаб, бажарилиши зарур бўлган вазифаларни белгилаб берди.
Ана шундай мулоқотлардан яна бирида аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, бу борада чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.
Мамлакатимизда сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш бўйича эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор вазифалар юзасидан тақдимотда эса Ўзбекистоннинг соҳадаги ютуқ ва келгусида забт этиши керак бўлган марралари ҳақида сўз борди. Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро рейтингда 25 поғона юқорилаб, 62-ўринга кўтарилди. 2030 йилга қадар юртимизни мазкур рейтингда энг илғор 50 та давлат қаторига киритиш мақсад қилинган.
Кадастр агентлиги фаолиятини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматларни соддалаштириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг ойлик иш ҳақи тизими ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини мувофиқлаштириш каби қатор йўналишлар бўйича ҳам йиғилишлар бўлиб ўтди. Улар мазкур соҳалар ривожи учун ўзига хос “йўл харитаси” вазифасини ўташи билан аҳамиятлидир.
Шунингдек, август ойида давлатимиз раҳбари томонидан 8 та қонун, 26 фармон ва 19 та қарор, 12 фармойиш имзоланди.
* * *
23-24 август кунлари Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакатимизга давлат ташрифи билан келди. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасидаги ташриф шукуҳи аввалгиларидан буткул бошқача бўлди.
Тарихий аҳамиятга эга ташриф икки давлат ўртасидаги дўстлик, икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янги босқичга кўтарди. Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномани имзолаши ушбу ривожланиш жараёнининг тарихий чўққиларидан бири бўлди. Мазкур ҳужжат нафақат икки давлат раҳбарининг сиёсий иродасини, балки Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг келажакка биргаликда қараш борасидаги қатъий қарорини ҳам ифодалайди.
Давлатларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва биродарлик муносабатлари асосида, аввало, икки давлат раҳбарининг шахсий дўстона муносабатлари мужассам. Давлат раҳбарларининг бир-бирига “азиз биродарим” деб мурожаат қилиши шунчаки дипломатик одоб ифодаси эмас, балки икки халқ ўртасидаги тарихий ва маънавий яқинликнинг сиёсий даражадаги аксидир.
Озарбайжон Президенти эътироф этганидек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбарлигига келгунига қадар икки мамлакат ўртасида бирорта ҳам қўшма лойиҳа бўлмаган. Бугун эса 1 миллиард долларлик товар айирбошлаш ҳажми энди орзу эмас, яқин йилларда эришиладиган реал мақсадга айланди. Озарбайжон Президенти ташрифи давомида давлатимиз раҳбари ҳамда ўзбек халқини мустақиллигимизнинг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этди.
29-30 август кунлари Президентимиз таклифига биноан Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди. Учрашув аввалида Нарендра Моди давлатимиз раҳбарини мустақиллик куни билан табриклаб, халқимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Етакчилар иштирокида ўтган самарали мулоқотларда Ўзбекистон — Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Имзоланган шартнома ва келишувларга кўра, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кейинги босқичга кўтариш белгиланди.
Давлатимиз раҳбари август ойида, шунингдек, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди.
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси конгрессменлари Жейсон Смит, Грег Мерфи, Ронни Жексон ва Эдвард Кейс, Сингапур Республикасининг Катта вазири Ли Сян Лун қабул қилинди. Ушбу давлатлар билан янги шартнома ва келишувларга эришилди.
Давлатимиз раҳбари ойнинг сўнгги кунида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда иштирок этиш учун Бишкек шаҳрига ташриф буюрди.
Саммит доирасида давлатимиз раҳбари БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашув ўтказди.
Шунингдек, VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросимида ШҲТ давлатлари раҳбарлари ва бошқа меҳмонлар билан биргаликда иштирок этди.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг август ойидаги фаолиятининг ҳар бир лаҳзаси муҳим тадбирлар, тарихий воқеаларга бой бўлди. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси Ўзбекистон тараққиёти, халқимизнинг фаровон турмушини янада яхшилашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эгадир.
* * *
Мустақиллик берилмайди. Бу шундай неъматки, унга жасорат, фидойилик, қатъиятли кураш билан эришилади. Айниқса, бугун юртимизга илк истиқлол эпкинларини олиб кирган, юрт, миллат озодлиги йўлида мардонавор курашган жадид боболаримизни хотирламасликнинг иложи йўқ. Уларнинг жасорати авлодлари қалбида абадий яшайди.
Ҳар йили мустақиллик байрами арафасида қатағон қурбонларининг ёд этилиши бежиз эмас, албатта. Жорий йил ҳам шундай бўлди. Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан асосий байрам тантанасидан олдин, куннинг биринчи ярмида Шаҳидлар хотираси хиёбонида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар иштирокида маросим ўтказилди.
Шундан сўнг асосий байрам тадбири Янги Тошкентда бўлиб ўтди. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз — мустақиллигимизнинг 35 йиллиги тантаналари Янги Тошкент шаҳрида ўтказилиши ҳам ўзига хос рамзий маънога эга бўлди. Бу Янги Ўзбекистон ғоясининг ҳаётдаги амалий ифодасининг илк нишоналари кўзга ташланаётганини билдиради. 35 йиллик юбилей тўйи ҳам моҳиятан, ҳам шаклан ўзига хос тантана бўлди.
Бобо-момоларимиз дуога қўл очар экан, доим “тўйларга етказсин”, дейишни канда қилмайди. Бу дуо замирида катта маъно мужассам. Айниқса, мустақиллик байрамининг шукуҳи ўзгача. Байрам руҳи, бугунги кунлар шукронаси ҳар бир юртдошимиз чеҳрасида порламоқда.
Давлатимиз раҳбари тантанали байрам тадбиридаги нутқининг аввалида халқимизни мустақиллик айёми билан самимий табриклади.
— Бир неча юз йиллик орзулар рўёбга чиқаётган ушбу бетакрор маконда бутун халқимиз билан ҳали яна кўплаб қувончли ва тарихий воқеаларга гувоҳ бўламиз. Аминманки, Янги Тошкент пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб, биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг куч-қудратини намоён этадиган чинакам тараққиёт марказига айланади, — деди Президентимиз.
Шунингдек, мустақилликнинг асл моҳиятини бир сўз билан очиб берди.
— Мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлади. Шу боис, биз ислоҳотларни бошлаган биринчи кунларданоқ халқнинг қалбига қулоқ солдик, аҳолининг дардига дармон бўлишни мақсад қилдик. “Инсон қадри учун!” деган ғояни давлат сиёсатининг марказига олиб чиқдик, — дея таъкидлади мамлакатимиз етакчиси.
Кейинги йилларда ушбу ғоя асосида амалга оширилган ислоҳотлар бирма-бир санаб ўтилди. Хусусан, биринчи галда “пахта қуллиги”, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати, конвертация чеклови, прописка каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам берилгани қайд этилди.
Байрам тантанаси халқимизнинг қадим 3 минг йиллик тарихидан садо берувчи куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари ҳамда дронлар шоусига айланиб кетди. Иштирокчилар қалби масрур бўлиб, янги Ўзбекистон ғоясини амалга ошириш шиддатига тўлиб тошди.
Санжар ЭШМУРОДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири