Хабар берганимиздек, 30 апрель куни Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган халқаро семинар ўтказилди. Унда ZOOM платформаси орқали қатор хорижий экспертлар ҳам иштирок этган эди.
Улар орасидан Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси (РАНХиГС) проректори Андрей Морголиннинг мамлакатимиздаги Халқ қабулхоналари ислоҳотлар билан боғлиқ самимий фикрларини берган эдик. Қолган экспертлар қандай фикрда?
Франчоис Бегеот,
Ўзбекистон Республикасидаги Европа Иттифоқи Делегацияси бўлим бошлиғи:
Стратегия лойиҳасида давлат фуқаролик хизмати жозибадорлигини ошириш орқали давлат органлари ва ташкилотларида энг муносиб ва юқори малакали кадрлар билан жамлаш, тегишли хизмат кўникмаларини шакллантириш мақсадида улар билан доимий ишлаш, малакасини ошириб бориш каби устувор жиҳатлар акс эттирилган.
Айнан ушбу жиҳатлар Европа Иттифоқининг давлат бошқаруви самарадорлиги халқаро индикатори бўйича ишлаб чиқилган устувор тавсияларига тўла мос келади. Шу нуқтаи назардан Европа Иттифоқи Делегацияси мазкур соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдиради.
Шин Ин-чул,
Жанубий Корея Республикаси Ходимларни бошқариш вазирлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи:
Бизнинг вазирлик Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан
яқин ҳамкорликни йўлга қўйган ва кейинги вақтларда соҳани такомиллаштиришга қаратилган ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ўзаро тажриба алмашинуви амалиёти шаклланган.
Бугун муҳокама қилинаётган ҳужжат лойиҳасида унинг мақсади, вазифалари ва устувор йўналишлари аниқ белгиланган. Шу боис, ҳужжат амалиётга татбиқ қилингач, унда белгиланган мақсад ва вазифалар самарали амалга оширилади, деб ўйлайман.
Жанубий Корея давлат хизмати хусусий сектор билан рақобатбардошликка алоҳида эътибор қаратади. Ҳозирда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ОЭСР)нинг мазкур соҳадаги тавсиялари асосида иш олиб борилмоқда. Муҳокама қилинаётган Стратегия лойиҳасида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг (ОЭСР) мазкур соҳадаги тавсияларининг аксарияти ўз аксини топганлигини ижобий баҳолайман.
Алекс Аппиа-Коратенг,
Жаҳон банкининг Марказий Осиё ва Европада давлат бошқаруви ва давлат сектори бўйича катта мутахассиси:
Стратегияда давлат бошқарувини ислоҳ қилиш билан боғлиқ муҳим йўналишлар ва вазифалар, уларни амалга ошириш бўйича аниқ механизмлар белгиланганлиги унинг муваффақиятли амалга оширилишини таъминлайди. Бироқ, бунинг учун давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ишни ташкил этиш бўйича етарли ваколат ва функцияларга эга бўлган давлат органи зиммасига юклатилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки давлат бошқаруви тизимини ислоҳ этиш орқали стратегик мақсадларга эришиш самарадорлиги мувофиқлаштирувчи органнинг давлат бошқаруви органлари тизимидаги ролига боғлиқ бўлади.
Шунинг учун Стратегияда белгиланган вазифалар мониторингини юритиш учун бевосита Президент ҳузуридаги ташкилотнинг масъул этиб белгиланганлиги мазкур соҳадаги фаолиятнинг тўғри ташкил этилганлигини билдиради ва ижроси таъминланишини кафолатлайди.
Гульмира Раисова,
Қозоғистон HR Менежерлари ассоциациясини мувофиқлаштирувчи кенгаши Президенти:
Кўпгина давлатларнинг давлат хизматини ривожлантириш бўйича қабул қилган стратегик ҳужжатларнинг ижросини таҳлил қилиб, кўзланган мақсадларнинг ўртача 15 фоизи амалда ижро этилганлигининг гувоҳи бўлганман. Бунинг асосий сабаби стратегик ҳужжатни ишлаб чиқишда мамлакатнинг мазкур соҳадаги амалдаги ҳолати ҳамда жорий қонунчиликка етарлича эътибор қаратилмаганлиги билан изоҳланади.
Бироқ, бугун семинарда муҳокама этилган Стратегия лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг давлат фуқаролик хизматини татбиқ этишда амалга оширилган ишларнинг жорий ҳолати ва уни ривожлантиришга оид таҳдидларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Шу боис, мазкур ҳолатлар давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришдан кўзланган мақсадларга эришишнинг юқори даражасини кафолатлайди, деб ҳисоблайман.