У ерда гипс ва керамик буюмлар, цемент, темир - бетон буюмлар, табиий бўёқлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Бежизга Ўзбекистон туманига мазкур мақом берилмаган. Боиси, тумандаги Шўрсув маҳалласи ҳудудида фойдали қазилма конлари мавжуд бўлиб, бу заминдаги оҳак, гипс тошлар, темир таркибли охра тупроқлар табиатнинг ноёб бойликларидир. Табиийки, тумандаги бундай табиий захиралар ва инвестиция муҳити хорижлик инвесторларни ўзига оҳанрабодек тортяпти.
Куни кеча Ўзбекистон туман Давлат хизматлари марказида Хитой Халқ Республикасининг 24 ёшли инвестори Song Caixin хонимнинг «Dsarah» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилди. Устав фонди 1 миллиард сўмга эга бўлган ушбу корхона туманда қурилиш моллари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Корхона ишлаб чиқариши тўлиқ қувватда ишлай бошлаши билан, 100 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, айни кунларда Ўзбекистон туманида жами 2 231та тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб боради. Шундан 26таси хорижий капитал иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналар ҳисобига тўғри келади.
Б. Ўринбоев, ДХА Фарғона вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.