Айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш борасидаги давлат дастурлари ижобий натижаларини бера бошлади. Албатта, бу ютуқлар халқимизнинг соғлом келажаги учун қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Халқаро тажрибалар асосида тизимни такомиллаштириш ва мамлакатимиз аҳолиси малакали тиббий хизматлардан баҳраманд бўлиши учун замонавий ёндашувларни жорий қилиш энг долзарб вазифаларимиздан.
Болаларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар тўғрисида фикр юритганда, бирламчи таҳлилни, энг аввало, демографик кўрсаткичлардан бошлаш мақсадга мувофиқ. Мамлакатимизда туғилиш кўрсаткичлари барқарор юқори даражада сақланиб келмоқда. Хусусан, 2024 йилда 926 минг 400, 2025 йилда эса 879 минг 599 бола дунёга келган. Юртимиз аҳолисининг 32 фоиздан ортиғини 18 ёшгача болалар, 14 дан 30 ёшгача бўлганлар эса қарийб 26 фоизни ташкил қилади.
Шу ўринда 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар орасида энг кўп учрайдиган касалликларга ҳам бир қур тўхталишимиз зарур. Жумладан, қон ва қон яратиш аъзолари касалликлари (камқонлик) мактаб ёшидаги болаларнинг қарийб 28,4 фоизида бўлиб, ушбу кўрсаткич болалар ўртасидаги касалланиш тузилмасида энг юқориси. Шунингдек, нафас олиш аъзолари билан боғлиқ, овқат ҳазм қилиш ва эндокрин тизими касалликлари кўп учрайди.
Мутахассисларга кўра, ҳар йилги туғилишлар сони қарийб бир миллионга етаётган бир вақтда болаларга хизмат кўрсатувчи тахминан 3 минг шифокор етишмайди. Болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатишда тизимга тушаётган юклама юқорилиги хизматлар сифатли ва самарали бўлишига табиий равишда таъсир қилмоқда. Бундай демографик шароитда болалар тиббиётига алоҳида ёндашув ва эътибор талаб этилиши табиий.
Юртимизда тиббиёт кадрларини тайёрлаш учун махсус тизим яратилган. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг 6 йиллик бакалавриат босқичида таълим олган “Педиатрия иши” йўналиши битирувчилари, яъни болаларга тиббий хизмат кўрсатадиган кадрлар умумий амалиёт педиатри мутахассиси сифатида фаолият юритиши мумкин. Дипломдан кейинги таълимда эса клиник ординатура ва магистратура мутахассисликлари орқали ихтисослашган тор соҳа мутахассислари, яъни болалар жарроҳлари, кардиолог ва кардиожарроҳлари, неврологлари, психиатрлари, стоматологлари ва юқумли касалликлар шифокорлари тайёрланади.
Профессионал мутахассис бўлиш тиббий кадрларнинг клиник амалиётни тиббиёт базаларида — устозлари назоратида мустақил амалиёт ўташи билан боғлиқ. Бунинг учун тиббиёт олий таълим муассасалари клиник базалари мавжуд бўлиши ва талабалар, амалиётчилар клиник устозлари билан доимий бирга бўлиб, касалликларни ташхислаш ва даволаш жараёнларини амалий мустаҳкамлаши муҳим. Ҳисоб-китобларга кўра, тиббий университетларда 26 мингга яқин талаба таҳсил олаётган бўлса, талабалар амалий шуғуллана олиши мумкин бўлган стационарларда тахминан икки мингта койка мавжуд. Халқаро стандартларда бу кўрсаткич, яъни талабалар амалий машғулот ўташи учун бириктирилган койкалар сони қанча кўп бўлса, шунча ижобий баҳоланади.
Шу билан бирга, кадрлар таъминоти масаласи ҳам ҳар қайси даврда муттасил такомиллаштириб бориш талаб этиладиган йўналишлардан бири бўлиб келган. 2025 йил ҳолатига кўра, республикамизда жами 108 мингга яқин шифокор фаолият юритади. Яъни ҳар 10 минг аҳолига ўртача 28,6 шифокор тўғри келади. Педиатрлар эса тизимдаги энг йирик гуруҳ бўлиб, сони тахминан 18-19 минг нафарни ташкил этади. Бир қарашда бу етарлидек кўринса-да, аҳоли таркибида 11 миллиондан ортиқ бола мавжудлигини ҳисобга олсак, соҳада ихтисослашган кадрларга эҳтиёж йил сайин ошиб бораётганини кузатамиз.
Халқаро тажриба кўрсатадики, МДҲнинг айрим давлатларида амалдаги тизим бугунги мавжуд ҳолатимизга яқин. Европа мамлакатларида эса таклиф этилаётган янги тизимга уйғун моделлар мавжуд. Улар яхши инфратузилма, етарли малакали кадрлар ҳамда таълим жараёнини методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали ўз имкониятлари ва аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, сифатли ва самарали тизимларни шакллантирган.
Мамлакатимизда ҳам айни тенденцияларга асосланган ҳолда тизимни янада мувофиқлаштириш ҳамда самарали, халқчил кўринишга келтириш учун қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги кунларда “Тиббиёт ва фармацевтика таълими соҳасида кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. Ушбу ҳужжат мамлакатимиз тиббий таълим тизимини ислоҳ қилиш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва биринчи тиббий бўғинни мустаҳкамлашга қаратилган.
Бироқ ушбу қарор лойиҳасида жамоатчилик ва мутахассислар орасида баҳсларга сабаб бўлаётган масалалардан бири олий таълим муассасаларидаги “Педиатрия” таълим йўналишини алоҳида ихтисослик сифатида сақлаб қолмаслик ва уни “Умумий тиббиёт” тизимига бирлаштириш режасидир. Мазкур масала нафақат таълим сиёсати, балки миллат саломатлиги ва демографик барқарорлик нуқтаи назаридан ҳам ўта муҳим. Қарор лойиҳасида тиббий таълимни “5+1” форматига ўтказиш назарда тутилган. Ушбу модель 5 йиллик умумий тиббий таълим ва 1 йиллик амалиётни (стажировка) ўз ичига олиб, асосий мақсад сифатида оилавий шифокорлар тайёрлашга қаратилган.
Тизимда “Даволаш иши” ва “Педиатрия” таълим йўналишлари бирлаштирилиб, “Умумий тиббиёт” ихтисослиги шакллантирилиши мумкин. Натижада талабалар 1-курсдан болалар тиббиётига ихтисослашган ҳолда эмас, балки барча ёш тоифалари учун умумий тайёргарлик кўради. Бир қарашда бу универсаллашув ижобий кўринса-да, мутахассислар фикрича, мазкур ёндашув жиддий хавфларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас. Хусусан, болалар тиббиётига ажратилган соатлар қисқаради, неонатология, болалар физиологияси, болалар касалликлари пропедевтикаси ва болалар фармакологияси каби муҳим йўналишларда билим чуқурлиги пасаяди, эрта ташхис қўйиш имкониятлари чекланади. Бу эса касалликлар оғирлашиши ва стационарларга юклама ортишига олиб келиши мумкин.
Педиатрия алоҳида клиник мактаб ҳисобланади. Шу сабабли болалар касалликларини эрта босқичда аниқлашда педиатрларнинг ўрни беқиёс. Илгари олинган тажрибалар ҳам бунинг тасдиғидир. Масалан, 1990 ва 2000 йиллар бошида қишлоқ врачлик пунктлари ва умумий амалиёт шифокорлари тизими жорий этилган, аммо бу жараён болалар касалликларини кеч ташхислаш, мураккаб ҳолатлар сони ортиши ва стационарларга ортиқча юклама каби муаммоларни келтириб чиқарган.
Худди шундай ҳолатлар бошқа давлатларда ҳам кузатилган. Масалан, Қозоғистонда 2007 йилда педиатрия факультетлари тугатилган ва умумий амалиёт шифокорлари тайёрлаш тизимига ўтилган. Аммо 10 йилдан сўнг — 2017 йилда педиатрия факультетлари қайта тикланди. Ушбу тажриба болалар касалликларини аниқлаш сифати пасайиши, ота-оналар норозилиги, болалар шифохоналарида кадрлар танқислиги ва болалар ўлими кўрсаткичлари ортиши каби сабабларга асосланган. Бу шундан далолат берадики, педиатрияни умумий тиббиёт билан тўлиқ алмаштириш ҳар доим ҳам самара бермайди.
Айни пайтда соҳадаги муаммолар фуқаролар мурожаатларида ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, дюшен мушак дистрофияси билан касалланган болаларнинг ота-оналари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бир неча бор мурожаат қилинган. Ушбу мурожаатлар тор ихтисослик шифокорлари етишмаслиги, дори-дармон билан таъминлашда узилишлар, реабилитация ва паллиатив ёрдам масалаларини ўз ичига олади.
Янги оилавий шифокорлик таълим йўналишини жорий этиш зарур. Бироқ жойларда ушбу йўналиш учун тўлиқ шарт-шароит ва инфратузилма яратилгунга қадар амалдаги тизимни шошма-шошарлик билан бекор қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Аксинча, мавжуд педиатрия ва даволаш иши таълим йўналишларини сақлаб қолган ҳолда янги таълим йўналиши бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, унга талабаларни танлов (имтиҳон) асосида қабул қилиш ва битирувчилар фаолиятини амалий жиҳатдан ўрганиш лозим деб ҳисоблаймиз.
Фақат шундан кейингина, яъни янги тизим ўзини амалда оқласа, ижобий натижалар берса ва мавжуд таълим йўналишларига нисбатан устунлиги исботланса, педиатрия ва даволаш иши таълим йўналишларини босқичма-босқич ушбу оилавий шифокорлик тизимига мувофиқлаштириш мумкин. Бу ёндашув, бир томондан, бугунги кунда педиатрия ва даволаш иши таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқиш жараёни узлуксиз давом этишини таъминлайди, иккинчи томондан, янги тизимнинг самарадорлигини амалда синовдан ўтказиш имконини беради.
Мутахассислар фикрича, бундай ислоҳотлар камида 10-15 йиллик ўтиш даврини талаб қилади. Шу вақт давомида ўқув дастурлари қайта ишланиши, ўқитувчилар қайта тайёрланиши, клиник база мустаҳкамланиши ва мустақил баҳолаш тизими жорий этилиши керак. Турли амалий тажрибаларни ҳам синовдан ўтказиш имкони мавжуд. Масалан, ҳар 3 та оилавий шифокор бригадасига 1 та педиатр-консультант бириктириш моделини жорий этса бўлади. Бу орқали мураккаб ҳолатларни педиатр кўради, эмлаш ва профилактика назорати кучаяди ҳамда оилавий шифокорлар учун методик ёрдам таъминланади.
Тиббий таълимни ислоҳ қилиш, шубҳасиз, зарур жараён. Бироқ ҳар қандай тиббий ислоҳотда асосий мезон бемор хавфсизлиги, айниқса, болалар саломатлиги бўлиши лозим. Демография, болалар улушининг катталиги ва педиатрларга ўсиб бораётган юқори эҳтиёж шароитида педиатрия таълим йўналишини тўлиқ бекор қилиш ёки уни умумий тиббиётга кескин қўшиб юбориш жиддий хавфларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун қарор лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида педиатрия таълим тизимини сақлаб қолиш, оилавий тиббиёт билан уйғунлашган аралаш моделни жорий этиш ва ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Зотан, болалар саломатлиги нафақат тиббиёт соҳаси, балки миллат келажаги масаласидир.
Севара УБАЙДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати