Мазкур мусобақага Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси Хоразм вилоят бўлими, Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси, унинг туман бўлими, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят бошқаруви унинг Хива туман бўлинмаси, туман ҳокимлиги, “Ватанпарвар” ташкилоти ходимлари бош бўлди.

— Мазкур мусобақани ўтказишдан мақсад, спортнинг велоспорт турини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш, оммалаштириш, аҳолининг ушбу спорт турига қизиқишини оширишга кўмаклашиш, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хива туман бўлинмаси бошлиғи Феруза Машарипова. — Хивада ўтказилган мусобақа қизғин, муросасиз ўтди. Тайёргарлик ҳам шунга яраша бўлди. Спортнинг велоспорт турига қизиқувчи ёшларни кўриб, рости қувондим. Бир-биридан чаққон, бир-биридан эпчил ва ҳаракатчан. Улар Тошкентда, 2025 йил ўтказилиши режалаштирилган IV ёзги Осиё ўйинларига ҳозирдан тайёргарликни бошлаб юборишган. Саралаш босқичларидан ўтиб, IV ёзги Осиё ўйинларида иштирок этишга, Ўзбекистон байроғини юқорига кўтаришга ҳаракат қилишяпти.

Спортнинг велоспорт тури бўйича ўтказилган мусобақа ғолибларига “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят бошқаруви, унинг туман бўлинмаси, қолаверса ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом, қимматбаҳо совғалар топширилди. Энг яхши кўрсаткичга эришган, чаққон ва шижоатли болалар ва ўсмирларга Хоразмда ўтадиган мусобақанинг вилоят босқичига йўлланмалар берилди.

Маҳалла хайрия жамоат фонди

Хоразм вилоят бўлими матбуот хизмати