Ўзбекистон ва АҚШ мутахассислари тўғонлар хавфсизлигини таъминлаш ва улардан самарали фойдаланиш соҳасида кенг қамровли масалаларни муҳокама қилишди, дея хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ташаббуси билан видеоконференция шаклида ташкил этилган мазкур учрашувда Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Гидроводхознадзор бўйича давлат инспекцияси, АҚШ қуролли кучлари муҳандислари корпуси – USACE ва ўзбекистонлик дипломатлар иштирок этишди.

Видеоконфренция давомида тўғонларнинг жисмоний хавфсизлигини ошириш, илғор автоматлаштириш тизимлари ва инновацион ечимларни қўллаш орқали уларнинг ишлашини мониторинг қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар яқин келажакда ўзаро маълумот алмашишни, техник ечимлар ишлаб чиқишни, тўғонларнинг хавфсиз ишлаши учун меъёрий ва институционал базани такомиллаштиришни кўзда тутувчи ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш тўғрисида келишиб олдилар. Шунингдек, учрашувда ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларини ташкил этиш муҳимлиги ҳам таъкидланди.