Тадбирда қатнашган адабиётшунос олим Абдумурод Тилавов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мадания ходими, шоир Бобур Бобомурод ва бошқалар сўзга чиқиб, тил миллатнинг қадриятларини кўрсатадиган асосий воситалардан бири эканини таъкидладилар. Зеро, ўзбек тили тарихий, қадимий туркий тиллар оиласига мансуб гўзал ва бой тилдир.
— Сувсиз дарё бўлмаганидек, тилсиз миллат ҳам бўлмайди, — дейди мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, Халқ таълими фидойиси Саида Мажидова. — Шукрки, мамлакатимизда байрамлар кўп, уларнинг ичида энг гўзал байрам бу 21 октябрь — Ўзбек тили куни байрамидир, десак адашмаймиз. Она тилимизга давлат тили мақоми берилганига бу йил 32 йил бўлди.
Тадбир доирасида таълим даргоҳининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси Шарофатхон Тошмирзаева ҳамда Назокат Турсунбекова ўз тажрибасидан мисоллар келтиришди. Мазкур мактабда она тили ва адабиёт фанлари чуқурлаштириб ўтилади. Дарсларда ўқувчиларга ўзбек тилидаги қадимий сўзларни ўргатиш, бир фикрни бир неча хил сўзлар билан ифода этиш, маънодош жумлаларни ўз ўрнида қўллаш ўргатилади. Ўқувчиларнинг ёзма ва оғзаки нутқи қай даражада ривожланганини кўрсатувчи иншолар танлови ҳам ўтказиб турилади. Қолаверса, мактабда ички олимпиада бўлиб туради. Яъни, деворий газеталарда кичик ҳикоялар ёритилиб, давомини маъноли ва бехато тўлдириш шарти берилади. Натижада энг чиройли якун берган ўқувчи ғолиб бўлади.
Зеро, жаҳонда мавжуд тиллар тўрт мингдан зиёд бўлса, шундан фақат 200 таси ўз тили ва ёзувига эга. Уларнинг орасида ўзбек тилининг ҳам борлиги қалбимизни фахрга тўлдиради. Мунтазам тарзда дунёда қайсидир бир халқ, элат гаплашадиган тил таназзулга учрайди. Шу билан бир вақтда абазин, баск, табасаран тиллари каби йўқолиб бораётганлари ҳам, афсуски, йўқ эмас. Ўзбек тилидаги асарлар, илмий нашрлар орқали ёш авлодга беқиёс меросимиз ўргатиб борилмоқда. Ёзувчи Расул Ҳамзатов таъкидлаганидек, халқнинг барҳаётлиги унинг тилидадир.
Азиза ИМАМХОДЖАЕВА,
мактаб директорининг маънавий-маърифий
ишлар бўйича ўринбосари,
“Шуҳрат” медали соҳиби