«Ўзбекистон Президенти 2021 йилги Давлат дастурини тасдиқлади». Хитойнинг «Синьхуа» ахборот агентлиги тарқатган ахборот ана шундай номланган. Унда 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги Президент фармони эълон қилингани билан боғлиқ муҳим маълумотлар қаламга олинган.

Агентлик мазкур дастур доирасида 29,4 триллион сўм ва 2,6 миллиард доллар миқдоридаги лойиҳалар амалга оширилишини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилган. «Бу кўрсаткич 2020 йили 18,2 триллион сўм ва 10,3 миллиард долларни ташкил этган, шундан 8 миллиард доллар ҳажмидаги маблағ сармоявий лойиҳалар доирасида тақдим қилинган эди», деб ёзади «Синьхуа» АА.

Манбанинг таъкидлашича, бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалардан 19,4 триллион сўм ҳамда 850 миллион доллар ҳажмида маблағ ажратилади. Давлат дастурини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 4 триллион сўм ва 850 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтиради.

«Ижрочилар ва банклар томонидан давлат дастурининг амалга оширилишига 6,8 триллион сўм ажратилади. Халқаро молия институтлари ва грант маблағлари ҳажми 1,8 триллион сўм ва 1,7 миллиард долларини ташкил этади», деб ёзади агентлик.

Бундан ташқари, «Женьминь Жибао» кундалик газетаси веб-саҳифасида («Женьминь жибао»-онлайн) эълон қилинган яна бир ахборот материали мамлакатимизда Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилгани мавзусига бағишланган. Унда Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан ташкил топган мазкур жамғарма Алишер Навоий ҳаёти, ғоялари ва илмий-адабий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга даъват этилгани алоҳида таъкидланган.

«Ҳужжатга мувофиқ, жамғарма Алишер Навоий асарларини хорижий тилларга таржима қилиш ва уларни нашр этиш, Алишер Навоийнинг илмий-адабий меросини тадқиқ этаётган адиб ва олимлар фаолиятига кўмаклашиш билан шуғулланади», деб ёзади «Женьминь жибао»-онлайн.

Нашр Алишер Навоий таваллуд топган сана – 9 февраль Ўзбекистонда ҳар йили кенг нишонланиши хусусида тўхталар экан, мамлакатимизда ўзбек тилининг асосчиси, ғазал мулки султонининг ҳаёт ва ижод йўли, унинг бой меросига бағишланган халқаро конференция, Навоийхонлик тадбирлари ўтказилиши анъана тусини олганини алоҳида қайд этади, деб хабар беради «Дунё» АА.

Шунингдек нашрнинг «Бугунги кунда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий (1441 – 1501) номи Хитойда маълум ва машҳурдир. «Миллий ва хорижий шеърият» маданий дастурида иштирок этиш учун унинг ижод намуналари танланган. 2017 йили Шанхай университетининг марказий майдонида буюк шоирнинг ҳайкали ўрнатилган»,— деган хабари мисол тариқасида келтирилади.