Маълум қилинишича, олдиндан кузатувда бўлган 2003 йилда Фарғона вилоятида туғилган, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “Nexia-3” автомашинаси Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидан пойтахт томон ҳаракатланиб келаётган вақтда Чилонзор туманидаги “Эркин” ЙПХ масканида тўхтатилди. Кўздан кечириш жараёнида автомашина салонида соф оғирлиги 4 кг 811 грамм “Альфа-ПВП” синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда ДХХ Тергов бошқармаси томонидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 28, 246-моддаси 2-қисми ва 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Яна бир ҳолатда, ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Андижон вилояти Марҳамат тумани “Бобоҳуросон” МФЙ ҳудудидан ўтувчи Ўзбекистон–Қирғизистон давлат чегарасида тезкор тадбир ўтказилди. Унда қирғизистонлик шахс томонидан чегара сим тўсиқлари устидан улоқтирилган қоғоз қутини қабул қилиб олган вақтда 1985 ва 1987 йилларда туғилган икки нафар маҳаллий фуқаро ушланди.

Қути текширилганда унинг ичида 9988 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.