26 июнь куни соат 00:10 атрофида Хоразм вилояти Хива шаҳрида Дамас автомашинаси ҳайдовчиси шаҳар ИИБ бошлиғини уриб юборди.

Вилоят ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, 30 ёшли Дамас ҳайдовчиси шаҳар ИИБ маъмурий биноси олдида кўчани пиёда кесиб ўтаётган шаҳар ИИБ бошлиғи подполковник Ботир Отажоновни уриб юборган. 

Шундан сўнг у йўл четида турган, ўз ўринбосари подполковник Ж.Раметовга тегишли бўлган Лаcэтти машинасининг орқа томонига урилиб, жароҳат олган. Бироқ ҳайдовчи Дамасни ҳодиса жойида қолдириб, ўзи воқеа жойидан қочиб кетган.

Тезкор-қидирув ишлари натижасида ҳайдовчининг яширинган жойи аниқланиб, алкотестер ёрдамида кўрикдан ўтказилганда унда 0,403 мг/л миқдорида мастлик ҳолати аниқланган.

Жабрланувчи оғир аҳволда шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.