Фарғона вилояти Учкўприк туманида Тожикистон фуқароси Пулотзода Умед таъсисчилигида устав фонди бир миллиард сўм бўлган, асосий мақсади ҳамда фаолият тури минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўлган «KR UMED MINERAL» масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилди.
«KR UMED MINERAL» масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси ишлаб чиқариш биноларини газ тармоғига улаш бўйича техник шартларни олиш учун мурожаати ҳам қабул қилинди. Жамият таъсисчиси ҳамда раҳбари Пулотзода Умедга давлат ва хўжалик бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо ҳам олиб берилди.
— Очиғи, мен Ўзбекистонга бошқача таассурот билан келгандим, — дейди хорижий тадбиркор Пулотзода Умед. — Давлат хизматлари марказидаги юмушларим ва хужжат ишларим тез ва осон битганлиги боис фикрларим батамом ижобий томонга ўзгарди. Эътибор берган жиҳатим — вақтим зое кетмади, давлат хизматчилари юз йиллик танишлардек мени қабул қилди. Ҳаммаси бир зумда амалга оширилди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, айни кунларда Фарғона вилоятида 287 дан ортиқ хорижий корхоналар фаолият кўрсатяпти. Жорий йилнинг 10 ойи давомида 46та хорижий корхона давлат рўйхатидан ўтказилган.
Баходир ЎРИНБОЕВ,
ДХА Фарғона вилоят бошқармаси
бўлим бошлиғи.