Улар учун Тошкент вилояти транспорт бошқармаси томонидан “Ютонг” номли энг сўнгги русумдаги автобуслар ажратилди. Барча шароитларга эга бўлган транспорт воситасида Нурафшон шаҳридан пойтахт томон йўл олинди. Фахрийларнинг кўзларидаги қувончни, шукроналик ҳиссини пайқаш қийин бўлмади. Чунки ҳар бир кекса отахон ва онахонлар қайсидир соҳада бўлмасин, Тошкент вилоятининг ривожига муносиб ҳисса қўшган.
Иккинчи жаҳон урушида қатнашган жигарлари, қариндош-уруғлариинг аччиқ, лекин ҳақиқатга тўла армонлари, кечинмаларини бир-бирларига тўлиб-тошиб сўзлаб беришга ҳаракат қилишди. Шу тарзда режадаги масканга етиб бориб, у ердаги манзарани кўришиб, кўзларида ёш халқди. Тошкент вилояти фахрийлар кенгаши томонидан Зулфия она ҳайкали пойига гулчамбар ва баҳорги анвойи гуллар қўйилди. Шундан сўнг улар кўтаринки кайфиятда Шон-шараф музейига ташриф буюришди. Экспонатларни кўриб, яшаб турган кунларнинг қадрига етиш кераклигини уқтиришиб, ёшларга ўрнак бўладиган жиҳатлар хусусидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Музейда барча фахрийлар иштирокида “Хотира азиз, хотира-муқаддас” мавзуидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Эсдалик расмлар, хотиралар тарихга муҳрланди. Шундан сўнг Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган “Хумо” тўйхонасида тайёрланган ифторлик дастурхонида жам бўлишди.
Фахрийларни Тошкент вилояти ҳокими Доврон Ҳидоятов чин дилдан қутлаб, уларнинг тажрибаларини ўрганиш лозимлиги ва ҳар бирларининг маҳорати вилоятимиз тараққиётида ибрат мактаби вазифасини ўташини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Вилоятимизнинг табаррук инсонларини элимиз суйган санъаткорлари ҳам қутлашди. Тадбир сўнггида уларга байрам совғалари улашилди. Анжуман барчанинг ёдида узоқ вақт сақланиб қолиши шубҳасиз.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
"Янги Ўзбекистон" мухбири