Уханда 2020 йилдан бери биринчи марта COVID-19 инфекциясининг еттита ҳолати аниқланди. 2019 йилда коронавирус биринчи марта аниқланган, 12 миллион аҳолига эга шаҳар айни пайтда яна диққат марказда бўлиб турибди.
“Шаҳар миқёсида ҳар бир фуқаро хавфсизлигини таъминлаш мақсадида COVID-19 учун фавқулодда синовлар бошланди. Биз буни имкон қадар тезроқ якунлашни режалаштирмоқдамиз ва иложи борича тез ҳаракат қиламиз”, деди марказий Хубэй провинцияси расмийси Ли Цян.
Ҳозирда Хитой сўнгги ойлардаги энг йирик эпидемиялардан бирини бошдан кечирмоқда, 10 кун ичида 300 та ҳолат аниқланган. Мамлакат бўйлаб 15 га яқин провинция азият чеккан, бу ҳукуматни оммавий синов чоралари ва чекловларни амалга оширишга ундади.
Расмийлар вирус қайд этилган шаҳар ҳудудида карантин жорий этишди. Баъзи метро бекатлари ёпилган, йўловчилар яна ниқоб тақиб, тана ҳароратини ўлчашлари зарур.
Маҳаллий тиббиёт ходимлари вируснинг тарқалишини ҳинд “дельта”сининг ўта юқумли ва маҳаллий туризм мавсуми билан боғлашди.
Aгентликнинг таъкидлашича, Хитой асосан ўз чегараларида вирусни назорат қила олган. Бироқ, Нанкиннинг гавжум аэропортида ишчилар орасида биринчи марта аниқланган вируснинг бошқатдан тарқалиши хавотирларни келтириб чиқарди. Ҳукумат шаҳарнинг 9,2 миллионлик аҳолисини уч марта текширди ва юз минглаб одамларни изоляция қилди.