Жумладан, вилоятда жорий йил ўзида тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 1 514 та хонадонга мўлжаллаб барпо этилган уй-жойлар аҳоли эҳтиёжи учун фойдаланишга топширилади.

Қурилиш ва коммунал соҳаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш орқали аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, муносиб ҳаёт тарзини яратиб беришга қаратилган ислоҳотлар боис, халқимиз бугунги кунидан мамнун, ўз уй-жойига, замонавий турмуш шароитларига эга бўлмоқда, хонадонларга фаровонлик, ободлик кириб бормоқда.

Айниқса, қурилиш ишларига янгича ёндашувлар аҳолига қатор қўшимча қулайликлар яратилишида муҳим омил бўлмоқда. Юртимиз бўйлаб янгича ёндашув асосида уй-жойлар қурилишига киришилгани аҳолининг уй-жойга эҳтиёжини қаноатлантириш билан бирга, қишлоқларда ҳам шаҳардагидек шароитлар яратиш имконини бермоқда. Уйлар билан бирга муҳандислик ва йўл инфратузилмаси, ижтимоий соҳа объектлари, хизмат ва сервис объектлари ҳам қурилмоқда.

Ҳозир вилоятнинг Кармана ва Қизилтепа туманларидаги “Янги Ўзбекистон” массивларида 620 хонадонли 26 та уй-жой, 1 та мактаб, 2 та мактабгача таълим ташкилоти, 2 та оилавий поликлиника ва уй-жойларнинг биринчи қаватида турли хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари барпо этилиши якунланмоқда. Ушбу хонадонлар субсидия асосида берилаётганидан халқимиз мамнун.

Аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш масаласи алоҳида эътиборда. Жумладан, жорий йилда тоза ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида давлат дастурлари ва бошқа манбалар ҳисобидан жами 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши белгиланган. 801,8 километр узунликдаги ичимлик сув қувури тортиш ҳамда 15 та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 430,3 километрдан ортиқ янги ичимлик сув қувури тортилиб, 14 километрга яқини таъмирланди. Шунингдек, 15 та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажаримоқда.

Бундан ташқари, йил якунига қадар 371,5 километр янги ичимлик сув қувури тортилиб, 15 та сув иншоотидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилади. Натижада 48 та маҳалладаги 56,3 мингдан ортиқ аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланади, 29 та маҳалладаги 74,4 минг аҳолининг ичимлик сув таъминоти янада яхшиланади. Бу ишлар якунлангач, аҳолининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси жорий 76 фоиздан 81,5 фоизга етказилади.

Хатирчи туманидаги Чечак ота маҳалласида ҳам аҳолини узоқ йиллар қийнаб келган ичимлик сув муаммоси барҳам топди. Обиҳаёт бугун фуқаролар хонадонигача кириб борди.

— Маҳалламизда ҳар томонлама ўзгаришлар, ободлик киши кўзини қувонтиради. Йўлларимиз таъмирланди, янги бинолар қад кўтарди. Айниқса, ичимлик сув неча йиллик муаммомиз эди. Маҳалламиз шу масалада жуда қийналарди. Ҳозир эса тоза ичимлик суви хонадонимизгача олиб кириб берилди. Инсон қадри, деганлари шу эмасми? Маҳалладошларимиз қувончини таърифлашга тилим ожиз. Ҳозир маҳалламизда айтарли муаммо йўқ. Таълим масканлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари — барчаси ишлаб турибди. Яшаш учун барча шароит бор, — дейди Чечак ота маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Эшпўлат Жумаев.

“Йўл қурган элда азиз”, деган ҳикмат бор. Бугун ана шундай азиз инсонлар — йўлсозларнинг тинимсиз меҳнати эвазига вилоятда йўллар янада равон, манзиллар яқин бўлмоқда. Ҳудудларда маҳаллий ва ички йўлларни таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

2023 йилнинг ўтган даврида вилоятда барча дастурлар доирасида йўл таъмири учун 248 миллиард сўм ажратилди ҳамда 568,4 километр автомобиль йўли, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари таъмирланди. Шундан 314 километрини асфальт, 29 километрини цементбетон ва 225,4 километрини шағал йўллар ташкил этади.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, шаҳар, туман Халқ қабулхоналари ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида тегишли корхоналарнинг махсус техника воситалари жалб этилган ҳолда ҳашар йўли билан дастурларда кўзда тутилмаган 40 дан ортиқ маҳалла ва қишлоқ аҳоли пунктидаги 105 километр тупроқ йўлга шағал ётқизилди. Жорий йил якунига қадар 211 миллиард сўм ҳисобига яна 213 километр автомобиль йўлида реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилди.

Аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш масаласи ҳам доимо эътиборда. Жумладан, жорий йилда 1 399,7 км электр узатиш тармоғи, 8 та подстанция, 365 та трансформатор пунктида мукаммал ҳамда 3 229,6 километр электр узатиш тармоғи, 62 та подстанция, 909 та трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилган.

— Шу кунгача 980,2 километр электр узатиш тармоғи ва 255 та трансформатор пункти мукаммал ҳамда 1274,6 километр электр узатиш тармоғи, 351 та трансформатор пункти жорий таъмирланди. Йил якунига қадар яна 419,5 километр электр узатиш тармоғи, 110 та трансформатор пункти ва 8 та подстанция мукаммал ҳамда 1955 километр электр узатиш тармоғи, 558 та трансформатор пункти, 62 та подстанцияда шундай ишлар бажарилади. Натижада 178 та маҳалладаги 22,5 минг хонадон ҳамда 3,5 мингдан ортиқ улгуржи истеъмолчининг электр таъминоти янада яхшиланади, — дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Навоий ҳудудий филиали директори Бобур Исломов.

Бундай эзгу ишлар мамлакатимиз чиройига чирой қўшиш билан бирга юртдошларимизнинг кайфияти, турмуш даражаси, дунёқарашини ўзгартииб, бугунги ҳаётдан розилик, эртанги кунга мустаҳкам ишончни янада кучайтирмоқда.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири