Ўзбек халқи азал-азалдан тинчликсевар халқдир. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз борки, тинчликнинг қадри тарғиб этилиб, уруш эса батамом қораланади.

9 майни мамлакат миқёсида “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди. Зеро, бизда хотира муқаддас, қадр эса азиздир.

Ушбу кун муносабати билан Марказ томонидан Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманининг Сайрам маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортида меҳнат қилган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари аниқланиб, уларга совға - саломлар улашилди.

— Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда кенг нишонланадиган айём. Бу куни нафақат ўтганлар эсланади, шу билан бирга ўзининг меҳнати, шижоати билан Она Ватан равнақи ва ривожига ҳисса қўшганлар ҳамда ён-атроф, маҳалларимиздаги кекса авлод вакилларидан ҳол-аҳвол сўралади. Меҳр-оқибат бизнинг энг олий қадриятларимиздан биридир, — дейди Марказ умумий бўлим бошлиғи Жобир Фозилов.

Таъкидлаш жоизки, Иккинчи жаҳон уруши даврида кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшган. Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шу билан бирга, уруш даврида республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланди. Айниқса, юртдошларимиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган 1,5 миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва ёш гўдакларни бағрига олиб, оғир дамларда уларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатган.

Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат машаққатларини чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.

Аккредитация маркази Сайрам маҳалласи ҳудудида жойлашгани сабаб фуқаролик йиғини вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Байрам арафасида ҳам улар биргаликда ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган бир гуруҳ фуқаролар билан учрашиб, уларнинг кўнглини олдилар.

— Бу каби эътибордан бошимиз кўкка етди. Марказ бизнинг ҳудудда жойлашгани сабаб, турли байрамларда улар томонидан маҳалламизга катта эътибор қаратилади. Мана, бугун ҳам яна бир эҳтиромдан ҳурсанд бўлдик, — дейди Сайрам маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Л.Лаврина.

Эслатиб ўтамиз, 1999 йилдан эътиборан Ўзбекистонда 9 май - Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг миқёсда нишонланади.