– Ношукурлик ёмон, – дейди хатирчилик Ҳасан бобо. – Шукур қилиб яшаш керак. Не бир замонларни кўрмадик, бир бурда нон қадрини бизнинг ёшимиздагилар яхши билади. Ҳозир омон-омон замонку, еганимиз олдимизда, болам. Нега шукроналик ҳақида гапиряпман? Ўтган ҳафта невараларимни соғиниб Тошкентга, ўғлимнинг уйига борган эдим. Эртаси куни Сергелидан Мустақиллик майдонига қадар автобусда кетдим. Орқа ўриндиққа келиб ўтирган 30 ёшлар чамасидаги икки норғул йигит озиқ-овқат нархлари ошиб кетгани ҳақида гаплаша бошлади. Ёғ унча, тухум бунча, гўшт шунча ошди, дейди.

Ўйлаб қолдим. Ҳаёт давом этар экан, нарх ошади, қадр-қиммат юксалади, туғиламиз, кетамиз... Қаноат тўрга элтар, дерди раҳматли отам. Қаноатда, шукроналикда гап кўп эканда. Аллоҳга шукур, бугун Ўзбекистонимизда ҳеч ким оч қолгани йўқ. Ҳаммамиз тинч, хотиржам яшаяпмиз. Рўзғоримиз бут, ўқ овозини эшитмаймиз, эшитмайлик ҳам. Нарх кўтарилган бўлса, ҳа барака топкур, шунга яраша пенсияларимиз, маошларимиз ҳам ошаяптику. Бу долғали замонда осойишта яшашнинг ўзи катта бахт...

Бобонинг шу гаплари кўп мулоҳазаларга йўл очди.

Ҳа, бугун айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, гўшт, шакар, ўсимлик ёғи, тухум нархи бир қадар ошгани рост. Бу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳатто айрим дўстларимиз озиқ-овқат маҳсулотларининг 2016 йилдаги нархини бугунги кун билан солиштириб, жадвал ҳам қилибди. Шу ҳам бир сабаб бўлдида, биз ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг мамлакатимизда ва дунё миқёсида кўтарилиб бориш кўрсаткичи билан қизиқдик.

Аҳоли сонининг ошиши, яшаш шароити, моддий таъминот яхшиланиши баробарида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳам кўпая боради. Жорий йил бошидан дунёга тарқала бошлаган, кейинчалик пандемия тусига кириб, барча мамлакатларни забт этган коронавирус балоси эса турмушимизни тубдан ўзгартириб юборди. Ҳали-ҳамон аксарият дунё аҳолиси кўп вақтини уйида ўтказмоқда. Бу, табиийки, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни оширади. Истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса мураккаблигича қолмоқда.

Шакар ишлаб чиқариш ҳажми ортиши, нарх барқарорлашиши кутилмоқда

Халқаро товар-хомашё биржасидаги шакар нархи динамикаси қуйидагича: 2018 йил сентябрь ойида 1 тонна шакар нархи 250,7 доллар бўлган, 2019 йилнинг шу ойида 261,8 долларга кўтарилган, 2020 йил сентябрда эса 281,3 долларга етган. Таскинли хабар ҳам бор: халқаро биржалардаги шакар нархи йил бошидаги кўрсаткич билан таққослаганда сентябрда 10 фоиз пастлаган.

Лекин шунга қарамай истеъмол эҳтиёжи ошиб бораётгани сабаб, сентябрь ойида кўпчилик мамлакатларда нарх кўтарилган. Мутахассислар фикрича эса бу мавсумий хусусият касб этади. Россия статистика қўмитасининг маълумотига кўра, мамлакатда шакар нархи сентябрь ойида 7,8 фоизга, январь-сентябрь ойларида эса умумий ҳисобда 33,1 фоизга ўсган. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 13,6 фоизни ташкил қилади.

Ўзбекистонда ҳозирча иккита – «Хоразм шакар» ва «Ангрен шакар» масъулияти чекланган жамиятлари фаолият юритади. Улар 2019 йилда 427,3 минг тонна шакар ишлаб чиқарган. 2020 йилнинг олти ойида эса 143,6 минг тонна шакар истеъмол учун етказилган. Пандемия шароитида бу икки завод фаолияти бироз секинлашди. Шу боис, шакарга бўлган мавсумий талаб ошиши натижасида нархи ҳам қимматлашган.

