“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан истеъмолчиларга янада сифатли электр энергияси етказиб бериш мақсадида Хонқа туманида жойлашган 110/10 кВли “Хонқа” подстанциясидаги ортиқча юклама билан ишлаб турган 10 000 кВАли Т-2 куч трансформатори 25 000 кВА бўлган куч трансформаторига алмаштирилди. 

“Хоразм ҲЭТК” АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, бажарилган ишлар натижасида Хонқа туман марказида жойлашган мавжуд 500 та тадбиркорлик субъекти бинолари, 15 мингдан зиёд аҳоли хонадонини мустаҳкам электр энергияси билан таъминлаш даражаси оширилди.

Шу билан, туман марказида янгидан ташкил қилиниши режалаштирилган ишлаб чиқариш корхоналари учун ҳам қўшимча электр энергияси захираси яратилди.

Олдинлари бундай трансформаторлар пудратчи ташкилотлар томонидан шартнома асосида ўрнатилган бўлса, аҳамиятлиси, ҳозирда ишчиларнинг малакасини ошириш ва қайта ўргатиш орқали бундай жараёнлар ўз ишчи кучига таянган ҳолда амалга оширилмоқда.

Кейинги йилларда шу орқали ортиқча харажатларнинг олди олиниб, катта миқдордаги маблағлар тежалишига эришиш кутилмоқда.