Онлайн-мулоқотда «Ўзчармсаноат» уюшмаси, мамлакатимизнинг  Хитойдаги элчихонаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Хитойдаги ваколатхонаси мутахассислари, шунингдек, 15 дан ортиқ маҳаллий корхона ҳамда Хитойнинг «Bei Falai Group» компанияси вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида «Ўзчармсаноат» уюшмаси ходимлари хитойлик инвесторни мамлакатимизда чарм-пойабзал соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, сармоядорларга яратилаётган имкониятлар ва тақдим этилаётган преференциялар, соҳа салоҳияти, хомашё захираси билан батафсил таништирди.

Хитой компанияси вакиллари Ўзбекистонда спорт пойабзалларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш мақсадларини билдирди. Инвестор Ўзбекистонда бизнес муҳити учун қулай шароит яратилганини, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш сабаб, бугун Хитой компаниялари Ўзбекистонга ўз сармояларини киритишга жиддий қизиқиш билдираётганини таъкидлади.

Онлайн-мулоқот чоғида чарм-пойабзал тармоғида самарали фаолият олиб бораётган маҳаллий корхоналар икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича хитойлик инвесторга ўз таклифларини билдирди. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор инвестиция лойиҳалари тақдим этилди.

Учрашувда натижасида Хитой компаниясига маҳаллий корхоналар томонидан билдирилган таклифларни ўрганиш ва ҳамкорликнинг келгуси истиқболларини белгилаб олиш мақсадида ушбу форматдаги мулоқотларнинг навбатдаги раундини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради «Дунё» АА.