Унинг қуйидаги матла билан бошланувчи ғазали ҳам фикримиз исботида қўл келади:

Кўк вусмада ул ой қоши гўё хаёлдир,

Ё ой бошида кўкта кўринган ҳилолдир.

Биз шу байт юзасидан мушоҳада юритмоқчимиз. Ҳозирги ҳолатда байт мазмунини соддалаштириб шундай ифодалаш мумкин:

Ул ойдай гўзалнинг кўк ўсма қўйилган қоши гўё хаёл кабидир. Ёки ойнинг илк куни осмонда кўринган ҳилолдир.

Энди биз сулувнинг хаёлдай қоши хаёлига толиб кўрамиз. Асарни эски ёзувдан жорий ёзувга кўчирувчи котиб ҳар бир мисра мазмунини идрок чиғириғидан ўтказиб, сўнг араб ёзувидан амалдаги ёзувга кўчиради. Ярим аср давомида шу байтнинг биринчи мисрасини кўчирган ўн нафардан ортиқ бобуршуноснинг бирортаси ҳам бу сатр мазмуни устида бош қотирмаган, мисрани фаҳм-идрок чиғириғига солиб кўрмаган, назаримизда. Чунки юзаки қараганда бу мисрада жиддий хатолик йўқдай туюлади. Бунга афтидан “хаёл” абстракцияси-мавҳумлиги олимларни алланечук лирик аллалаб чалғитади.

Байтдан кўриниб турибдики, Бобур ёрнинг ўсма қўйган қошига нисбатан тажоҳули орифона санъатини маҳорат билан қўллаб, қўшалоқ ташбиҳ келтирмоқда.

Иккинчи мисрада қош ҳилол (янги ой)га ўхшатилган ва тўғри ташбиҳ қўлланган.

Бироқ биринчи ташбиҳни ўйлаб кўрайлик-чи, тўғримикан? Мавжуд, кўриб ва ушлаб кўрса бўладиган қошни Бобурдай талабчан адабиётшунос хаёлга — абстракт тушунчага ўхшатадими? Бошқача айтсак, инсон хаёли ўсмали қошга ўхшайдими?

Қош ва хаёл зинҳор бир-бирига ўхшамайди.

Бу сўз — “хаёл”нинг мисрада ўринсизлиги, унинг ўрнида “ҳилол”га қофиядош бир сўз бўлиши кераклиги, у сўз ҳам икки ҳижоли ва “ҳилол”га оҳангдош бўлиши лозимлиги ҳақида кўп ўйлаб, “хилол” сўзида тўхтаганман.

Бироқ лаҳжамизда “хилол” деб ёввойи ўтни айтишади. У ҳеч қачон сулув қиз қошига ўхшамайди: унинг япроқлари бигиздай тик ўсади...

Филология фанлари доктори Ботирбек Ҳасанов тузган “Навоий асарлари учун қисқача луғат”да “хилол” сўзига “халал”нинг кўплиги; зиён, нуқсон; синиқ  деб изоҳ берилган.

Демак, бу маънолар Бобур мисраси мазмунига алоқадор эмас.

“Хилол” бўлмаса, қайси сўз экан-а...

Матн жумбоғи масаласи ҳал бўлмай қолди.

Бу мисра ҳақиқатини 2015 йили Афғонистонга — Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоий мақбарасига Ғозғон мармаридан тайёрланган сағана тошини олиб бориб ўрнатганимизда кашф этганман.

Бобур номидаги Халыаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов бошлиқ экспедиция таркибида табаррук хизмат учун борган эдик. Ўша куни сағана ўрнатувчилар учун Мусалло майдонида сергўшт, серсабзавот шўрва қайнатиб, энди сузаман, деб турганимда ҳайдовчимиз Аҳмаджон Исобоев шошилинч келиб, “Кетдик, домла!” деб қистаб қолди.

— Ҳа, мен овқатни сузиб берай...

— Ўзлари сузиб ичишади. Зокиржон ака сизни тез келсин, деб кутиб турибди, — деди.

Умримда энг ширин қилиб пиширган шўрвамдан зўрға кўнгил узиб, хабарчимга эргашдим.

Ўзбекистонлик Навоий мухлисларини ҳиротлик тадбиркор Бисмилло ҳожи чойга чақирган экан.

Афғонистонда энг арзон нарса — гўшт. Дастурхонда гўштнинг ўзидан тайёрланган беш хил таом... Бошқа хилма-хил таомлар мева-чевалар билан дастурхон шоҳона безатилган. Қадрдонимиз Муҳаммад Набихон ҳожи Навоий ва Жомий ҳазратларининг хайрия ва эҳсон ҳақидаги байтларини айтиб билан суҳбатга жон киритиб турди...

Зиёфат сўнгида хизматдаги йигит янги ой шаклидаги ва ўта нозик занжирчали, оқ металлдан ишланган тиш кавлагичдан ҳар бир меҳмон олдига иккитадан қўйиб чиқди. Мен умримда бунчалик нозик санъатда ясалган хилол — янги ой шаклидаги тиш кавлагични кўрмаган эдим. Хилол тақсимоти мен учун зиёфатнинг энг муҳим қисми ўлароқ ёдимда қолди.

Хилол — тиш кавлагич оппоқ ялтироқ металлдан ясалиб, узунлиги 2,5 сантиметр бўлади; бир чеккасига илгакли нозик занжирча ўтказилади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиротга, Ҳусайн Бойқаро таъзиясига бориб йигирма кун ой Алишер Навоийнинг Унсия номли хонақоҳида яшаган. Ўша пайтлардаги зиёфатларда хилол берилган экан-да, деган хаёлга бордим. Қўлимдаги хилол — тиш кавлагичнинг моҳирона ишланган бундай нусхаси Алишер Навоий даврида ҳам қўлланган экан. Даҳо шоиримизнинг қуйидаги байти бунинг ёрқин далилидир:

Жунун салосили бўйнумда, заъфлиқ тан ила

Ҳунарвар ўйлаки, занжир осар хилол узра.

Мазмуни: Хаста жисмим ва бўйнимдаги телбалик занжири худди ҳунарманд ясаган майин занжирча осиғлиқ хилолга ўхшайди.

Қаранг-а! Бир сўз жумбоғини ечиш — матн нуқсонини ислоҳ этиш учун Ҳиротга бориш керак экан-а...

Кўк вусмада ул ой қоши гўё хилолдур.

Ойдай сулувнинг кўк ўсма қўйилган қоши гўё хилолдир, яъни янги ой шаклидаги тиш кавлагичга ўхшайди. Худди ўзи-я! Байтдаги иккала ўхшатиш ҳам энди табиий экани маълум бўлди.

Борди-ю, 2015 йилдан илгари бирор олим менга “хилол — тиш кавлагич”, деса, ишонмаган бўлардим! Чунки ўшангача тиш кавлагичларнинг гугурт чўпидай тик ҳолатдагисини кўрганман, холос. Улар қошга ўхшамайди.

Яна бир муҳим гап: табиий ёғочдан ясалган тиш кавлагичлар хилол дарахтидан олинади. Бу дарахт шохларида акацияникидек тиканаклар бўлади. Шунинг учун Афғонистонда тиш кавлагични хилол дейишади.

Ваҳоб РАҲМОН,

адабиётшунос олим