Ўзбекистон ва Малайзия олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида изчил ва самарали ҳамкорликни ривожлантириб, мустаҳкам алоқаларни йўлга қўймоқда. Икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги ташрифлари ва учрашувлари бу жараёнга кучли туртки бўлиб, таълим ва илмий ҳамкорликнинг янги йўналишларини очмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига биноан 4-5 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Давлатимиз раҳбарининг Малайзияга ташрифи доирасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим келишувлар имзоланиши режалаштирилмоқда. Ушбу ташриф икки давлат ўртасидаги таълим, фан ва инновация соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши, шунингдек, инновацион технологиялар ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга замин яратиши кутилмоқда.
Глобаллашув жараёни жадаллашаётган ҳозирги даврда олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик стратегик аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, олий таълим тизимидаги интеграция Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бири сифатида илгари сурилмоқда. Олий таълим соҳасидаги муносабатлар кейинги йилларда сезиларли даражада ривожланиб, янги босқичга кўтарилди. Бу ҳамкорлик икки мамлакат таълим тизимини модернизация қилиш ва халқаро майдонда интеграциялашувини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Малайзия университетлари билан илмий алоқаларни ривожлантириш ва талабаларга халқаро билим олиш имконини тақдим этмоқда. Ҳозир Ўзбекистон ва Малайзия олийгоҳлари ўртасида 94 та битим, шартнома ва келишув амал қилади. Бу ҳамкорлик фан ва таълим соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантиришга ёрдам беради.
Олий таълим соҳасидаги алоқалар икки давлатнинг стратегик манфаатларига хизмат қилиши билан аҳамиятли. Малайзиянинг инновацион таълим методлари ва халқаро тажрибаси ўзбекистонлик талабалар ва ўқитувчилар учун янги имкониятлар яратмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатдаги таълим сифати ва илмий салоҳиятни оширишга ҳисса қўшади. Шу боис, Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг 195 профессор-ўқитувчиси малака ошириш учун Малайзия олий таълим ташкилотларига юборилди. Ўз навбатида, Малайзия ҳамкор олийгоҳлари ва таълим ташкилотларининг 230 профессор-ўқитувчиси ўқув жараёнига жалб этилган. Малайзиянинг техникавий ҳамкорлик дастури (МТСP) доирасида 2016 йилдан буён Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг 200 дан зиёд (2024 йилда 15 нафар) профессор-ўқитувчиси тажриба алмашиш, стажировка ўташ, турли соҳалардаги ўқув курсларида иштирок этиш мақсадида Малайзияда бўлди.
Мамлакатимиз ёшлари учун Малайзия олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имконияти кенгайди. Айниқса, муҳандислик, ахборот технологиялари, тиббиёт ва менежмент соҳаларидаги таълим дастурлари талабалар ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Бундан ташқари, Малайзиянинг Ўзбекистондаги таълим форумлари ва кўргазмалари ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда. Бугун Ўзбекистоннинг 500 га яқин фуқароси Малайзия олий таълим муассасаларининг турли йўналишларида таҳсил олмоқда. Малайзия университетлари томонидан Ўзбекистон талабалари учун ажратилаётган грант ва стипендиялар ҳам таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан. Ушбу грантлар орқали кўплаб ўзбекистонлик ёшлар хорижий тажрибани ўрганиш ва келажакда ўз мамлакатида замонавий билимларни қўллаш имконига эга бўлмоқда.
Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, малайзиялик талабаларда ҳам йил сайин Ўзбекистонда таълим олиш истаги шаклланиб бораётир. Ҳозир “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Малайзия ёшлари таҳсил олмоқда. Шунингдек, ўзаро ҳамкорлик доирасида қўшма тадқиқотлар ва илмий анжуманлар ўтказилмоқда. Бу Ўзбекистондаги таълим тизими сифати хорижий давлатларда ҳам эътироф этилаётганини кўрсатади.
Икки давлат ўртасида кўплаб қўшма таълим дастурлари ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Талабалар алмашинуви дастурлари ва қўшма магистратура ҳамда докторантура дастурлари шулар жумласидан.
“Petronas” технология университети ва Қарши муҳандисликиқтисодиёт институти ўртасидаги ҳамкорлик натижасида 2023 йилда ўзбекистонлик 6 ўқитувчига “фахрий профессор” унвони берилди. Бухоро табиий ресурсларини бошқариш институти ва ИНТИ университети ҳамкорлигида “Моделлаштириш ва прототиплаштириш” маркази ташкил этилди. Шунингдек, ҳамкорлик доирасида қўшма таълим дастурлари ҳамда дуал таълим тизими жорий этилаётир.
Қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътироф этилади. Бу борада муҳандислик, ахборот технологиялари, тиббиёт ва менежмент соҳаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Бухоро муҳандислик-технология институти ва Линкольн коллеж университети ўртасида ташкил этилган қўшма таълим дастури доирасида менежмент йўналиши ва мутахассислиги бўйича талабалар 2+2 ҳамда 1+1 тизими асосида ўқишни давом эттирмоқда.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали ва Линкольн коллеж университети ўртасида “Рақамли иқтисодиёт” йўналиши бўйича қўшма таълим дастури ташкил этилган. Нукус давлат педагогика институти ҳамда Қорақалпоқ давлат университети каби таълим муассасаларида ҳам қўшма дастурлар доирасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.
Бугун юртимизнинг 4 та олий таълим муассасаси Малайзия университетлари билан ҳамкорликда 5 та бакалавриат таълим йўналиши ва 3 та магистратура мутахассислиги бўйича қўшма таълим дастурларини амалга оширмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар таълим туризмини ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда.
Қўшма таълим дастурлари таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан бирга икки мамлакат ёшлари ўртасида маданий ва ижтимоий алоқаларни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Истиқболда дуал таълим дастурларини ривожлантириш икки давлатнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этади. Бу тизим талабаларга назарий таълим ва амалиётни уйғунлаштириш имконини беради. Дуал таълим орқали талабалар замонавий билим ва кўникмалар баробарида соҳаси бўйича муайян тажрибага ҳам эга бўлади. Бу эса уларнинг келгусида иш билан таъминланиш имкониятини сезиларли даражада оширади.
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик доирасида олий муҳандислик мактабларини ташкил этишга истиқболли йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда. Олий муҳандислик мактабларининг асосий вазифалари замонавий талабларга мос равишда белгиланган. Улар, аввало, талабаларга танланган йўналиш бўйича чуқур ва замонавий билим бериш, илмий тадқиқот, таҳлилий, ижодий ҳамда мулоқот қобилиятини ривожлантиришни ўз ичига олган. Бу мақсадда таълим жараёни “4+1” шаклида ташкил этилиб, бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичларини ўз ичига олган комплекс тайёргарлик дастурлари жорий этилади.
Шунингдек, муҳандис-техник кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастурлари йўлга қўйилади. Ҳамкор корхоналар эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, юқори технологиялар ва кўп тармоқли ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қодир, жамоавий ишлай оладиган “муҳандис-тадқиқотчи” малакасига эга кадрлар тайёрлаш устувор вазифа этиб белгиланади. Таълим жараёнига етакчи маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар жалб қилинади. Ўқитишнинг замонавий усуллари, жумладан, лойиҳавий таълим, муаммоли ўқитиш технологиялари ва амалий тадқиқотлардан фойдаланиш режалаштирилган. Шунингдек, саноат муаммолари бўйича илмий тадқиқот ишларини бажариш, амалиётга йўналтирилган таълим дастурларини жорий этиш ва инновацион лойиҳалар устида ишлаш мақсад қилиб олинади.
