Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсиш нуқталаридан бири, аҳоли бандлигини таъминлашнинг катта манбаига айланди. Шу боис, юртимизда бу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, Президентимизнинг фармон ва қарорлари асосида барча зарур шароитлар яратиб бериляпти. Энди, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ишни тўғри ташкил этиб, янги корхоналар очилиши, уларнинг яшовчанлиги, маҳсулотлар ҳажми, яратилган иш ўринлари бўйича амалий натижаларга эришиши керак.
Давлатимиз раҳбарининг мутасадди раҳбарлар олдига қўяётган талаби ҳам шундай, аслида. Жорий йилнинг 8 апрель куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз яна бир бор қуйи поғонадаги раҳбарлар тадбиркор билан дўст бўлиши, уларни қўллаб-қувватлаши лозимлигини таъкидлади.
Мамлакатимизда бу йўналишда олиб борилаётган катта ислоҳотларга қарамай, ҳудудларда ҳамон тадбиркорликни кенг ташкил этиш бўйича муаммо ва камчиликлар борлиги танқидий таҳлил қилинди. Вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари олдига қисқа фурсатда ҳар бир туман кесимида тадбиркорлар билан ишлаш тизимини аниқ ҳисоб-китоблар асосида қандай ташкил этиш, ўз ҳудудида қайси тадбиркорлик йўналишлари ривожлантирилиб, нечта янги лойиҳалар ишга туширилиши, бу орқали қанча аҳолининг бандлиги таъминланиши, йил охиригача нечта солиқ тўлайдиган тадбиркорлар пайдо бўлиб, бюджетга қанча қўшимча маблағ тушишига оид аниқ ҳисоб-китобни тайёрлаши вазифаси қўйилди.
Ҳудудларда тадбиркорликни жадал ривожлантириш бугунги кунда долзарб масалага айланган. Бунда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлашнинг асосий омили экинини ислоҳотларнинг ўзи кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари ҳар бир вилоят, туман, маҳаллада тадбиркорлар сонини кўпайтириш, уларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларига ечим топишга кўмаклашиш бўйича мутасаддилар олдига қатъий вазифа қўяётгани боиси ҳам шунда.
Ўтган йилнинг 24 сентябрида Президентимиз раислигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимизда биринчи марта туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилиб, таҳлиллар асосида улардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати “яхши”, “ўрта” ва “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилиши белгилаб берилган эди. Ўшанда республикадаги 33 та туман қизил ҳудудга тушгани таъкидланган. Улар орасида Ховос тумани ҳам бор эди.
Рейтинг натижалари таҳлил қилинганида, туманимиздаги айрим йўналишлар, хусусан, аҳоли жон бошига тўғри келадиган саноат маҳсулотлари, хизмат кўрсатиш, экспорт, тўғридан-тўғри инвестициялар кўрсаткичи пастлиги ҳамда тадбиркорларнинг яшовчанлик мудати қисқа эканлиги маълум бўлди. Ана шу камчиликларни бартараф этиш ҳамда туманни “қизил” ҳудуд тоифасидан “яшил” ҳудудга ўтказиш бўйича сектор раҳбарлари бошчилигида ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, йўл хариталари ишлаб чиқилди. Халқ депутатлари туман кенгаши муҳокамасидан ўтгач, бу йўл хариталари асосида тегишли ишларни амалга оширишга киришдик. Ижрони таъминлаш юзасидан ҳар бир соҳа бўйича бажариладиган ишлар белгилаб олиниб, уларга ижтимоий-иқтисодий комплекс ташкилотларидан 120 нафар ходим тегишлилиги бўйича бириктирилди.
Ҳар бир йўналиш кесимида таҳлил қилганимизда, туманда саноат маҳсулотлари ҳажми 2019 йилда 98 миллиард 334 миллион сўмни ташкил қилиб, аҳоли жон бошига 1 миллион 40 минг сўмга тўғри келгани, вилоят саноатидаги улуши 3,7 фоизни ташкил этгани аниқланди. Бу борада етарли натижага эришиш мақсадида қиймати 225,5 миллирад сўмлик 11 та саноат ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилиб, паст қувватда ишлаётган 15 та саноат корхонасининг қувватлари оширилди. Натижада жами саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 202 миллиард сўмни ташкил этишига, аҳоли жон бошига эса 2 миллион 104 минг сўмдан тўғри келишига эришилди.
Масалан, тумандаги “Textile Fashion” МЧЖга айланма маблағ ҳамда хомашё сотиб олиш учун вилоят Ипотека банкидан 2 миллирд сўм кредит ажратиб берилди. Натижада 850 минг АҚШ долларига тенг трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, қўшимча 70 та янги иш ўрни яратилди.
Яна бир йўналиш — хизматлар ҳажми 2019 йилда 101 миллиард 42 миллион сўм атрофида бўлиб, аҳоли жон бошига 1 миллион 68 минг сўмга тўғри келган. Ушбу йўналишда умумий қиймати 11,4 миллиард сўмлик 16 та янги лойиҳани амалга ошириш ҳисобига йиллик хизмат кўрсатиш ҳажми 10,9 миллиард сўмга ошди. 33 та корхона фаолияти тикланди. Жумладан, "Mustang-trans-2020" МЧЖ ва "Trans-omad-2020" МЧЖлар томонидан транспортда юк ташиш хизматини ташкил қилиш учун шаҳарлараро лицензия олиб берилиши натижасида 2020 йил якуни билан 1,2 миллиард сўмлик транспорт хизматлари кўрсатилди. Бунинг натижасида туманда хизматлар ҳажми 123,5 миллирд сўм ёки ўсиш суръати 122,2 фоизга етказилди.
Туманда экспорт ҳажми ҳам нисбатан паст даражада эди. 2019 йил якуни билан бу борадаги кўрсаткич 4 миллион 988 минг долларни ташкил этиб, аҳоли жон бошига 53 доллардан тўғри келган. 9 та корхонани экспорт фаолиятига жалб этиш эвазига ўтган йил якуни билан жами 13 миллион АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Режа 120,6 фоизга бажарилди. Аҳоли жон бошига 136,1 АҚШ доллардан тўғри келди.
Тўғридан-тўғри инвестициялар эса ҳисобот даврига нисбатан 136 фоизга бажарилиб, 10 миллион АҚШ долларига етди. 2020 йилда 266,1 миллиард сўмлик тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилиб, аҳоли жон бошига 2 миллион 813 минг сўмдан тўғри келди ёки 2019 йилга нисбатан 163,9 фоизга ўсишга эришилди.
Туманда ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорликни ривожлантириш сифат кўрсаткичларини ошириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Фаолият кўрсатмаётган 244 та тадбиркорлик субъектига иқтисодий комплекс ташкилотлари ҳодимлари бириктирилди ва улар томонидан солиқ идораларига ҳисоботлар тақдим этилиши таъминланди. Туманда 2019 йилда 286 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатган бўлса, ҳозир уларнинг сони 780 тага етди.
Бу натижаларга эришишда, биринчи навбатда, ҳар бир тадбиркор билан алоҳида, мижозбай ишлаш яхши самара берди. Амалга оширилган ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилиб, йил якуни билан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 450 нафар фуқарога имтиёзли кредит ажратиш орқали оилавий тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Учқун КАМОЛОВ,
Ховос тумани ҳокими