Хўжаобод туманида фойдаланишга топширилган давлат хизматлари маркази биноси ҳам том маънода халқ билан давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларни юксалишида амалий ифода топмоқда.

Аввал пана-пастқам, эски бинода хизмат кўрсатилар бу эса аҳоли учун ҳам марказ ишчи-ходимлари учун ҳам турли ноқулайликлар туғдирар эди. Бугун эса тамомила ўзгача, туман қиёфасига кўркамлик бахш этаётган давлат хизматлари маркази аҳолига 150 турдан зиёд хизматларни кўрсатади. Эндиликда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари янги замонавий бинода кўриб чиқилади.

Замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган марказга ташриф буюрувчиларга тезкор ва юқори сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Марказда электрон навбат тизими 4 та мониторда акс этиб туради. 10 та қабул ойнасида эса кўрсатиладиган хизматларда шаффофлик асосий мезон саналади.

Шунингдек, марказда инвесторлар хонаси, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаги ҳамда банк кассаси ташкил этилган. Бинода ташкил этилган кичик кутубхона эса, навбат кутиб турган фуқароларнинг вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилади.

- Марказимиз томонидан кўрсатилаётган хизматлардан кексаю ёш фойдаланиш имкониятига эга,- дейди Хўжаобод туман давлат хизматлари маркази директори Санжарбек Саидов.- Бу эса барчанинг кўнглига бирдек қарашни, бинода етарлича шароит яратишни тақозо этарди. Қисқа муддат ичида қурувчиларимиз томонидан замонавий кўринишдаги бинонинг қад ростлаши каттаю кичик хўжаободликларни хурсанд қилиши шубҳасиз. Ўтган 2020 йил давомида 20 мингдан ортиқ хизмат кўрсатган бўлсак, жорий йилда мана шундай бинода хизматларимиз сони ҳам ошиши аниқ.

Янги бинони фойдаланишга топшириш маросимида Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Маҳмуджон Абдижалиев ҳамда Хўжаобод тумани ҳокими Зоҳиджон Аҳмадалиев марказлар учун бундай замонавий биноларнинг қурилиши биринчи навбатда аҳолига замонавий ва қулай давлат хизматларини кўрсатишга қаратилгани ва бу борадаги ишлар кенг кўламда давом этишини таъкидлади.

Қайд этиш даркор, Давлат хизматлари марказида авваллари шу ернинг ўзида талабга жавоб бермаган бинода аҳолига хизмат кўрсатиб келар эди. Шароитлар етарли даражада эмаслиги боис, фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларини тез ва сифатли амалга оширишда қийинчиликларга дуч келарди. Эндиликда бундай мушкулотларнинг барчасига барҳам берилди. Замонавий дизайн асосида қурилган бинолар туман аҳолиси учун мустақиллик байрами олдидан жуда катта туҳфа бўлди.

Умиджон Мамарасулов,

Давлат хизматлари агентлиги Андижон

вилояти бошқармаси етакчи маслаҳатчиси