Учрашувда Сенат Раиси Т.Нарбаева болаларни 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан табриклаб, уларга Сенат фаолияти, ялпи мажлислар залида қабул қилинаётган қонунларга қисқача тўхталди ҳамда бугун юртимизда ўқиб изланишга барча имконият мавжуд эканлигини қайд этиб ўтди.

«Хусусан, ўқиб-ўрганишларингиз учун замонавий мактаблар, жисмонан чиниқишингиз учун спорт иншоотлари, истеъдодингизни ривожлантириш учун турли марказлар ташкил этилган ва бошқа кўплаб имкониятлар қўлингизда.

Сўнгги йилларда барчанинг бепул таълим олишга бўлган ҳақ-ҳуқуқи таъминлангани ҳолда, индивидуал таълимга ҳам катта эътибор қаратиляпти.

Ижод ҳамда Президент мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. 56 та математика, 28 та кимё-биология, 14 та ахборот технологиялари фанларига ихтисослаштирилган махсус таълим муассасалари ташкил этилди. Сизларнинг ҳар бирингиз бир оламсиз.

Ҳар бирингизнинг ўзингизга хос қизиқишингиз, истеъдодингиз ва қобилиятингиз бор. Ушбу мактаблар уларни рўёбга чиқариш, келажакда ўзингиз танлаган соҳани эгаллаш, етук мутахассис бўлишингизга мустаҳкам замин ҳозирлайди», — дейди Сенат Раиси.

Шунингдек, учрашувда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов, Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б.Сайфуллаев ҳамда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Б.Тўхтамуродовлар иштирок этиб, уларни байрам билан қутлади.

Уларга мамлакат келажаги ёшлар қўлида эканлиги, бунёд этилган мазкур муҳташам биноларда ишлаш имконияти борлиги, бунинг учун астойдил ўқиш, изланиш ва билим олиш зарурлиги тушунтирилди.

Ўз навбатида, болалар ҳам ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан берган саволларига батафсил жавоб олдилар.

Шундан сўнг болалар қонунларни қабул қилиш, уларнинг ижроси юзасидан парламент назоратини ташкил этиш жараёнлари билан таништирилди.

Анъанага мувофиқ тадбир сўнггида болалар ва сенаторлар эсдалик учун суратга тушдилар. Болаларга байрам муносабати билан совғалар топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.