Хабарда келтирилишича, 2022 йилнинг 31 май куни соат тахминан 08-30лар атрофида номаълум шахслар Яккасарой тумани Қушбеги даҳасида яшовчи Хитой Халқ Республикаси фуқароси 36 ёшли Т.В.нинг уйига эшик қулфини бузган ҳолда кириб, хонадон ётоқхонасидаги шкафга ўрнатилган темир сейфдан 265.000 АҚШ доллари олиб, ҳодиса жойидан яширинишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни Сурхондарё вилоятида яшовчи 24 ёшли Ж.М., Р.И., 19 ёшли Н.Ж., Б.М., 20 ёшли О.О. ва 23 ёшли Т.А.лар содир этканлиги аниқланиб, улардан жами 246.000 АҚШ доллари, 9.771.000 сўм, 100 евро ҳамда мазкур пулларга сотиб олинган бир дона “iPhone 13” телефон аппарати ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда юқоридаги шахсларнинг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, эҳтиёт чораси сифатида “қамоққа олиш” қўлланилган.