Жумладан, Тиббиёт ва соғломлаштириш туризмини уйғунликда ривожлантириш аҳамиятлидир.
Шу боисдан Хитой давлати билан ҳамкорликда ишлаш ва бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Хитой тажрибасидан фойдаланиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйиляпти.
Жорий йил 6 июнда Тошкент шаҳрида Хитой (Сиань) – Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда анъанавий Хитой табобати соҳасида ҳамкорлик бўйича конференция ташкил этилди.
Унда Хитойнинг Сиань шаҳри марказий комитети раҳбари ўринбосари Ванг Живеи, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика халқ табобати илмий-амалий маркази раҳбари Жамшид Мирраҳимов, шунингдек, Туризм қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда қатор манфаатдор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
«Ўзбекистоннинг тиббиёт туризмини ривожлантириш борасида эришаётган натижалари бизни ҳайратлантиряпти. Маҳаллий аҳоли ва хорижлик талабгорлар учун ўз соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиш борасида онгли танлов учун имкониятлар яратишда халқ табобатининг салоҳиятидан фойдаланиш жуда муҳим. Бу борада анъанавий Хитой табобати соҳасида ҳудудий ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олдик. Эндиликда икки томонлама тажрибалар алмашишда қатор лойиҳаларни амалга оширамиз», — деб айтиб ўтди Хитойнинг Сиань шаҳри марказий комитети раҳбари ўринбосари Ванг Живеи.
Тадбир якунида Хитой (Сиань) – Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда анъанавий Хитой табобати соҳасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
Маълумот учун, мамлакатимиздаги 86 та санаторий ва тиббий муассасаларда ўтган йили 60 мингдан зиёд хорижий турист даволанди. Бу кўрсаткични жорий йилнинг якунига қадар бир баробарга ошириш мақсад қилинган. Эслатиб ўтамиз, эндиликда хусусий клиникаларнинг халқаро стандарт олиш, хорижий кўргазмада қатнашиш харажатлари бюджетдан қопланади. Клиникаларга келган чет элликлар учун қўшилган қиймат солиғи қайтарилади, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.