Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти бошлиғи ўринбосари М.Куранов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ўринбосари А.Юнусов “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатларга кетаётган шахсларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорлари ва бошқа топшириқларда белгиланган вазифаларнинг жойлардаги ижросини ўрганиш мақсадида Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида ташкил этилган учрашувда жорий йилда Жиззах вилоятида ташқи меҳнат миграцияси соҳасида хусусан, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш кўламини кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш, чет давлатларнинг ваколатли ташкилотлари ва иш берувчилари билан ҳамкорлик ўрнатиш, уларда аниқланган иш ўринларига фуқароларни ташкиллаштирилган тартибда ишга юбориш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хориждан қайтган фуқаролар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш каби ишларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Хорижга кетган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларидан хабар олиш ва муаммоларини аниқлаш бўйича вилоят Ишчи гуруҳи ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва инспекторларига маҳалла, сектор ва туманлардаги Ишчи гуруҳлари фаолиятини самарали ва тўғри ташкил этиш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Маълумотга кўра, вилоятда 18 минг 74  нафар  хорижда юрган фуқаролар ўрганилган. Қолган 18 минг 975 нафар фуқарони тез кунда ўрганиш ишларини якунлаш бўйича топшириқ берилди.

Ишчи гуруҳи Жиззах шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказининг якуний қурилиш ишлари билан танишди. Келгусида марказ томонидан бажарилиши лозим бўлган масалалар юзасидан таклиф берилди.

2021 йил 25 январдаги “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатга кетаётган шахсларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” Президент қарори ижросини таъминлаш бўйича Жиззах архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежи жойига бориб ўрганилди.

Қарор бўйича мазкур коллеж негизида қурилиш соҳаси бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш марказини ташкил этиш белгиланган бўлиб, марказга бориб ўрганилганда етарлича ишлар бажарилмагани аниқланди.

Шунингдек, Ишчи гуруҳи аъзолари Шароф Рашидов тумани “Сўғдиёна”, “Янги диёр” ва “Умар” МФЙларда, Мирзачўл тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ва касб-ҳунарга ўқитиш маркази, “Дўстлик”, “Ғалаба” ва “Эржон” МФЙларида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Йўл қўйилган камчиликларни тез кунда бартараф қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.