Тадбирда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда вилоятлар ахборот-кутубхона марказларининг 500 дан ортиқ масъул ходими, ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон Нотариал палатаси, илмий ва академик доиралар офлайн ва онлайн тарзда иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов мамлакатимизда 2026 – 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини тубдан ошириш мақсадида бир одам ўқийдиган китоб сонини йилига ўртача 10 та китобга етказиш вазифа этиб белгиланганига эътиборни қаратди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев эътироф этганидек, «Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда».

ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин қаламига мансуб «Давлат бошқаруви тўғрисида», «Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида», «Қашшоқликдан халос бўлиш» номли китобларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида мухтасар сўз юритди. Хитой Элчиси ушбу тақдимотни юқори савияда ташкил этгани учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига миннатдорчилик билдирди.

Хитой Элчихонаси томонидан Инсон ҳуқуқлари уйига қарийб 800 та адабиёт беғараз тақдим этилди.

Сўзга чиққанлар тақдим этилган адабиётлар Хитойнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига оид концептуал ёндашувларини очиб берувчи нуфузли манбалар сифатида катта аҳамиятга эга эканини таъкидладилар. Ушбу китоблар орасида ўзбек тилида ҳам нашр этилган манбаларнинг кўплиги Ўзбекистон ва Хитой жамиятлари ўртасида ўзаро илмий маърифат алмашиш, давлатлараро мулоқотни чуқурлаштириш ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очиши эътироф этилди.

Инсон ҳуқуқлари ва Хитой маданиятига оид китоблар нафақат Инсон ҳуқуқлари уйи фонди, балки мамлакатимиздаги етакчи ахборот-кутубхона марказлари фондини бойитишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир якунида Хитой Элчихонаси совға қилган китоблардан 350 таси Ўзбекистон Миллий кутубхонаси учун ажратилди. Бу ҳақда Миллий кутубхона масъулларига тегишли сертификат топширилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази матбуот хизмати.