Мониторинг натижасига асосан, Чирчиқ шаҳар “Иссиқлик энергияси” ДУК томонидан 2022 йилнинг январь-февраль ойларида жами 165 нафар ходимларга умумий 1 млрд. 70 млн. сўмлик ойлик иш ҳақлари ўз вақтида тўланмаганлик ҳолати аниқланди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасига асосан, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларнинг айрим тоифалари учун алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан иш ҳақи тўлашнинг бошқа муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин.
Ҳақ тўланадиган кун дам олиш куни ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, меҳнат ҳақи шу кун арафасида тўланади. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли барча суммаларни тўлаш ушбу Кодекснинг 110-моддасига мувофиқ равишда амалга оширилади.
Жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкин.
Ушбу ҳолат бўйича шаҳар адлия бўлими томонидан “Иссиқлик энергияси” ДУКга тақдимнома орқали таъсир чораси кўрилиб, барча ходимларга ойлик иш ҳақлари тўлиқ ундириб берилди.
Сухроб Усканов,
Чирчиқ шаҳар адлия бўлими
бош маслаҳатчиси