Айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш борасидаги давлат дастурлари ижобий натижаларини бера бошлади. Албатта, бу ютуқлар халқимизнинг соғлом келажаги учун қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Халқаро тажрибалар асосида тизимни такомиллаштириш ва мамлакатимиз аҳолиси малакали тиббий хизматлардан баҳраманд бўлиши учун замонавий ёндашувларни жорий қилиш энг долзарб вазифаларимиздан.

Болаларга кўрсатилаётган тиббий хиз­матлар тўғрисида фикр юритганда, бирламчи таҳлилни, энг аввало, демографик кўрсат­кичлардан бошлаш мақсадга мувофиқ. Мам­лакатимизда туғилиш кўрсаткичлари барқарор юқори даражада сақланиб келмоқда. Хусусан, 2024 йилда 926 минг 400, 2025 йилда эса 879 минг 599 бола дунёга келган. Юртимиз аҳоли­сининг 32 фоиздан ортиғини 18 ёшгача бола­лар, 14 дан 30 ёшгача бўлганлар эса қарийб 26 фоизни ташкил қилади.

Шу ўринда 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар орасида энг кўп учрайдиган касалликларга ҳам бир қур тўхталишимиз за­рур. Жумладан, қон ва қон яратиш аъзолари касалликлари (камқонлик) мактаб ёшидаги болаларнинг қарийб 28,4 фоизида бўлиб, ушбу кўрсаткич болалар ўртасидаги касалланиш тузилмасида энг юқориси. Шунингдек, нафас олиш аъзолари билан боғлиқ, овқат ҳазм қилиш ва эндокрин тизими касалликлари кўп учрайди.

Мутахассисларга кўра, ҳар йилги туғилишлар сони қарийб бир миллионга етаётган бир вақтда болаларга хизмат кўрсатувчи тахминан 3 минг шифокор етишмайди. Болаларга мала­кали тиббий хизмат кўрсатишда тизимга туша­ётган юклама юқорилиги хизматлар сифатли ва самарали бўлишига табиий равишда таъсир қилмоқда. Бундай демографик шароитда бола­лар тиббиётига алоҳида ёндашув ва эътибор талаб этилиши табиий.

Юртимизда тиббиёт кадрларини тайёр­лаш учун махсус тизим яратилган. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг 6 йиллик бакалавриат босқичида таълим олган “Педиатрия иши” йўналиши битирувчилари, яъни болаларга тиббий хизмат кўрсатадиган кадрлар умумий амалиёт педиатри мутахассиси сифатида фаолият юритиши мумкин. Диплом­дан кейинги таълимда эса клиник ординатура ва магистратура мутахассисликлари орқали ихтисослашган тор соҳа мутахассислари, яъни болалар жарроҳлари, кардиолог ва кардиожар­роҳлари, неврологлари, психиатрлари, стомато­логлари ва юқумли касалликлар шифокорлари тайёрланади.

Профессионал мутахассис бўлиш тиббий кадрларнинг клиник амалиётни тиббиёт база­ларида — устозлари назоратида мустақил ама­лиёт ўташи билан боғлиқ. Бунинг учун тиббиёт олий таълим муассасалари клиник базалари мавжуд бўлиши ва талабалар, амалиётчилар клиник устозлари билан доимий бирга бўлиб, касалликларни ташхислаш ва даволаш жара­ёнларини амалий мустаҳкамлаши муҳим. Ҳи­соб-китобларга кўра, тиббий университетларда 26 мингга яқин талаба таҳсил олаётган бўлса, талабалар амалий шуғуллана олиши мумкин бўлган стационарларда тахминан икки мингта койка мавжуд. Халқаро стандартларда бу кўр­саткич, яъни талабалар амалий машғулот ўта­ши учун бириктирилган койкалар сони қанча кўп бўлса, шунча ижобий баҳоланади.

Шу билан бирга, кадрлар таъминоти маса­ласи ҳам ҳар қайси даврда муттасил такомил­лаштириб бориш талаб этиладиган йўналишлардан бири бўлиб келган. 2025 йил ҳолатига кўра, республикамизда жами 108 мингга яқин шифокор фаолият юритади. Яъни ҳар 10 минг аҳолига ўртача 28,6 шифокор тўғри келади. Пе­диатрлар эса тизимдаги энг йирик гуруҳ бўлиб, сони тахминан 18-19 минг нафарни ташкил этади. Бир қарашда бу етарлидек кўринса-да, аҳоли таркибида 11 миллиондан ортиқ бола мавжудлигини ҳисобга олсак, соҳада ихтисослашган кадрларга эҳтиёж йил сайин ошиб бо­раётганини кузатамиз.

Халқаро тажриба кўрсатадики, МДҲнинг айрим давлатларида амалдаги тизим бугунги мавжуд ҳолатимизга яқин. Европа мамлакатла­рида эса таклиф этилаётган янги тизимга уйғун моделлар мавжуд. Улар яхши инфратузилма, етарли малакали кадрлар ҳамда таълим жара­ёнини методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали ўз имкониятлари ва аҳоли эҳтиёжлари­дан келиб чиқиб, сифатли ва самарали тизим­ларни шакллантирган.

Мамлакатимизда ҳам айни тенденция­ларга асосланган ҳолда тизимни янада му­вофиқлаштириш ҳамда самарали, халқчил кўринишга келтириш учун қатор саъй-ҳара­катлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги кунларда “Тиббиёт ва фармацевтика таълими соҳасида кадрларни тайёрлаш тизимини тако­миллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. Ушбу ҳужжат мамлакатимиз тиббий таълим тизимини ислоҳ қилиш, кадр­лар тайёрлаш сифатини ошириш ва биринчи тиббий бўғинни мустаҳкамлашга қаратилган.

Бироқ ушбу қарор лойиҳасида жамоат­чилик ва мутахассислар орасида баҳсларга сабаб бўлаётган масалалардан бири олий таълим муассасаларидаги “Педиатрия” таъ­лим йўналишини алоҳида ихтисослик си­фатида сақлаб қолмаслик ва уни “Умумий тиббиёт” тизимига бирлаштириш режаси­дир. Мазкур масала нафақат таълим сиёса­ти, балки миллат саломатлиги ва демогра­фик барқарорлик нуқтаи назаридан ҳам ўта муҳим. Қарор лойиҳасида тиббий таълимни “5+1” форматига ўтказиш назарда тутилган. Ушбу модель 5 йиллик умумий тиббий таъ­лим ва 1 йиллик амалиётни (стажировка) ўз ичига олиб, асосий мақсад сифатида оилавий шифокорлар тайёрлашга қаратилган.

Тизимда “Даволаш иши” ва “Педиатрия” таълим йўналишлари бирлаштирилиб, “Уму­мий тиббиёт” ихтисослиги шакллантирили­ши мумкин. Натижада талабалар 1-курсдан болалар тиббиётига ихтисослашган ҳолда эмас, балки барча ёш тоифалари учун умумий тайёргарлик кўради. Бир қарашда бу универ­саллашув ижобий кўринса-да, мутахассислар фикрича, мазкур ёндашув жиддий хавфларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас. Ху­сусан, болалар тиббиётига ажратилган соатлар қисқаради, неонатология, болалар физиологияси, болалар касалликлари пропедевтикаси ва болалар фармакологияси каби муҳим йўналишларда билим чуқурлиги пасаяди, эрта ташхис қўйиш имкониятлари чекланади. Бу эса касал­ликлар оғирлашиши ва стационарларга юклама ортишига олиб келиши мумкин.

Педиатрия алоҳида клиник мактаб ҳисобланади. Шу сабабли болалар касалликлари­ни эрта босқичда аниқлашда педиатрларнинг ўрни беқиёс. Илгари олинган тажрибалар ҳам бунинг тасдиғидир. Масалан, 1990 ва 2000 йиллар бошида қишлоқ врачлик пунктлари ва умумий амалиёт шифокорлари тизими жорий этилган, аммо бу жараён болалар касалликла­рини кеч ташхислаш, мураккаб ҳолатлар сони ортиши ва стационарларга ортиқча юклама каби муаммоларни келтириб чиқарган.

