2023 йил 11 июль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда жорий йил 9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Президент сайловида сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 15,6 миллиондан зиёди ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, ўзи муносиб деб билган номзодга овоз берди.

Мажлисда Президент сайлови якунлари бўйича баённома тузилди ҳамда сайлов натижаларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Жумладан, сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 87,05 фоиз овози билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайлангани тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, баённомада Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Робахон Маҳмудовага сайловчиларнинг 4,43 фоизи, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовга 4,02 фоизи ва Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Ҳамзаевга 3,74 фоизи овоз бергани акс эттирилди.

Мажлисда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Баҳор Хидирова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири