Маълумки, хизмат   кўрсатиш соҳаси кенг қамровлилиги билан аҳоли ҳаётида муҳим ўрин тутади. Энг асосийси, бу соҳада янги иш ўринларини кам харажат билан тез муддатда ташкил этиш мумкин. Аҳоли даромадларининг реал ўсиши эса, аввало, хизматлар ривожида сезилади. Қайд этиш керакки, хизматлар соҳасида ижобий тажрибалар шакилланган ҳудудлар ҳам, қониқарсиз натижалар қайд этилаётган ҳудудлар ҳам мавжуд.

Бу йил хизматлар кўрсатиш соҳасида туб бурилиш йили бўлишига замин яратадиган янги механизмлар жорий этилади. Дастлабки режаларга кўра, мазкур соҳада 59 триллион сўмлик 42 мингта янги лойиҳа амалга оширилади. Агар белгилангган бу вазифалар тўла амалга ошириладиган бўлса, хизмат кўрсатиш соҳасида сезиларли ривожланиш бўлади.

Янги қувватларни ишга тушириш орқали хизматлар сонини ҳам, ҳажмини ҳам бир неча баробарга ошириш имкони мавжуд. Жорий йилда соҳадаги марра катта олинган. Хусусан, йил сўнггигача хизматлар соҳасида 150 мингта янги иш ўринлар яратиш белгиланган. 

Таъкидлаш жоизки, ўтган йили тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида хизмат кўрсатиш соҳасига бир триллион сўм имтиёзли кредитлар берилди. Лекин, жойларда тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувларда янги хизмат турларини йўлга қўйиш бўйича мурожаатлар, ташаббуслар кўп бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари  раислигида ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаси йўналишларини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида, Президентимиз ҳар бир лойиҳа ижросини назоратга олиб, тадбиркорларга кўмаклашиш, шу билан бирга, янги лойиҳаларни шакллантириб бориш юзасидан кўрсатмалар берди.

– Маълумки, пандемия шароитида энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири бу – хизмат кўрсатиш соҳаси бўлди. Лекин, давлатимиз томонидан берилган қарийиб 35 триллионлик сўмлик маблағ хизмат кўрсатиш соҳасини оғир шароитдан чиқиб олишида муҳим аҳамият касб этди. Натижада 102 фоиз ўсишга эришилди, – дейди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Саидқаҳҳор Холхўжаев.Жорий йилда  мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, қуйи хизмат кўрсатиш соҳаларини ҳар бир ҳудуд бўйича камида икки баробарга ошириш кўзда тутилмоқда. Жумладан, бу йил хизматлар кўрсатиш ҳажмини 270 триллион сўмдан ошириш белгиланди.

Бунда биринчи навбатда, ҳар бир туманда, ҳар бир маҳаллада аҳоли учун муҳим ва айни кунда зарур бўлган хизматлар турларига бўлган эҳтиёжни аниқлаган ҳолда руйхатни шакиллантириш зарур. Ҳозирги кунда ўрта ҳисобда битта маҳаллада эҳтиёждан келиб чиқиб 20 турдаги фаолиятни, шаҳар ва туман марказларида эса 70 га яқин хизмат турларини амалга ошириш мумкин.  Шунинг учун бу йил 42 мингта янги лойиҳа амалга оширилади ва 150 мингта иш ўринларини яратиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, давлат томонидан тижорат банклари орқали қўшимча 300 миллион доллар маблағ хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантииришга йўналтирилади. Шу билан бирга тижорат банклари ҳам бу соҳага ўз маблағларини йўналтирилиши белгиланди. Хусусан, бу йилги режа бўйича камида 18 триллион сўмлик банк кредитлари ажратилиши кўзда тутилмоқда. Соҳага қаратилган бундай эътибор тез фурсатларда ўз самарасини беради ва давлатимиз раҳбари томонидан вазирлик ва ҳокимликлар олдига қўйилган топшириқлар тўлиқ амалга ошиши таъминланади.

Шу билан бирга мазкур марказлар “маҳаллабай”, “туманбай”, “”вилоятбай” хизматларга бўлган талабларни ўрганиб чиқади ва ҳар бир туман кесимида хизматлар сонини уч-тўрт баробарга оширишга мўлжалланган лойиҳаларни шакиллантиради. Топшириққа кўра мазкур лойиҳаларни молиялаштириш бўйича 300 миллион доллар маблағ ажратилади. Шунингдек, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳаллага бириктирилган масъуллар билан бирга “маҳалла — туман — банк” принципи асосида лойиҳалар рўйхатини шакллантиради. Бунда, ҳар бир маҳаллада камида 20 турдаги, туман ва шаҳарда камида 70 та турдаги хизматлар бўлиши назарда тутилади. “Миллий банк” АЖ томонидан 28 та йирик ва ўрта шаҳарларда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим хизматлари ҳамда йирик савдо комплекслари ташкил этиш учун қўшимча 200 миллион доллар маблағ жалб қилинади.

Бунинг учун юртимизда жуда катта имконият бор. Хусусан, янги лойиҳалар эвазига Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида хизматлар ҳажми бир баробарга ортади. Шаҳардаги хизматлар бозори ҳажмини  1,4 триллион сўмдан, 3 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган.

