Ўзбекистон нафақат кўп миллатли давлат, балки чет эл фуқаролари таълим оладиган масканга айланиб бормоқда. Бугунги кунда юртимизда 4730 нафар хорижлик талаба турли йўналишларда таҳсил оляпти. Улар ўртасида ўзбек тилида сўзлашишга қизиқиш ортиб, аксарияти забонимиздан мулоқот воситаси сифатида кенг фойдаланаётгани жуда қувонарли ҳол.
Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сана — 21 октябрь — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан ташкил этилаётган турли тадбирларда тилимизни иштиёқ билан ўрганаётган чет элликлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Бу жиҳат Тошкент давлат иқтисодиёт университети ташаббуси билан юртимизда илк бор хорижий давлат фуқаролари бўлган талабалар ўртасида ўтказилган “Ўзбек тилида нотиқлик санъати” кўрик-танловида ҳам яққол намоён бўлди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида бўлиб ўтган кўрик-танловда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа давлатлардан келиб мамлакатимиз олий ўқув юртларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар қатнашди.
Улар орасида Тошкент давлат шарқшунослик университетининг 2-босқичида таълим олаётган хитойлик Е Ханвен ҳам бор. Ўзбекистонда ўқиш учун грантни қўлга киритган бу йигит ўзбек тилини ўрганишни бир йил аввал бошлаганига қарамай, она тилимизда эркин сўзлаша олади. Айниқса, Алишер Навоий ғазаллари, Эркин Воҳидов шеърларини меҳр билан ўқиши кўпчилик ҳамюртларимизни ҳайратга солади. У келгусида хитойлик талабаларга ўзбек тилидан дарс беришни мақсад қилган. Сўзга чечан йигит танловда 2-ўрин соҳибига айланди.
— Ўзбек тилига қизиқишим тасодифан пайдо бўлмаган, — дейди Е Ханвен. — Пекин чет тиллар университетида ўқиётганимда бизга ўзбек тили дарси ўтилар эди. Ўшанда фан устозимнинг дарс ўтишлари, бу тилнинг ўзига хос жозибадорлиги менда катта таассурот қолдирган. Ҳозир ҳам ўзбек тилида сўзлашиш мен учун жуда қизиқарли. Битта сўзнинг кўплаб синонимлари мавжудлиги, кайфият, ҳолатга қараб турли сўзларни қўллаш имконияти менга жуда ёқади. Тўғри, ўзбек тили хитой тилига деярли ўхшамайди, аммо кучли истак ва қунт бўлса, бу тилни яхши ўрганиш мумкин экан.
Кўрик-танловда ҳар бир талаба ўзининг ўзбек тилида сўзлашиш қобилиятини нафақат равон нутқи билан, балки халқимиз оғзаки ижодидан сара намуналарни келтириб ўтиши орқали ҳам намоён этди. Жумладан, америкалик Картер Халлнинг эса ўзбек тили шеваларини ўрганишга иштиёқи баланд. Бу борада айрим изланишларни ҳам бошлаб юборган. У Тошкент шевасида гапириши билан барчани ҳайратга солади. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида таҳсил олаётган бу йигит танловда 1-ўринга лойиқ кўрилган талабалардан бири бўлди.
Танлов шартлари хорижлик талабаларга у қадар қийинчилик туғдирмади. Ўзбек тилини маълум муддат давомида ўрганиб келаётган ёшларнинг биринчи шартда она тилимизни қанчалик даражада билиши, орфоэпик тўғри талаффузи, нутқи ва танланган мавзуни ёритиб бериш маҳорати синовдан ўтказилди. Иккинчи шартда эса иштирокчилар тарих, адабиёт, ўзбек миллий урф-одатлари тарғиб қилинган, ижодий ёндашилган тақдимотларини намойиш қилди. Ҳар бир тақдимот ҳакамлар томонидан ижобий баҳоланди. Шундай бўлса-да, танлов талабига кўра, энг юқори балл тўплаган талабалар орасидан 3 нафардан биринчи, иккинчи ва учинчи ўринлар ғолиблари аниқланди.
— Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимиз ҳаётидаги муҳим ҳодиса, мустақилликка эришиш йўлидаги катта одимлардан бири бўлгани шубҳасиз, — дейди ТДИУнинг Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Дилшоджон Раҳмонов. — Бу она тилимизнинг бор гўзаллигини намоён этиш баробарида, тарихий илдизларини ўрганиш, илмий асосда ривожлантиришга йўл очди. Бугунги кунга келиб, ўзбек тили хорижликларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Юқоридаги каби танловларни ўтказишда ҳам юртимизда яшаб, таҳсил олаётган чет эллик талабалар ва фуқаролар ўртасида ўзбек тилига ҳурмат ва муҳаббат туйғуларини оммалаштириш, бошқа миллат вакилларига она тилимизни ўрганишларида яқиндан ёрдам беришни мақсад қилганмиз.
Хорижлик ёш дўстларимиз ўзбек тилида гўзал куй-қўшиқлар ижро этишни ҳам хуш кўради. Кўпчилиги севимли шоирларимизнинг қатор шеърларини ёддан билади. Улар келгусида тил воситаси орқали мамлакатларимиз ўртасидаги маданият, санъат ва бошқа йўналишлардаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишига ишонамиз.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири