Маҳалламизда яна бир яхши ўзгариш бўлса керак, деб ҳол-аҳвол сўрашда давом этдик. Аммо, ҳали хурсандчилик олдинда экани хаёлимга ҳам келмабди. Шунданми оқсоқолимизнинг “Табриклайман, давлат мукофоти билан тақдирланибсиз”, деган сўзларига ишониб-ишонмай каловланиб қолдим.
Тўғрисини айтсам, бундай катта мукофотни кутмаган эдим. Ватанимиз ва халқимиз олдидаги кичик хизматларим шу қадар юксак эътироф этилганидан бошим кўкка етди.
Бугун маҳалламизда камбағалликни ва ишсизликни бартараф этиш, аҳоли орасида тадбиркорликни ривожлантириш ва бандликни таъминлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Ҳамжиҳатликда гап кўп. Қолаверса, маҳалладошларимиз ҳам давлатимиз томонидан маҳаллабай ишлаш борасида илгари сурилаётган ташаббусларни рўёбга чиқаришда доимо елкадош бўлмоқда.
Ҳамкорликдаги бу саъй-ҳаракатларимиз ҳаётда ўз мевасини беряпти. Жумладан, сўнгги икки йил ичида маҳалламиз ҳудудида 75 та кичик бизнес субъекти фаолияти йўлга қўйилди. Буларнинг 15 таси саноат, 22 таси қишлоқ хўжалиги, 38 таси хизмат кўрсатиш соҳасида иш олиб боряпти. Натижада 130 дан кўпроқ янги иш ўрни яратилди. Мени, айниқса, аёллар ўртасида тадбиркорлик, ишбилармонлик муҳити тобора ривожланиб бораётгани жуда руҳлантиради. Чунки, аёл ишли бўлса оила ва фарзандлар учун бир имконият, агар аёл тадбиркор бўлса, бу оила ва фарзандлар келажаги учун ўн имконият. Зеро, тадбиркор аёл фақат ўзи, болалари, оиласини ўйлабгина қолмайди, у маҳаллада, жамиятда ишбилармонликни ривожлантиришга интилади.
Қувонарлиси, бугун бизнинг маҳаламизда ҳам шундай аёллар сафи кенгайиб бормоқда. “Аёллар дафтари” да турган етти нафар опа-синглимиз бугун чеварлик, боғдорчилик, қандолатчилик, иссиқхона йўналишида иш олиб боряпти. Улар ўз оила аъзолари бандлигини таъминлаш билан чекланмай яна 20 та иш ўрни ҳам яратди. Ушбу хотин-қизларнинг иш тажрибаси ҳаётга кириб келаётган қизлар учун мактаб бўляпти, десак муболаға бўлмайди. Биз, маҳалла фаоллари ҳам тадбиркорларнинг иш тажрибасини доимо тарғиб қиламиз, ёшларни улардан ўрнак олишга ундаймиз.
Маҳалламизнинг ободлигини таъминлаш бўйича бажарилаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. Бу борада “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси йўлга қўйилгани жуда қўл келяпти. Ушбу лойиҳада ҳар гал камида иккита ташаббусимиз ғолиб бўляпти. Бунинг учун 2022 йил бошидан буён 5,5 миллиард сўм ажратилди.
Шулар ортидан 24-мактабда янги ошхона қуриб фойдаланишга топширилди. Ҳудудимизда оқиб ўтувчи Сангзор дарёсига дамба ўрнатиляпти. Бу аҳолининг томорқасини суғориш имкониятини яхшилайди. 2023 йил дренаж ва ариқларни тартибга келтириш учун 1,2 миллиард сўм сарфланиши режалаштирилган. Бунда дехқон ва фермер хўжаликларига, экин майдонларга ва 800 дан зиёд хонадонлар томорқасига узлуксиз сув келиши таъминланади. Натижада маҳалламизнинг драйвер соҳаларидан бири – томорқачилик янада ривожланади, оилаларнинг даромади ошади. Бундан ташқари, маҳалладаги трансформатор ва бетон устунлар ҳам янгиланяпти. Бу аҳолининг энергия таъминотини яхшилаш имконини беради.
Айни пайтда маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмасини кенгайтириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ишларни давом эттиряпмиз. Эндиликда кичик тадбиркорларимизни йирик лойиҳаларни амалга оширишга ундамоқчимиз. Чунки, давлатимиз томонидан бу соҳа ривожига кенг йўл очиляпти, бу борада барча зарур имкониятлар яратиляпти.
Қувонарлиси, охирги пайтларда маҳалла аҳлининг маҳаллабай йўналишдаги ишларга, айниқса, ҳоким ёрдамчилари фаолиятига қизиқиши ва ишончи ортиб боряпти. Буни аҳолимиз, айниқса ёшларимизнинг тадбиркорлик қилиш истагидаги мурожаатлари кўпайиб бораётганидан ҳам билиш мумкин. Табиийки, халқимизнинг бу эътибори ва ишончи биз маҳалла фаолларини янги-янги марралар сари руҳлантиради, доимо изланиш ва интилишга ундайди, куч-қувват беради.
Маҳбуба МАМИРОВА,
Жиззах шаҳридаги “Амир Темур” маҳалла
фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси,
II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби