Дастур доирасида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Фарғона вилояти «Тараққиёт» аҳоли турмуш тарзини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда «Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами иштирокини ошириш» лойиҳаси амалга ошириляпти. Лойиҳа мамлакатимиз ҳукуматига кўмаклашишга қаратилган.
Лойиҳанинг асосий мақсади – маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда қишлоқ аҳолисининг эҳтиёжларини баҳолаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш, маҳаллий кичик инфратузилмани тиклаш, яхшилаш бўйича инклюзив ёндашувларни амалга оширишдан иборат.
Лойиҳа давомида (18 ой, бюджети – 400 минг евро) Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг олис қишлоқ ҳудудларидаги аҳолига ёрдам кўрсатишга кўмаклашиш кўзда тутилган. Булар:
- 12 та чекка қишлоқ ҳудудидаги 350 та эҳтиёжманд оилага пул маблағи тарқатиш;
- Кичик инфратузилма (ички йўллар, кичик кўприклар, электр симлари ва устунлари, трансформатор, сув насослари ва бошқа)ни такомиллаштириш;
- ОШП ва ҚВПларни COVID-19га қарши махсус тўпламлар билан таъминлаш.
Бугунги кунга келиб, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва «Тараққиёт» аҳолини турмуш тарзини ривожлантириш маркази вакиллари республиканинг учта вилоятидан 6 та туман ва 12 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантирди, кичик инфратузилма муаммоларини аниқлади.
21 сентябрда Жалақудуқ тумани ҳокимлиги биносида, 22 сентябрда эса Хонобод шаҳри ҳокимлиги биносида лойиҳа доирасида қилинган ишларнинг тақдимоти ўтказилди. Унда лойиҳа ташкилотчилари, маҳаллий ҳокимликлар, туман (шаҳар) ишчи гуруҳ вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этди. Қайд этилганидек, жорий йилнинг июнь ойида лойиҳанинг биринчи босқичини амалга ошириш Андижон вилоятида бошланди. Бунинг учун Хонобод шаҳрининг «Истиқлол» ва «Навоий» маҳалла фуқаролар йиғинлари, Жалақудуқ туманининг «Намуна» ва «Ғалаба» маҳалла фуқаролар йиғинлари танлаб олинди. Дастлаб ишчи гуруҳ ҳамда МФЙлар фаоллари иштирокида маслаҳат учрашувлари ўтказилди. Учрашувларда ҳар икки ҳудуддаги 70 дан зиёд МФЙлар маълумотлари (эҳтиёжмандлар, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисиз қолган кўп болали ёлғиз аёллар, қариялар сони) таҳлил қилинди. Маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилалар рўйхати тузилди, кичик инфратузилмавий муаммолар аниқлаб олинди. Сўнг, жойига чиқиб ўрганилди: эҳтиёжмандлар уйларига борилди, улар билан суҳбат қурилди, ички кўча йўллари ҳолати, сув манбалари, электр таъминоти – электр симлари, устунлари, трансформаторлар кўздан кечирилди.
Шу билан бирга, Қишлоқ врачлик пунктлари (ҚВП), Оилавий шифокорлик пунктлари (ОШП)нинг шароитлари ўрганилди. Ҳозирда уларга тиббий буюмлар ва ускуналар сотиб олиш учун тендер эълон қилинган.
Тадбирда 116 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларга пул маблағлари (пластик картада 3 779 100 сўмдан) тарқатилди.
Қайд этиш керак, лойиҳа давомида маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилаларни, инфратузилмага тегишли муаммоларни аниқлаш жараёнида аҳолининг ўзи бевосита иштирок этди. Бунда ечим топилиши керак бўлган масалаларни яққол тасаввур қилиш имкони бўлди. Энг муҳими, жамият ҳаётида, қарорлар қабул қилишда фуқароларнинг эркин иштироки таъминланяпти. Уларнинг манфаати йўлида қилинаётган ўзгаришларда шунчаки кузатувчи бўлиб қолмаяпти, аксинча, жараёнларда фаол иштирок этиб, турли ташаббус ва таклифларини илгари суряпти.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.