Мазкур вакцина Хитой Фанлар академияси Микробиология институти ҳамда ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда яратилган бўлиб, уни “Аnhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd” фармацевтика компанияси ишлаб чиқарган.

Маълумотларга қараганда, юртимизда бугунги кунга қадар ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг III-фаза синовларида етти мингдан зиёд киши эмланган бўлиб, уларнинг ҳар бири назорат қилиб борилмоқда. Ўтган йилнинг декабрь ойидан буён олиб борилаётган мазкур тадқиқотлар давомида эмланган кўнгиллиларда ножўя таъсирлар қайд этилмади. У ЖССТ талабларига мос ҳолда, Ўзбекистонда IIIфаза синовидан ўтаётган ягона вакцина саналади.

— Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти олимлари бу вакцина устида кенг кўламда тадқиқот ўтказишга ўз ҳиссаларини қўшди, — деди инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. — Бу рекомбинат вакцина ҳисобланади. Тажрибалар унинг энг хавфсиз, самарали ва таъсир даражаси универсал вакциналардан бири эканини кўрсатмоқда. У турли хил штаммларга самарали таъсир кўрсатади, инсон танасига тушганидан кейин яхши ҳимоя қўрғони ҳосил қилади. Мазкур вакцинани келгусида Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда.

ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини яратишда коронавирус ташқи оқсили биотехнологик усул билан синтезланган ва организмга юборилганда оқсилга нисбатан иммун жавоб ҳосил бўлади. Бундай вакцина бошқа турдагисига нисбатан юқори хавфсизлик профилига эга.

— Коронавирусга қарши вакциналар билан эмлаш учун хавф ости гуруҳига кирувчи аҳоли қатламини белгилаб олганмиз. Уларнинг умумий сони 4 миллион 112 минг нафарни ташкил этади, — деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабеков. — Ўзбекистонда биринчи галда 65 ёшдан юқори, сурункали касаллиги мавжуд бўлган аҳоли қатлами, ундан сўнг тиббиёт, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, хорижда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар эмланиши кўзда тутилган.

 Тадқиқотчилар мазкур вакцина ёрдамида коронавируснинг барча штаммларидан ҳимояланиш мумкинлигини қайд этмоқда. Чунки ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси биотехнология усулида яратилган бўлиб, бунда вирус тожи, яъни бўлакчалари кесиб олинади ва лаборатория шароитида кўпайтирилади.

Вакцинани ҳудудларга олиб бориш, сақлаш, эмлашнинг ўзига хос  талаб ва қоидалари бор. Айни пайтда республикамизнинг ҳар бир қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва туман кўп тармоқли тиббиёт бирлашмасида эмлаш пунктлари ташкил этилган. У ерда эмлаш учун барча шарт-шароит яратилган, керакли жиҳозлар тайёр ҳолатга келтирилган. Вакциналар жойларга махсус совиткичли автомашиналар орқали қисқа муддатда етказилиши режалаштирилган.

— Ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда вакцина синовларининг 3-босқичи бошланганди, — деди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним. —  Ўзбекистон тиббиёт ходимлари ва олимлари вакцина синов жараёнларини ташкил этишда яқиндан ёрдам берганини алоҳида таъкидлашни истардим. Амалга оширилган ана шундай муваффақиятли ишлар натижасида Ўзбекистон мазкур вакцина ҳаммуаллифи сифатида тан олинди. Бу, ўз навбатида, икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарди.

Маълумотларга кўра, ҳозирда эмлаш жараёнини бошлаш учун 3 минг 138 та эмлаш пункти ҳамда 862 та мобиль бригада шай ҳолатга келтирилган. Шунингдек, вакциналарни ташиш ва ҳудудларга етказиш учун Вакцина ва Иммунизация Глобал Альянсининг молиявий маблағлари эвазига, ЮНИСEФ халқаро болалар жамғармасининг бевосита кўмагида 17 та музлаткичли юк машинаси (авторефрижератор) ва 206 та MinivenLabo автомобиллари республикамизга олиб келинди ҳамда жойларга тақсимланди.

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири