Конференцияда Хитойнинг Нинбо шаҳрининг Сяншань тумани маъмурияти делегацияси ва Сяншань туманидаги турли соҳалардаги 10 та Хитой компанияси вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан Хитойнинг Сяншань тумани корхоналари билан ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр 80 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти қатнашди.
Тадбир давомида Хитой томони Сяншань туманининг иқтисодий салоҳияти ҳамда Ўзбекистон корхоналари билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, озиқ-овқат, тўқимачилик, электротехника, пластик ва кимё саноати корхоналари билан икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларига бағишланган тақдимотлар ўтказди.
Таъкидлаш жоизки, Сяншань Хитойнинг энг илғор 100 туманидан бири ҳисобланади. Туманда маҳсулотларнинг кенг ассортименти ҳамда қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш имкониятларига эга бўлган кўплаб кучли корхоналари мавжуд.
Сўнгги йилларда Хитой Ўзбекистоннинг етакчи ташқи савдо шериги бўлиб келяпти. 2022 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,2 баравар кўпайиб, 8,9 миллиард доллардан ошди.
Тадбир ўзаро товар айирбошлашни фаоллаштириш, Ўзбекистондан Хитойга маҳсулот экспорти ҳажмини ошириш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги технологик ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилди.
Ушбу тадбирда иштирокчилар савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Хитой компаниялари фаолияти билан тўлиқ танишиш, шунингдек, томонлар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама этиш имконига эга бўлдилар.
Тадбир якунида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида «B2B» форматида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар беради Савдо саноат палатаси матбуот хизмати.
Бу эса ўз навбатида кичик ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, келгусида ўзаро манфаатли савдо битимлари ва шартномаларини тузиш учун қўшимча омил бўлиб хизмат қилади.