Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган Андижон шаҳридаги пичоқбозликка «Xabar.uz»га асосан ойдинлик киритган Бош прокуратура матбуот хизмати чиндан ҳам шундай воқелик юз берганини тасдиқлади.
Унга кўра, аянчли ҳолат бугун — 21 июль куни соат 15:55 лар чамасида Андижон шаҳрининг Эски шаҳар мавзесидаги миллий таомлар ошхонасида содир бўлган.
Пичоқбозликка сабаб ичкилик бўлган. Яъни, 1967 йилда туғилган Т.С. маст ҳолатда ошхонага келиб, насияга спиртли ичимлик сўраган, аммо ошхона иш юритувчиси 22 ёшли Ш. Р. Унинг илтимосини рад этганидан аччиқланиб, жанжал кўтаради ва ёнида бўлган пичоқ билан йигитнинг чап кўкрагига бир маротаба уриб, унга оғир тан жароҳати етказади.
Воқеа жойида бўлган фуқароларнинг саъй-ҳаракати билан жабрланувчи РШТЁИМ Андижон филиалига олиб келинади ва ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам сабаб ҳаёти сақлаб қолинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Пичоқ урган Т.С. муқаддам Жиноят кодексининг 104-моддаси («қасддан баданга оғир шикаст етказиш») билан бир неча маротаба судлангани айтилади.