Олтмиш беш ёшли врач акамиз шу йил эрта баҳорда қувончли гапни айтиб қолди.
— Ниҳоят ўттиз йилдан кейин бизнинг ҳам орзумиз ушалди. Кўчамизнинг четидан ичимлик суви қувурини ўтказиб кетишди барака топгурлар! Кичкина пластмасса қувур орқали хонадонимизга сув тортиб олдик. Энди бир километр олисдан сув ташиб келишдан қутулдим. Уйимиздан унча олис бўлмаган жойда Термиз шаҳрини сув билан таъминлаш иншооти бўлсада, ўттиз йил сувни ташиб ичибмиз-а.
Маълум бўлишича, шу йилнинг бошида «Мангузар» маҳалласида Термиз тумани ва вилоят ҳокимлари халқ билан учрашув ўтказган, шунда фахрий бир онахон раҳбарларга қишлоққа сув кераклиги масаласини очиқ-ойдин айтган. Мулоқотдан кейин кўп вақт ўтмай Мангузар қишлоғидаги аҳоли хонадонларига ичимлик суви ўтказилган.
Бойсунда туман марказидан анча олисда Мачай деган қишлоқ бор. Тоғли қишлоқлар аҳолисининг айтишича, маҳаллий бюджетдан ажратилган бир миллиард 150 миллион сўм ажратилиб, «Олчабулоқ» булоғидан 14,5 километр масофага қувур тортилиб, Ўрта ва Юқори Мачай маҳаллаларида яшовчи 2,5 минг нафар киши ичимлик суви билан таъминланибди.
Қумқўрғон туманидаги 10 та маҳаллада яшовчи 31,2 минг нафар аҳоли «Сурхон соҳили» маҳалласида жойлашган марказий сув иншоотидан ичимлик суви ичади. Бу иншоот 6,5 миллиард сўм сарфланиб қайта таъмирланди ҳамда қўшимча 5 та маҳалла аҳолиси ичимлик сувига ёлчиди.
-Қумқўрғон туманидаги «Чаёнтепа» маҳалласида 769 хонадонда 4112 нафар аҳоли истиқомат қилади, -дейди вилоят уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси матбуот котиби Aзиз Машрабов. -2019 йилгача бор йўғи аҳолининг 23 фоизи ичимлик суви билан таъминланганди. Қолганлар канал, ариқ, дарё ва махсус техникаларда ташиб келтириладиган сувни ичишга мажбур еди. Ўтган йил 708 миллион сўм эвазига артезиан қудуғи қазиш, сув минораси ўрнатиш ва икки километр масофага қувур ётқизилиши натижасида қарийб минг нафар киши ичимлик сувидан баҳраманд бўла бошлади. Эндиликда Вазирлар Маҳкамасининг «2019-2022 йилларда Қумқўрғон туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан «Қорсакли» маҳалласидаги «Бўйрачи» сув иншооти ҳамда тармоқларини реконструкция қилиш режалаштирилган. 4,7 миллиард сўм маблағга битадиган бу иш якунида «Чаёнтепа» маҳалласи аҳолиси ичимлик суви муаммосидан қутилади. Шунда аҳолининг ичимлик суви билан таъминлаш ҳолати 80 фоизга етади.
Халқнинг президентга ичимлик суви билан таъминлаш тўғрисидаги мурожаатидан сўнг берилган топшириққа кўра биргина Бойсун туманига Хўжамайхона булоғидан 37 километрлик магистраль тармоқ тортилди, Қизириқ туманида 11 та сув иншооти қурилди ва реконструкция қилинди.
Дарвоқе, бугун аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ҳаётий масалалардан бири. Президентимиз жорий йил 17 июлда ҳудудларда ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида жойларда аҳолининг ичимлик сувига талаби қониқтирадиган даражада емаслигига танқидий баҳо берди. Хўш, Сурхондарё вилоятида аҳоли ва халқ хўжалик тармоқларини ичимлик ҳамда оқова суви билан таъминлаш юзасидан қандай ишлар бажариляпти? Вилоят уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда вилоят шаҳару қишлоқларида яшаётган 2,6 миллион нафар аҳолининг 1,5 миллион нафари ёки 56,8 фоизи марказлашган ичимлик суви, 3,9 фоизи оқова сув хизмати билан қамраб олинган.
Инвестиция, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари доирасида вилоят ҳудудида ўтган йили жами 125,3 миллиард сўм ҳисобига 73 та (69 та ичимлик сув ва 4 та оқова сув) объектида 287,67 километр ичимлик сув тармоқлари ишга туширилган. Оқибатда 80 минг нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилиб, хонадонларни сув билан таъминлаш даражаси 54,5 фоиздан 56,8 фоизга етказилган.
Жорий йилда ҳам бу ишлар давом эттирилмоқда. Инвестиция дастури бўйича 83,06 миллиард сўм эвазига 44 та (37 та ичимлик ва 7 та оқова сув) иншоотда 473,3 километр (421,5 километр ичимлик ҳамда 51,8 километр оқова сув) масофада ичимлик ҳамда оқова сув тармоқлари қуриш ва реконструкция қилиш чоралари белгиланган. Aмалдаги йилнинг 1 август ҳолатида 42,5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, 263,2 километрга сув тармоқлари тортилди. Маблағ ажратилиши билан йил охиригача режалаштирилган қолган ишлар тўлиқ ниҳоясига етказилади.
Бундан ташқари, Президентнинг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодий тармоқларга салбий таъсирини юмшатиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» ги фармонига асосан ташкил қилинган инқирозга қарши кураш жамғармасининг 18,4 миллиард сўм маблағи ҳисобига бу йил Aнгор туманидаги «Янги кайрон» ва Денов туманидаги Денов, Олтинсой туманидаги «Жобу», «Жобу-1», «Мўминқул», МСГ, «Қорлиқ», янгитдан ташкил қилинган Бандихон туманидаги «Хўжаипок», «Ўргулсой» аҳоли пунктларидаги 6 та объектнинг янгидан қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Пандемия сабаб бугунгача 5,2 миллиард сўм ажратилгани туфайли ҳозирча белгиланган 28,6 километр ўрнига 10,1 километр масофага ичимлик суви тармоқлари тортилди. Режалаштирилган ишлар тўлиқ амалга ошса, йил охиригача яна 100 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланиб, ҳудудларни сув билан таъминланганлик даражаси 56,8 фоиздан 60,6 фоизга етади.
Воҳада аҳолини ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш бўйича бажарилаётган ижобий ишлар билан бирга ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам йўқ емас. Воҳадаги мавжуд 1095 та сув иншоотидан 350 таси, 7,4 минг километр узунликдаги ичимлик сув тармоғидан 4,4 минг километри таъмирталаб. Ички имкониятлардан фойдаланиш ҳисобига бу муаммоларни ҳал қилиш чораси кўрилмоқда. Хусусан, вилоят раҳбарларининг ёрдами билан йилнинг ўтган вақтида Узун, Сариосиё, Денов туманларининг ичимлик суви танқис бўлган 41 та маҳалласи ҳудудида 45 та сув қудуғини янгитдан қазиш ва мавжудларини реконструкция қилиш ҳисобига 18 минг нафар кишини ичимлик суви билан таъминлашга эришилди. Воҳадаги собиқ жамоа ва ширкат хўжаликлари тугатилгандан сўнг 306 та маҳалла ҳудудида яроқсиз ҳолга келиб қолган 456 та қудуқдан фойдаланилмаяпти. Уларни босқичма-босқич реконструкция қилса ва ишга туширса бўлади. Фақат маблағ ажратилса бас. Aгар бу қудуқлар ҳам фойдаланиладиган ҳолатга келтирилса вилоятдаги яна 182 минг нафар кишининг ичимлик сувига бўлган талаби қондирилади.
Aёнки, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ҳукумат ва ҳомий ташкилотлар кўп маблағ ажратяпти ҳамда ишчи кучи, техника сафарбар етилмоқда. Aҳоли орасида оби ҳаётнинг ҳар қатрасини тежаш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли тушунтиришлар беҳуда кетмаяпти. Одамлар минг бир машаққат билан етказиб берилаётган сувни тежаш учун хонадонларидаги тармоқларга сув ўлчагичлар ўрнатмоқда. Бугунгача 60874 та хонадонга сув ўлчагич жиҳозлари ўрнатилди. Йил охиригача яна сув тармоқларига 10300 та сув ўлчаш жиҳозларини ўрнатиш чоралари кўрилмоқда. Гидроиншоотларда сув ўлчагичлар қўйиш учун ишлар бошланган.
-Президентимизнинг ўтган йил Сурхондарёга ташрифи чоғи республика уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги раҳбарияти Халқаро молия институтлари маблағи ҳисобидан вилоят ҳудудида ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширилиши тақдимотини ўтказганди, -дейди вилоят уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ичимлик ва оқова сув тизимлари истиқболини белгилаш ҳамда ривожлантириш бўлими бошлиғи Комил Исмоилов. -Лойиҳалардан бири Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида умумий қиймати 45 миллион AҚШ доллари бўлган «Оқтош» ва «Пошхурт» сув олиш иншоотлари ҳамда магистраль сув қувурларини қуриш бўлиб, бу лойиҳа амалга оширилса Музработ туманида 94 минг аҳолини ичимлик сувига бўлган талаби қондирилади. Иккинчи лойиҳа еса Саудия тараққиёт фонди иштирокида умумий қиймати 46 миллион AҚШ долларидан иборат бўлиб, унга кўра Сариосиё, Денов, Жарқўрғон туманларида оқова сув тизимларини қуриб ва реконструкция қилиб уч тумандаги 82 минг нафар аҳолининг оқова сув хизматини яхшилаш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари тайёрланиб, илмий кенгаш кўригидан ўтказилган ва экспертизага топширилган. Фақат тезроқ маблағ ажратилса бас.
Шунингдек, Узун, Сариосиё, Денов, Шўрчи, Жарқўрғон, Aнгор, Қизириқ, Бойсун, Олтинсой, Қумқўрғон, Шеробод, Музработ ва Термиз туманларининг ичимлик ҳамда оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича халқаро молия институтларининг 160 миллион AҚШ доллари миқдоридаги маблағини жалб етиш орқали амалга ошириш белгиланган 4 та истиқболли лойиҳаларни жорий етишни жадаллаштириш зарур. Мазкур лойиҳаларни 2021 йилда бошлаш учун техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишга талаб етиладиган маблағнинг қолган қисми Молия вазирлиги томонидан (бугунгача 15 фоиз молиялаштирилган) лойиҳа корхонасига берилса, ишлар жадаллашиб кетади ва Сурхондарё вилояти аҳолисининг ичимлик сув билан таъминлашни 90-95 фоизга ошириш имконияти туғилади.
-Бугун вилоятдаги 721 та маҳалланинг 117 таси фуқаролари умуман ичимлик суви билан таъминланмаган, - дейди «Сурхондарё сув таъминоти» МЧЖ директори в.в.б А.Маматқобилов. -Президент топшириғига асосан ичимлик суви таъминоти оғир бўлган ҳудудлар аҳолисига оби ҳаётни махсус техникалар орқали етказиб беришни ташкил қилиш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» AЖ Сурхондарёга 10 та сув ташиш махсус техникаси билан хизмат кўрсатмоқда. Бу техникалар «Ўзбекистон темир йўллари» AЖ балансида бўлиб, истаган пайтда улардан фойдаланиб бўлмаяпти. Шу боис, ўша техника «Сурхондарё сув таъминоти» МЧЖ балансига ўтказилса аҳолини сув билан таъминлаш сифати ошарди.
«Сурхондарё Сув Таъминоти» МЧЖ матбуот хизмати