Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Хитой Халқ Республикаси Раиси ўртасидаги учрашув якуни билан эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва келгусидаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган суҳбат чоғида икки Давлат раҳбарлари бошчилигида мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар барча устувор йўналишларда изчил мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.
Савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, транспорт-логистика, банк ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик ривожланаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил февраль ойида Хитойга ташрифи чоғида имзоланган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро дастурини амалга ошириш бўйича кейинги чораларни белгилаб олдилар.
Хитой томони Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида 25 мартда «Саноат кооперацияси. Янги имкониятлар» бўйича Ўзбекистон-Хитой форумини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти шафелигида Ўзбекистонда жорий йилда бўлиб ўтадиган тадбирларга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида учрашув иштирокчилари икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик самарадорлигини ошириш бўйича алоқаларни янада фаоллаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.