ЎзМУ профессори, биология фанлари доктори, академик, Рим университети фахрий профессори Бакриддин Зарипов “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган журналист Ўткир Раҳмат лойиҳаси асосида тайёрланган “Халқнинг юрагига йўл” номли тўпламга сўзбошисини юқоридаги шу жумлалар билан бошлаган.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами арафасида газеталар тарихига бағишланган йирик тўплам — Халқнинг юрагига йўл” нашрдан чиқди.
Янги Ўзбекистон пойдеворини қўйиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги таҳлилий мақолалар ўрин олган китоб 4 та йирик бобдан иборат. Китобнинг “Янги Ўзбекистон: таҳлил таққос, тафсилот” деб номланган бўлимида республикамизнинг ижтимоий-сиёсий, маданий ва маърифий ҳаётига доир қатор долзарб масалалар ҳақидаги материалларни ўқишингиз мумкин.
“Халқнинг юрагига йўл” номли боби эса, ўзбек халқининг соф кечинмалари, жамият муаммолари ва уларга берилаётган таклиф ва ечимлардан сўзлагани билан аҳамиятли.
Китобни варақлар экансиз, “УЧИНЧИ РЕНЕССАНС”, “ИЛМДАН БОШҚА НАЖОТ ЙЎҚ” бўлимларидан жой олган долзарб мақолалар эътиборингизни тортади. Улардаги Ренессанс пойдевори — илму маърифат экани, фидойи, ватанпарвар ёшларни тарбиялаш масалалари ҳақидаги фикрларни ўқир экансиз, юртимизнинг бой ўтмиши, бугуни ва келажагига қаратилган кенг қиёсий таҳлилга гувоҳ бўласиз.
Шунингдек, тўплам материалларида мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим, маданият, иқтисодиёт, экология, тиббиёт соҳаларидаги туб бурилишлар, ислоҳотлар натижасида амалга оширилаётган эзгу ишлар, ютуқ ва камчиликлар ҳам яққол акс этган.
Умуман олганда, Бакриддин Зарипов ёзганидек, китобни ўқир экансиз, дунёдаги таҳликали жараёнда ўзбекистон стратегияси қандай бўлиши керак? Учинчи Ренессанс Ўзбекистонга нима беради? Таълим тизими истиқболи нималарда кўринади каби саволларга аниқ жавоб оласиз, тафаккурингиз кенгаяди.
Шу маънода ўйлаймизки, ушбу тўплам узоқ йиллар муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Муножат Мўминова