Хоразмнинг нодир жавоҳири саналмиш Хива атрофида “Хон боғи” деб аталадиган боғлар сирасига “Гандумкон” саройини келтириш мумкин.
Хон боғлари учун жой танлаш мулозимлар олдидаги асосий вазифа бўлган. Чунки танланган ер ҳосилдор, табиати гўзал, об-ҳавоси мўътадил бўлиши керак эди. Бунинг учун улар асрлар давомида тажрибадан ўтган ажойиб усул танлаганлар: бир қанча жойга янги сўйилган қўй гўшти нимталарини илиб чиқишган. Икки-уч кундан кейин қайси жойдаги гўшт бўлаги янгидек турса, ўша жойда боғ яратишган.
Энг ҳашаматли улуғвор биноларнинг қурилиши ХVIII ва ХХ аср бошларига тўғри келди.
Улуғвор иншоотлар, ўйма эшиклар ва устунлар, ниҳоятда гўзал бинолар – булар қадим мозий яширилган мазмунга эга китоблардир. Хива ўз тарихида гуллаб яшнашни ҳам, қулашни ҳам бошдан кечирди.
1873 йилда Хива рус қўшинлари томонидан босиб олинади.
1873 йил узоқ давом этган жанглардан сўнг Хива яқинидаги Гандимиён қишлоғида Хоразм ва Россия империяси ўртасида тинчлик шартномаси имзоланди. Ушбу шартномага мувофиқ Хоразм бундан буён Россия империяси протекторатига айланди.
Ўзбекистон тарихининг муҳим бурилиш нуқталаридан бири содир бўлган Хива яқинидаги хоннинг ёзги резиденсияси Гандимиён ҳозирги кунда ҳам сайёҳларнинг севимли маскани ҳисобланади.
Бино 2010-йилга қадар қаровсиз қолиб кетгани сабабли, ҳунармандлар томонидан ўзбошимчалик билан фойдалниб келинган. 2014-2015-йиллар давомида мазкур тарихий обидада реставрация ишлари олиб борилди ва шу кунгача сарой ўзининг қадимий салобатини сақлаб келаётган иншоот сифатида эътироф этилади.