«Хорижда ноқонуний бўлиб турган фуқароларимиз борлиги бизни ташвишга солади», – деди давлатимиз раҳбари.
Ўтган йили Россияда 150 мингдан зиёд фуқарога «миграция амнистияси»ни қўллашга эришилди. Бошқа мамлакатларда ҳам фуқароларимизга қонуний асосда ишлашларига кўмаклашиш, бу борада хорижий томонлар билан музокараларни фаоллаштириш, шу билан бирга фуқароларимиз ҳам ўзлари бўлиб турган мамлакат қонунчилиги талабларига риоя қилиши лозимлиги қайд этилди.
Бундан буён миграция оқими кўпайиб бораётган давлатлар, айниқса, Европада меҳнат мигрантлари билан ишлаш элчихоналардаги консулларнинг асосий вазифаси бўлиши белгиланди.
Шунингдек, чет элдаги фуқароларимизни консуллик ҳисобига қўйиш тартибини янада соддалаштириш, ортиқча бюрократияни қисқартириш топширилди.