Яқинда пойтахтимизнинг Сергели, Чилонзор ва Учтепа туманларидан келиб бир ҳафта давомида махсус ўқув тренингларида қатнашган 50 нафарга яқин хотин-қизларга махсус ўқув курсини битирганлик тўғрисидаги сертификат ҳамда имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи дипломлар топширилди. Улар бу сертификат билан энди банклардан имтиёзли кредитлар олиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишлари мумкин.
Сертификат соҳиблари, асосан, ишсиз, руҳан тушкунликка тушган, молиявий жиҳатдан қийналган хотин -қизлардан иборат.
—Ўқув курсларимиздан хабар топиб, излаб келишаётгани қувонарлидир, — дейди марказ раҳбари Вазира Йўлдошева. — Сертификат олганларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. Уларнинг иқтидори ва интилишини кўриб хурсанд бўлдим.
Кейинги тренинг- машғулотларимизда асосан ёш йигитларни ўқитишни режалаштиряпмиз. Эркак киши ҳунарли бўлиши керак. Биз ўшанда жуда кўп муаммоларнинг олдини олган бўламиз. Аёллар ишбилармонлиги билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш асносида банд бўлмаган хотин-қизлар учун махсус тренинг ўқувлари ҳажмини янада кенгайтиришни мақсад қилдик.
Марказ томонидан ташкил этилаётган махсус тренинг- машғулотларида хотин-қизлар пул топиш, ишлатиш, тежаш ҳамда маблағни мақсадли сарфлаш бўйича ўз билимларини оширадилар. Тадбиркорликка хос бўлган психологик тайёрлов курсларини ўтайдилар.
Тошкент шаҳар хотин-қизлар тадбиркорлик марказига ёшларнинг кўп мурожаат қилаётгани бежиз эмас. Чунки марказда ёшлар тадбиркорлиги бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, маҳалла ва таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бундай аниқ манзилли ишлар ўз самарасини бермоқда.
Тошкент шаҳар аёллар тадбиркорлик маркази матбуот хизмати.