Халқаро кузатувчини Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказувчи 8-Сирдарё округ сайлов комиссияси раиси Ж.Нуритдинов кутиб олиб, вилоятда олиб борилаётган сайловга тайёргарлик ишлари, округ сайлов комиссияси ва 284 та участка сайлов комиссиялари тўғрисида маълумотлар берди.

Сайловда вилоятдаги участка сайлов комиссияларида 3 511 нафар аъзо фаолият юритади. Уларнинг 2 546 нафари илгари ҳам сайловларда иштирок этган, 1 646 нафари аёллар, 718 нафари 21-30 ёшдаги йигит-қизлардир. Комиссия аъзоларининг 524 нафари ўзини-ўзи бошқариш органлари, 129 нафари ҳуқуқшунослар, 2 922 нафари педагоглар ва бошқа соҳалар вакиллари бўлиб, барчаси сайлов қонунчилигидан хабардор фуқаролардир.

Халқаро кузатувчи Гулистон шаҳрида жойлашган 15, 19, 20-сайлов участкаларида бўлди. Сайловга ҳозирлик доирасида олиб борилаётган ишлар, пандемия шароитида сайловчи ва кузатувчиларга яратилган қулайликлар билан танишди. Участка сайлов комиссия раислари билан суҳбатлашди, деб хабар беради Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

– Сирдарёда мен 2019 йилги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этганман. Бу қисқа даврда вилоятда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигининг гувоҳи бўлдим. Президент сайловига ҳам юксак даражада тайёргарлик кўрилганлигининг шоҳиди бўлдим, –дейди МДҲ сайловларни кузатиш миссияси штаби бошлиғи Евгений Козяк. –Ўтказилаётган сайлов нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ мамлакатлари ва халқлари учун ҳам аҳамиятлидир.