Очиқ айтиш керак, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган шакар маҳсулоти ички бозор талабини қондиришга етмайди. Шу боис, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 291,2 минг тонна шакар импорт қилинган.

Таҳлилларга таянсак, жаҳон бозорида шакар нархининг ўсиши юзасидан хавфлар мавжуд эмас. Specagro.ru сайти маълумотларига кўра, жорий йилда дунёда шакар ишлаб чиқариш ҳажми 176,7 миллион тоннани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 14,3 миллион тоннага кўпроқ бўлиши кутилмоқда.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг маълумотида жорий йилнинг сентябрь ойида шакарнинг ўртача нарх индекси 79 пунктни ташкил этиб, августга нисбатан 2,1 пунктга ёки 2,6 фоизга пасайгани айтилган. Бу шакар ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши билан боғлиқ. Дунёда энг кўп шакар эскпорт қиладиган Бразилияда ва шакар ишлаб чиқариш бўйича иккинчи ўринда турувчи Ҳиндистонда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортиши кутилмоқда. Жумладан, 2020-2021 йилларда Ҳиндистонда 30,5 миллион тонна, Бразилияда 40 миллион тонна шакар ишлаб чиқарилиши прогноз қилинмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини янада жонлантириш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳам ички бозорни шакар маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш имконини беради.

Умуман олганда, бугунги кунда ички ва ташқи бозорлардаги шакар ишлаб чиқариш бўйича барқарор ҳолат келгусида шакар нархининг ошиши бўйича хавотирга ўрин йўқлигини кўрсатмоқда.

Ун нархи ҳам барқарорлашадими?

Ҳар бир кунимизни ун маҳсулотларисиз, хусусан, нонсиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, бизнинг заминда. Шу боис, мамлакатимиз аҳолисини ун маҳсулотлари билан таъминлаш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Бу борада гап кетганда, аввало, ун ишлаб чиқариш соҳасида қулай бизнес муҳити яратилаётганини айтиш ўринли. Пировардида, хусусий тадбиркорлик субъектлари сони ортиб, йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2013 йилда ун ишлаб чиқариш соҳасида мамлакатимизда фаолият юритаётган хусусий тадбиркорлик субъектлари сони атиги 53 тани ташкил этган бўлса, 2019 йил якуни бўйича улар 137 тага етган, ишлаб чиқариш қуввати эса 3 миллион тоннани ташкил этган. Ун маҳсулотларини ҳеч қандай чекловларсиз, фақат биржа савдолари орқали сотиш механизми жорий қилинган.

Пандемия шароитида буғдой ва ун импорти ҳажми ҳам сезиларли ошди. Жорий йилнинг апрель-август ойларида биринчи чоракка нисбатан Ўзбекистонга импорт асосида келтирилган буғдой ҳажми 2,7 марта, ун ҳажми 1,8 марта кўпайган.

Шу ўринда айтиш мумкинки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотига кўра, жорий йилда дунё аҳолисининг буғдойга бўлган талаби 756,6 миллион тоннани ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 0,8 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Демак буғдой етиштириш ҳажмини ҳам ошириш керак. Дунёда асосий экспортёр мамлакатлар ҳисобланган Россия ва Қозоғистон бугун шу ишга бел боғлаган.

Дунё ва қўшни мамлакатлардаги буғдой етиштириш кўрсаткичлари бўйича ижобий тенденциянинг мавжудлиги мамлакатимиз аҳолисини буғдой маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нархлар барқарорлигини сақлаш имконини беради. Сир эмас, ҳозирча биз импорт қилаётган буғдойнинг 99 фоизи, ун маҳсулотининг эса деярли 98 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади.

Ўсимлик ёғичи...

Oilworld.ru сайти 2019 йилдан жорий йил якунига қадар дунё бўйича 21,8 миллион тонна кунгабоқар ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилиши мумкинлиги ҳақида ёзган. Жумладан, Россияда 5,9 миллион тонна худди шундай ўсимлик ёғи истеъмолга чиқарилиши ташхисланган.

Айнан Россияга тегишли маълумотни келтирганимиз бежиз эмас. Чунки, Ўзбекистонда ёғ-мой истеъмолига бўлган талабнинг 60 фоизи ички ишлаб чиқариш ҳисобидан, қолган фоизи четдан, хусусан Россиядан, қисман Қозоғистондан келадиган тайёр импорт ёғлар ҳисобидан қопланади.

Мамлакат аҳолисини ёғ маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш мақсадида 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида ўсимлик ёғи импорти ҳажми 178,5 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 14,4 фоизга ортган.

Бугун нимага ёғ нархи кўтарилиб кетди, дейсизми?

Мутахассислар бу вазиятга Россияда ўсимлик ёғи нархининг январь-сентябрь ойларида 7,2 фоизга ошгани билан изоҳ бермоқда. Маълум бўлишича, Россияда ўтган йилга нисбатан бу йил кунгабоқар уруғи ҳосили 15-18 фоизгача кам йиғиштириб олинган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда дунё бозорларидаги тенденциялар инобатга олинган ҳолда мавжуд ёғ-мой корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, муқобил импорт бозорларини қидириш, корхоналарни етарли хомашё захиралари билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, бу йил 6 минг гектар майдонда мойли экинлар экилиб, улардан 77 минг тоннадан ортиқ ҳосил жамғариш режалаштирилган. Шу асосда 16 минг тонна қўшимча ёғ ҳамда 49 минг тонна ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, жорий йил пахта мавсуми давомида олинган чигитни қайта ишлаш орқали ҳам корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланишга эришилади ва аҳолини ёғ маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш имконияти яратилади, чоралари кўрилади.

Гўшт ва тухум ҳақида

Бугун бозорларимизда гўшт нархи 40-45 минг сўмдан 60-65 минг сўмгача етган...

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасидан маълум қилинишича, бугунги кунда мамлакатимиздаги тахминан 13,5 миллион қорамолнинг 95-96 фоизи аҳоли қўлида боқилмоқда. Шу боис, уларни бозорда сотиш нархини аҳоли ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб, эркин белгилайди. Мутахассислар фикрича, гўшт нархи ошиши ёки тушиши, албатта, сотилаётган мол таннархи билан боғлиқ табиий жараён.

Бозорларимизда тухум нархининг ошиши парранда озуқаси нархининг 10 фоизга кўтарилиши ва ушбу маҳсулотга бўлган талабнинг мавсумий ўсиши билан изоҳланмоқда. Иқтисодий таҳлилчилар нарх ўсиши ўтган йиллардаги мавсумий нарх ўсиши даражаларидан ошмаслигини, хавотирга асос йўқлигини айтмоқда. Шунингдек, жорий йил якунига қадар чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш бўйича кўплаб лойиҳалар ишга туширилиши, ушбу ҳолат нархлар барқарорлигини сақлашга имкон бериши таъкидланмоқда.

Яна қандай чоралар кўрилмоқда?

Бугун бозорларда нарх-наво асоссиз оширилишининг олдини олиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳам кескин чоралар кўрмоқда.

Аввало, аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун бевосита ишлаб чиқарувчиларни ҳар қандай жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиб, иқтисодий қизиқтирган ҳолда деҳқон бозорларига киритиш чоралари кўрилди. Бунда деҳқон ўз маҳсулотини ўртакашларсиз истеъмолчига етказишига асосланган «Даладан дастурхонга» тамойили татбиқ этилмоқда. Бунинг учун улгуржи бозорларда олибсотарлар қўлида сарсон бўлаётган деҳқонларга истаган бозорида, тўғридан-тўғри, керак бўлса юк машинасидан маҳсулотини сотишига шароит яратиб берилди.

Бу яхши самара бермоқда. Масалан, илгари деҳқон етиштирган маҳсулотини ўртакашга 800 сўмга сотиб, у устама билан истеъмолчига 2000 сўмга етиб борган бўлса, эндиликда деҳқоннинг ўзи 1200 сўмдан сотиб, мўмай даромадга ҳам эга бўляпти.

Нархларни кунлик мониторинг қилиш тизими асосида нархи ошиши эҳтимоли юқори бўлган маҳсулот тури ҳудудлар кесимида олдиндан прогноз қилиниб, натижаларига кўра, маҳсулотлар арзон бўлган ҳудуддан нарх ошган жойларга интервенция қилинмоқда. Ушбу тизим асосида март-октябрь ойларида 64,6 минг тонна картошка, 70,1 минг тонна пиёз, 19,2 минг тонна сабзи, 4 минг тонна карам, 3,8 минг тонна парранда гўшти, 8,3 минг тонна гўшт, 47,9 миллион дона тухум, 7,3 минг тонна гуруч ва 5,6 минг тонна шакар ишлаб чиқарувчи нархида бир ҳудуддан иккинчисига интервенция қилинди.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир маҳалла ва олис қишлоқларгача маҳсулотларни арзон етказиш тизими жорий этилди. Ушбу тизим асосида 252,2 мингдан ортиқ кўчма савдо ярмаркалари ташкил этилиб, аҳолига жами 234,2 минг тонна озиқ-овқат, 3,8 миллион дона кўчат, 1,1 миллиард сўмлик уруғ, 10,7 миллиард сўмлик истеъмол моллари арзон нархларда сотилиши таъминланди.

Вазирлар Маҳкамасининг биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида ун етказиб беришга оид Вақтинчалик тартиби ижроси назоратга олиниб, 17 апрель – 14 октябрь кунлари 765,9 минг тонна ун, шундан 250,6 минг тоннаси қолипли нон ва бошқа ишлаб чиқарувчиларга, 515,3 минг тоннаси аҳолига сотиш учун савдо корхоналарига етказиб берилди. Бунда ун маҳсулотининг ҳар бир оилага кафолатли етиб бориши, ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан мақсадли сарфланиши қатъий назоратга олинди.

Биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида олинган ун маҳсулотини манзилли равишда ҳар бир оилага кафолатли етиб бориши, ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан мақсадли сарфланиши таъминланмоқда. Белгиланган тартиб асосида 3880 маҳаллада махсус дўкон, 1901 маҳаллада эса юк автомашиналари орқали 340,8 минг тонна ун қатъий нархда (1-нав 2780 сўм, 2-нав 2800 сўм) сотилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси, ҳокимликлар ҳамда бошқа корхоналар билан ҳамкорликда шакар маҳсулотлари нархини мўътадиллаштириш мақсадида деҳқон бозорларида ташкил этилган арзонлаштирилган махсус расталар орқали 27 минг 400 тоннадан зиёд шакарнинг бир килоси 5800 сўмдан сотилиши йўлга қўйилди.

Тухум маҳсулотлари нархини мақбул даражада сақлаш учун деҳқон бозорларида парранда корхоналарининг махсус расталари ташкил этилиб, арзон нархларда аҳолига тухум сотиш йўлга қўйилди.

Гўшт маҳсулотлари нархини ҳамёнбоп сақлаш учун тадбиркорларнинг савдо фаолиятидаги харажатларини камайтиришга кўмаклашиш орқали нархни барқарор сақлаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, тадбиркорларга пойтахт бозорларидан 86 раста, 70 музлаткич, 100 дан ортиқ тарози ва бошқа воситалар беғараз ажратилиб, гўшт маҳсулотларининг арзонлаштирилган расталари ташкил этилди.

Президентимизнинг Сергели туманига ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан пойтахтимизнинг 11 туманидаги аҳоли зич яшайдиган ҳамда деҳқон бозорларидан узоқда жойлашган 50 маҳалласида фермерларга мулк қилиб бериладиган «яшил бозор» дала дўконларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Айни вақтда уларнинг 13 таси фойдаланишга топширилди. Уларда маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи нархларида сотилиши йўлга қўйилгани аҳоли ҳамда фермерлар манфаатларига хизмат қилмоқда.

Жорий йил 17 март – 16 октябрь кунлари нархларни асоссиз ошириш, ажиотаж талабни вужудга келтиришга қарши курашишга қаратилган тадбирларда 5584 ҳолатда 6,41 миллиард сўмлик маҳсулотни қиммат сотиш ва 134 та жиноят содир этилгани аниқланиб, қатъий чоралар кўрилди.

Ўйлаб кўрсак...

Юқорида айрим дўстларимиз озиқ-овқат маҳсулотларининг 2016 йилдаги нархини бугунги кун билан солиштириб, ижтимоий тармоқларда тарқатгани ҳақида айтган эдик.

Бу ёмон эмас, албатта. Лекин яна бир мулоҳазани келтириб чиқаради. Энди 2016 йилдан буён ойликларимиз, пенсия ва нафақаларимиз, стипендияларимиз қанча ошганини ҳам чамалайлик.

2016 йилда энг кам иш ҳақи 149 минг 775 минг сўм эди. Бугун базавий ҳисоблаш миқдори, деб юритилаётган бу кўрсаткич 223 минг сўм. Бундан тўрт йил олдин 1 АҚШ доллари миллий валютамизга чаққанда ўртача 3010 сўм бўлган, ҳозир 10 минг 300 сўмдан ошди.

Ўша йилда ўртача ойлик маош 1 миллион 197 минг 724 минг сўм ҳисобланган, бугун эса 2,5 миллиондан ошиб кетди. Хуллас бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Мақоламизга сабаб бўлган Ҳасан бобонинг тоғли қишлоғига 2016 йилда борсангиз, 70-80 хонадонли қишлоқда бор-йўғи 3-4 машинали оилани учратар эдингиз. Бугун деярли ҳар бир қишлоқ оиласида биттадан машина бор. Молхонасигача шифер қилинган. Меҳмон келса, албатта, битта жонлиқ сўйишга қурби етади уларнинг.

Ҳасан бобо тўғри айтган экан: шукур қилиб яшаш керак!

Яна бир гап келиб қолди. Куни кеча Қозоғистонда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган магистр дўстимиздан қанча ойлик олишини сўрадим. Айтишича, ўқитувчилар ўртача 100 минг тенге ойлик олар экан. Бу бизнинг валютада 2,5 миллион сўм дегани.

Шу кунларда Ўзбекистон таълим тизимида ўқитувчиларимиз ойлиги билишимизча ўртача 3-4 миллион сўм атрофида.

Биз саховатли заминда яшаймиз. Ўзбекистон бозорларида йилнинг тўрт фаслида ҳам тўкин-сочинлик, файз аримайди, сархил меваларни топасиз. Бозорларимизда мевалар, полиз экинлари нархи жуда арзонлиги билан ажралиб туради. Шу боис, бизга барча давлатларда яшаётган фуқаролар ҳавас билан қарайди.

Ҳаммаси эътиборда...

Юртдошларимизни озгина бўлсада хавотирга солаётган ҳар бир масала давлатимиз раҳбари эътиборидан четда қолмайди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Президентимиз ўтган ҳафта жума куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган йиғилишида «озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириб, бозордаги нарх-навони арзон қилсак, одамларни, айниқса, кам таъминланганларни рози қила оламиз», деди. Барча ҳокимларга, мутасадди ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берди.

Эндиликда ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимида аҳолининг кейинги йил майгача гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёзга бўлган эҳтиёжи, бу маҳсулотларни қачон, қаердан олиш бўйича аниқ ҳисоб-китоб бўлади. Ҳар бир ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича алоҳида жамғармалар ташкил этилади. Ҳудуд раҳбарлари тадбиркорларни жалб қилиб, етишмайдиган асосий озиқ-овқат маҳсулотларини жамғарма ҳисобидан бошқа жойдан олиб келиш ёки импорт қилишни йўлга қўяди. Бундай тадбиркорлар учун кредит фоизининг бир қисми Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қоплаб берилади.

Импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари нархини арзонлаштириш мақсадида йирик хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳаллий биржадаги иштироки кенгайтирилади.

Пойтахт аҳолиси ҳам ташвишланмаса бўлади. Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманига биттадан вилоят бириктирилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари расталари ва дала дўконлари ташкил этилади.

Демак, хавотирга ўрин йўқ. Асосий озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини бир меъёрда ушлаб туриш учун имкониятларимиз етарли, захирамиз бор, бўлади ҳам.

Асрор Мурод