Таълим стандартлари соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Малайзиянинг ўқитиш сифатини таъминлаш тажрибаси ҳам чуқур ўрганилмоқда. Ўқув дастурлари ва услубий материаллар алмашинуви йўлга қўйилиб, Малайзия олий таълим стандартлари Ўзбекистон олий таълим тизимига босқичма-босқич мослаштирилмоқда. Мазкур жараёнда инновацион таълим технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Икки давлат ўртасида илмий тадқиқот соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга молик. Қўшма илмий лойиҳалар, конференциялар ва семинарлар мунтазам ўтказилиб, илмий нашрларда ҳаммуаллифлик амалиёти ривожланмоқда. Малайзиянинг инновацион экотизим яратиш борасидаги тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистонда жорий этиш орқали стартаплар, технопарклар ҳамда инновацион кластерларни ривожлантиришга йўналтирилган ҳамкорлик фаол давом этмоқда. Хусусан, Малайзиянинг Фан, технология ва инновациялар вазирлиги билан бирга 2025 йилда 10 та устувор йўналишда амалий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар танловларини ўтказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, Малайзиянинг MRANTI маркази ва Тошкентдаги INNO технопарки ўртасидаги ҳамкорлик икки давлатнинг инновацион ривожланишида катта аҳамиятга эга. Бу ҳамкорлик замонавий технологияларни иқтисодиётга интеграция қилиш, инновацион ғояларни ривожлантириш ва халқаро бозор учун рақобатбардош маҳсулотлар яратишга қаратилган. MRANTI ва INNO технопарки ўртасидаги қўшма лойиҳалар тадқиқот инфратузилмасини яхшилаш, замонавий технологиялар ва робототехника, рақамли технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотларни амалга оширишга қаратилган. Бу ҳамкорлик Ўзбекистонда кўплаб стартап лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ва Малайзия технологияларини янги бозорларга муваффақиятли интеграция қилишга ёрдам бермоқда. MRANTI ва INNO технопаркининг биргаликдаги фаолияти икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга ва халқаро инновацион платформа яратишга хизмат қилмоқда. Бу ҳамкорлик Ўзбекистон ва Малайзия билан бирга минтақавий ва глобал ривожланиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда 2025 йилнинг Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили деб эълон қилиниши муносабати билан икки давлат ҳамкорлигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва углерод изини камайтиришга қаратилган тадқиқотлар бажарилиши кутилмоқда. Бу каби лойиҳалар доирасида қўшма илмий лабораториялар ташкил этиш, олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Малайзия олимлари ўртасида тажриба алмашинуви ва стажировкалар ташкил этилиб, илм-фан ютуқларини ўзаро бўлишиш жараёни йўлга қўйилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган “Малайзия ва Ўзбекистон: олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик истиқболлари” мавзусидаги семинар икки давлат университетлари ўртасида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ва талабалар алмашинувини ривожлантириш бўйича янги истиқболларни белгилашда муҳим ўрин тутди.
Малайзияда инновацион соҳага эътибор тобора кучайиб бормоқда ва бу борада сезиларли ютуқларга эришилмоқда, инновацион салоҳиятни оширишга йўналтирилган изчил сиёсат юритилмоқда.
Бундан ташқари, Малайзия етакчи таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорлик Ўзбекистонда олий таълим ва илмий тадқиқотларнинг сифати ҳамда самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Академик алмашинув ва қўшма таълим дастурлари орқали ҳар икки давлат талабалари, профессор-ўқитувчилари учун янги билимлар ва тажриба алмашиш имкониятлари яратилмоқда. Шу билан бирга, инновацион лойиҳалар ва технопаркларнинг ҳамкорлиги мамлакатлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга туртки бўлиб, глобал миқёсдаги тараққиётга янги имкониятлар очмоқда. Келгусида ҳам ушбу ҳамкорлик икки давлатнинг фан, таълим ва инновациялар соҳасидаги алоқаларини янада чуқурлаштириб, илмий-ижодий салоҳиятни оширишига ишонамиз.
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Бу нафақат таълим соҳасидаги алоқаларни, балки умумий маданий ва илмий муносабатларни ҳам мустаҳкамлайди. Келажак авлод учун янада кенг имкониятлар яратади.
Отабек МАҲКАМОВ,
олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари