Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ҳамда Ўзбекистондаги Гёте Институти ҳамкорлигида, Германия Академик алмашув хизмати (DAAD)нинг “Dhoch3” дастури асосида Рақамли тeхнологиялар даврида нeмис тилини ўқитиш мавзусида халқаро илмий-амалий онлайн конференция бўлиб ўтди. Конференцияда замонавий илм-фаннинг энг долзарб ва катта аҳамиятга эга бўлган илмий мавзулари, янги ўқув дастурлар, шу билан бир қаторда техник ва илмий ишланмалар хусусида сўз юритилди. 

Конференция аввалида илм-фан соҳасига доир, хорижий тилларни ўқитиш ва ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган бир қатор ишлар, хусусан мамлакатимизда немис тилини самарали ўқитишни йўлга қўйиш, инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда янги ўқув-услубий қўлланмаларни жорий қилиш, техник имкониятлар, замонавий методикага доир муаммолар ва долзарб масалалар муҳокама этилди.

Алоҳида шўба йиғилишларида конференциянинг асосий йўналишлари бўйича Гeрмания, Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг мутахассислари ва реферантлари томонидан бир қанча илмий мавзудаги маърузалар тингланди. Ушбу йўналишлар узлуксиз таълим тизимида немис тилини ўқитиш дастурлари ва рақамли технологиялар, умумий ҳамда касбга йўналтирилган немис тилини ўргатиш ва шу бўйича педагог кадрлар малакасини ошириш тизимини мустаҳкамлаш каби масалаларни ўз ичига олган эди. Маърузалар сўнгида ушбу масалалар бўйича баҳс ва мунозаралар ўтказилди.

Анжуман ниҳоясида, Германиянинг энг илғор нашриётлари виртуал китобларини кўргазмаси бўлиб ўтди. Бунда бир қатор немис тили мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, магистр ва мустақил ўрганувчилар иштирок этди.

Гули Сорахон ЭРГАШЕВА

Хорижий тиллар бўйича билимни баҳолаш,

сертификатлаштириш ва рейтингни юритиш бўлимининг бош мутахассиси