Улар сунъий интеллект технологиялари учун чипларнинг асосини ташкил қилиши мумкин. Ушбу FeFET (сегнетоэлектрик майдон транзистори) қурилмалари одам миясининг ишлашига тақлид қилади.
Яримўтказгичли чиплар инсоният учун янги имкониятларни очди. Уларнинг ёрдамида биз бошқа қитъалардаги одамлар билан мулоқот қилишимиз ва энг тезкор суперкомпьютерларни яратишимиз мумкин. Аммо квант технологиялари ривожланиб борган сари кремний чипларининг камчиликлари тобора кўпроқ яққол кўриниб бормоқда. Масалан, сунъий интеллект ривожланишидаги кескин сакраш жуда катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлашни талаб қилди. Аввалги технологияларга асосланган ҳисоблаш самарасиз бўлиб чиқди.
Анъанавий кремний асосидаги яримўтказгичли чиплар маълумотларни сақлаш ва ҳисоблаш функцияларини ажратиб туради. Мураккаб операциялар пайтида маълумотлар бу соҳалар ўртасида ҳаракатланади, бу вақт ва энергия талаб қилади.
Олимларнинг янги ёндашуви маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказларини бирлаштиришдан иборат. Бу жой ва энергия сарфини тежайди, деб хабар берди mir24.tv.
Олимлар шунингдек, иш кучланишини камайтириш учун янги транзистор тузилмасини ишлаб чиқишди. Затвор электродининг ўлчами атиги бир нанометргача қисқартирилди (таққослаш учун, ДНК молекуласининг эни икки нанометр). Бу иш кучланишини 0,6 В гача камайтиради (аввалги авлод транзисторлари учун камида 1,5 В га нисбатан).
Қурилманинг жавоб бериш вақти 1,6 наносониядан кам. South China Morning Postнинг хабарига кўра, Пекин университети жараён ва чип конструкциясини патентлаган.