– Жорий йилдаги режамиз бир триллион 600 миллиард этиб белгиланган эди, – дейди Чирчиқ шаҳар ҳокими Санжар Юсупов.  – Давлатимиз раҳбарининг Чирчиқ шаҳрига ташрифидан сўнг, Президентимиз томонидан қатор топшириқлар берилди. Шунинг учун бу режани икки баробарга ошириш белгиланди. Бунинг учун шаҳарда барча имконият бор. Масалан, 102 гектарли фойдаланилмай бўш ётган боғ мавжуд. Чет эллик инвесторлар таклиф этилди. Натижада ҳозир бу ерда меҳмонхона, маданий-маиший объектлар қуриш бўйича чоралар кўрилмоқда.  Бундан ташқари, транспорт логистика соҳасини ривожлантириш орқали ҳам хизматлар кўрсатиш соҳасида яхши натижага эришиш мақсад қилинган. Ана шу мақсадда ҳудуддаги бўш ётган қаровсиз майдон тадбиркорга бриктирилиб ҳозирда бу ерда логистика маркази бунёд этишга киришилди.

Шунингдек, Шаҳрисабз туманида ҳам жорий йилда 91 миллиард сўмлик 64 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

–  Бироқ бу ҳудуд солиҳиятидан келиб чиқиб қараладиган бўлса анча паст, – дейди Шаҳрисабз шаҳри ҳокими Самад Ҳасанов. – Бунга “маҳаллабай” тарзда ўрганиш жараёнларида амин бўлдик. Жумладан, биргина “Термиз –Тошкент”  йўналиши бўйича йўл ёқасидаги инфратузилмани ривожлантириш орқали 128 миллиард сўмлик 60 та лойиҳани амалга ошириш имконияти мавжуд. Шу билан бирга тоғли ҳудуддаги “Мираки” қишлоғидаги аҳолига, бугун туризм бўйича давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар тушунтирилганда, 100дан ортиқ хонадон меҳмон уйлари ташкил этиш бўйича мурожаатлар билан чиқди. Айни пайтда ушбу   ҳудудда 300 га яқин меҳмон уйлари ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биргина ана шу хизматлар билан минг нафарга яқин фуқарони иш билан таъминлаш, ҳисоб китобларга қараганда туман бюджетига 3 миллиардга яқин солиқ тушумлари тушар экан.

Хизматларни ривожлантириш бўйича лойиҳа-таҳлилий маркази ташкил этилади

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусияти хизматлар кўрсатиш соҳасини янада жозибали қилади. Энг асосийси, эндиликда уларнинг  ўзига хослигидан келиб чиқиб янги хизмат турларини йўлга қўйиш, илғор тажрибалар ва намунавий лойиҳаларни жорий этиш бўйича янги методология яратилади. Ана шу мақсадда Ўзбекистон Миллий банки ҳузурида хизматларни ривожлантириш бўйича лойиҳа-таҳлилий маркази ташкил этилади ва барча вилоятлардаги филиалларида унинг бўлимлари очилади. Уларда аҳолига намунавий тайёр бизнес лойиҳалари тақдим этилади, касбга ўқитишдан бизнесни йўлга қўйишгача бўлган комплекс хизматлар кўрсатилади.

– Хизматлар соҳасини янада ривожлантириш учун инфрастуруктура объектларидан янада самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади, – дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директорининг ўринбосари Умид Обидхўжаев. – Яъни аэропорт, темир йўл ва автовокзаллар соҳа ривожида муҳим ўрин тутади. Агар жаҳон тажрибасини олиб қарайдиган бўлсак, масалан, Японияда асосий пул оқими йўловчиларнинг йўлкираси ҳисобига эмас, балки, уларга сервис хизмат кўрсатиш орқали келади. Шунинг учун бизда ҳам ана шу манзилларда меҳмонхона, маиший объектлар, овқатланиш шаҳобчалари, спорт иншоотлари каби сервис хизматини кўпайтириш зарур. Бу эса ўз навбатида юртимизга туризмни ривожлантиришда ҳам ижобий таъсир кўрсатади.  Шунингдек, хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ходимларни ўқитиш, малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Белгиланганидек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги коллежларда ва бошқа мано марказларда соҳада фаолият олиб борадиган ишчи-хизматчиларни қайта ўқитиш, тайёрлаш бўйича ишлари тезроқ йўлга қуйиш керак. 

– Хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича вилоятимизга 160 миллиард сўм ажратилди, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов. – Айни пайтда соҳани ривожлантириш бўйича 3 мингга яқин лойиҳа бор. Вилоят ички хусусиятидан келиб чиқиб,  катта магистрал йўллар  бўйида инфратузилмани  яхшилаш мақсадида гўзаллик салони, савдо дўконлари, дорихоналар, маиший техникаларни, автомобилларни таъмирлаш ва ювиш, интернет ва пайнет хизматлари ва овқатланиш шахобчалари қуриш бўйича қатор лойиҳаларни молиялаштиряпмиз. Ана шу мақсадда барча туман ва шаҳарлар салоҳиятини ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилиб ўрганишлар олиб борилмоқда. Масалан, Тайлоқ туманида 50 та маҳалла бор. Ўрганишлар жараёнида 21 турдаги хизмат кўрсатиш тури бўйича бу маҳаллаларда мингдан ортиқ хизмат кўрсатиш шаҳобчалари яратиш имконияти мавжудлиги аниқланди. Яъни, биргина Тайлоқ туманида айни пайтда 356 та лойиҳани амалга ошириш натижасида аҳоли жон бошига хизмат кўрсатиш ҳажмини 3 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмгача ошириш имконияти мавжуд.

Бир сўз билан айтганда, ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантиришдан асосий мақсад тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашдир. Натижада  тадбиркорлар даромад олади, аҳоли иш билан таъминланади.