Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотидан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Бухоро ва Тошкент вилоятларида соғломлаштириш акциялари ўтказилиб келинаётган эди. Энди эса ушбу самарали механизм бошқа ҳудудларда ҳам ҳаётга татбиқ этиляпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати жамоаси, ихтисослаштирилган марказлар мутахассислари ва тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-шифокорлари, жами 150 нафардан ортиқ етакчи мутахассислар шу кунларда юртимизнинг яна бир олис манзили — Хоразм вилоятида бўлиб турибди. 

Бу ерда бошланган соғломлаштириш акцияси орқали, аввало, маҳаллий аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, уларда аниқланган касалликлар бўйича ҳудудлар кесимида беморлар рўйхатини шакллантириш мақсад қилинган.

Шундан сўнг хасталикка чалинганлар оғирлик даражаси бўйича таснифланиб, юқори технологик амалиётларга муҳтож тоифа Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан операцияга тавсия этиляпти. 

Айни пайтда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида жами 170 та тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Шундан 13 таси кўп тармоқли марказий поликлиника, 71 та оилавий поликлиника, 26 та оилавий шифокор пунктидир.

Шунингдек, 29 та стационар даволаш муссасаси аҳоли хизматида. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар стоматология поликлиникаси ҳамда 11 та туман тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимлари кичик ёшли беморлар саломатлигини тиклашга масъул.

Уларда тиббий хизмат сифати ва қамрови йил сайин ошиб бораётгани, албатта, ижобий ҳолат. Лекин тизимда ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам кам эмас.

Хусусан, Хоразм вилояти Оролбўйи минтақаси ҳудудида жойлашгани боис воҳадаги экологик муаммолар аҳоли саломатлигига ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмаяпти.

Бугун мазкур вилоятда яшовчиларнинг 25,2 фоизи сурункали касалликлар билан диспансер назоратида туради. Бу кўрсаткич 2021 йилда 28,6 фоиз, 2020 йилда 29,8 фоиз ва 2019 йилда 31,8 фоизни ташкил қилганини ҳисобга олсак, пасайиш динамикаси қайд этилаётгани эътиборга молик жиҳат.

Аммо юртимизда тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, кадрлар салоҳияти оширилаётган, замонавий илм-фан ютуқлари ва инновацион ёндашувлар, илғор технологиялар соҳага кенг татбиқ этилаётган бир пайтда бу натижалардан қониқиш ҳосил қилиб бўлмайди.

Шундан келиб чиқиб, акция давомида бундай ўткир муаммоларни тизимли ва манзилли ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолиятини яхшилаш, олис ва чегара туманлар аҳолисининг соҳага доир муаммоларига ижобий ечим топиш кўзда тутилган.

Ўз навбатида, пойтахтдан келган етакчи шифокорлар жойларда “хонадонбай” тамойили асосида кўп тарқалган касалликлар балансини яратишга кўмаклашмоқда. Ўз навбатида, фуқаролар ўртасида тиббий тарғибот тадбирлари ўтказиляпти. Соғломлаштириш акцияси доирасида вилоятнинг бир қатор туманларида сайёр тиббий қабуллар ташкил этилиши ҳам режалаштирилган, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.