27 сентябрь Ўзбекистон Республикаси ТИВ ҳузуридаги Дипломатик сервис хизмати мамлакат маданий ҳаётида ҳақиқий анъанага айланиб улгурган фестивал ўтказди.
Ушбу фестивалда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган йигирмадан ортиқ элчихона вакиллари иштирок этди.
Элчихона ходимлари ўзларининг ошпазлик истеъдодларини намойиш этган ҳолда, фестиваль иштирокчиларига ўз мамлакатларининг таомларини, шу жумладан, миллий ошхоналарига мансуб бўлган экзотик лаззатларни тақдим қилишди.
Бундан ташқари, фестивалда дунёнинг турли бурчакларидан анъанавий миллий рақслар, мусиқа ва либослар намойиш этилиши асносида унутилмас байрам муҳити яратилди.
“Маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивали” дунёнинг турли халқлари маданияти ва урф-одатлари билан танишиш, уларнинг таомларидан баҳраманд бўлиш учун ноёб имкониятдир. Ҳар йили фестиваль тобора оммалашиб бормоқда ва ўзига кўплаб меҳмонларни жалб қилмоқда. Бу ўз навбатида тадбирнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналар орасидаги муваффақияти ва аҳамиятини тасдиқлайди.
Хусусан, фестивалда Жазоир, Беларусь, Бангладеш, Грузия, Миср Араб Республикаси, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Эрон, Индонезия, Руминия, Тожикистон, Украина ва Бирлашган Араб Амирликлари Элчихоналари ҳамда “WIEDERGEBURT” Ўзбекистон немис маданий маркази, Корея маданий маркази, Татар маданий маркази иштирок этди.
Ҳаким Тоҳир олган суратлар