Худди шундай ҳолатлар бошқа давлатларда ҳам кузатилган. Масалан, Қозоғистонда 2007 йилда педиатрия факультетлари тугатилган ва умумий амалиёт шифокорлари тайёрлаш тизимига ўтилган. Аммо 10 йилдан сўнг — 2017 йилда педиатрия факультетлари қайта тикланди. Ушбу тажриба болалар касалликла­рини аниқлаш сифати пасайиши, ота-оналар норозилиги, болалар шифохоналарида кадрлар танқислиги ва болалар ўлими кўрсаткичлари ортиши каби сабабларга асосланган. Бу шун­дан далолат берадики, педиатрияни умумий тиббиёт билан тўлиқ алмаштириш ҳар доим ҳам самара бермайди.

Айни пайтда соҳадаги муаммолар фуқаро­лар мурожаатларида ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, дюшен мушак дистрофияси билан касалланган болаларнинг ота-оналари томо­нидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бир неча бор мурожаат қилинган. Ушбу муро­жаатлар тор ихтисослик шифокорлари етиш­маслиги, дори-дармон билан таъминлашда узилишлар, реабилитация ва паллиатив ёрдам масалаларини ўз ичига олади.

Янги оилавий шифокорлик таълим йўна­лишини жорий этиш зарур. Бироқ жойларда ушбу йўналиш учун тўлиқ шарт-шароит ва инфратузилма яратилгунга қадар амалдаги тизимни шошма-шошарлик билан бекор қи­лиш мақсадга мувофиқ эмас. Аксинча, мав­жуд педиатрия ва даволаш иши таълим йўна­лишларини сақлаб қолган ҳолда янги таълим йўналиши бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, унга талабаларни танлов (имтиҳон) асосида қабул қилиш ва битирувчилар фаоли­ятини амалий жиҳатдан ўрганиш лозим деб ҳисоблаймиз.

Фақат шундан кейингина, яъни янги тизим ўзини амалда оқласа, ижобий натижалар берса ва мавжуд таълим йўналишларига нисбатан устунлиги исботланса, педиатрия ва даволаш иши таълим йўналишларини босқичма-босқич ушбу оилавий шифокорлик тизимига муво­фиқлаштириш мумкин. Бу ёндашув, бир то­мондан, бугунги кунда педиатрия ва даволаш иши таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқиш жараёни узлуксиз давом этишини таъминлайди, иккинчи томондан, янги тизимнинг самарадорлигини амалда си­новдан ўтказиш имконини беради.

Мутахассислар фикрича, бундай ис­лоҳотлар камида 10-15 йиллик ўтиш дав­рини талаб қилади. Шу вақт давомида ўқув дастурлари қайта ишланиши, ўқи­тувчилар қайта тайёрланиши, клиник база мустаҳкамланиши ва мустақил баҳолаш тизими жорий этилиши керак. Турли ама­лий тажрибаларни ҳам синовдан ўтказиш имкони мавжуд. Масалан, ҳар 3 та оилавий шифокор бригадасига 1 та педиатр-кон­сультант бириктириш моделини жорий этса бўлади. Бу орқали мураккаб ҳолатларни пе­диатр кўради, эмлаш ва профилактика на­зорати кучаяди ҳамда оилавий шифокорлар учун методик ёрдам таъминланади.

Тиббий таълимни ислоҳ қилиш, шубҳа­сиз, зарур жараён. Бироқ ҳар қандай тиббий ислоҳотда асосий мезон бемор хавфсизлиги, айниқса, болалар саломатлиги бўлиши лозим. Демография, болалар улушининг катталиги ва педиатрларга ўсиб бораётган юқори эҳти­ёж шароитида педиатрия таълим йўналишини тўлиқ бекор қилиш ёки уни умумий тиббиёт­га кескин қўшиб юбориш жиддий хавфларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун қарор лойиҳасини муҳокама қилиш жараёни­да педиатрия таълим тизимини сақлаб қолиш, оилавий тиббиёт билан уйғунлашган аралаш моделни жорий этиш ва ислоҳотларни босқич­ма-босқич амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Зотан, болалар саломатлиги нафақат тиббиёт соҳаси, балки миллат келажаги масаласидир.

Севара УБАЙДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати